Қаландар бахши жўшиб айтади, эл дардини қўшиб айтади

4_01

Хоразм вилояти

1951 йили Хивага қариндошлариникига тўйга келган аёлнинг кўзи ёрийди. Ўғил бола дунёга келади. Суюнчи олгани Шовотга хабарчи жўнатилади. Чақалоқ чаққон, соғлом бўлсин деб унга Рўзимбой, деб исм қўйишади. Аммо етти кунлик  чақалоқни чилладан чиқаришётан пайтда аёллар бошидаги бир тутам кокилини кўриб ҳайратдан ёқа ушлашади. Бу не синоат, бу не мўъжиза. Дарҳол ўша даврнинг катта эшонларидан Машарифжон пирга чақалоқни кўрсатишади. Шунда у киши:

– Бола асли исми билан туғилган экан. Унга Қаландар деб исм  қўйишингиз керак, дейди. Шу-шу бўлғуси бахши ҳужжатда Рўзимбой, эл ичида Қаландар Норматов бўлиб танилади…
Бола бахши (Қурбонназир Абдуллаев) қўлида дутори билан берилиб достон айтмоқда. Атрофда тумонат одам. Ҳамманинг нигоҳи бахшига қаратилган. Бахши гоҳ Бозиргонни таърифлаб, гоҳо Гўрўғлининг мардлигини баён этиб одамларни сеҳрлаб қўйган эди. Достон эшитиш учун оталари билан келган болалар аллақачон отасининг тиззасига бошини қўйиб ухлаб қолган. Аммо тоғаси билан достон эшитишга келган етти яшар Қаландаргина достонни жон қулоғи билан тинглаб ўтирарди. Бахши чарчадими ёки  одамларни достонга қизиқтиришнинг йўли шундайми достонни энг қизиқ жойига келганида  “Жўралар, достоннинг давомини эртага Саиджонникида эшитасизлар” деб дуторини халтасига солиб одамлар билан хайрлашди.
Қаландар эртаси куни кеч бўлишини сабрсизлик билан кутарди. Чунки достон қаҳрамонлари  ва ундаги воқеалар унга асло тинчлик бермаётганди. Ниҳоят кеч тушиб ҳамма Саиджонникига йиғила бошлади. Бола бахши қўлига дуторини олиб, достонни келган жойи­дан давом эттирди…
Шу-шу Қаландарнинг халқ достонларига ишқи тушди. Унинг кўзига Бола бахши гоҳ довюрак Гўрўғли тимсолида кўринса, гоҳ девсифат Бозиргон бўлиб кўринарди.
Ўттиз ёшида болалигидаги халқ достонларига ҳавас уни Хоразмнинг машҳур бахшиси Бола бахшига шогирдликка тушишга етаклайди. Ўша давр­ларда Бола бахши 80 ёшда бўлиб, ўғли Норбек билан биргаликда достон куйларди.
Бола бахши Қаландарга “Гўрўғли”, “Бозиргон”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” каби халқ достонларининг айтим йўлларини ўргатди.
Қаландар бахши Норматов 1984 йилда Шовотда “Авазхон” фольклор этнографик ансамблини ташкил қилди. Қизғин ижод эвазига ансамбль довруғи бутун республикамиз бўйлаб ёйилди. Жуда кўплаб кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритди. 1995 йили “Авазхон” халқ ансамбли мақомини олди. Фарзандлари Ферузбек, Достонбек ва Машҳурбекларни ҳамда бошқа халқ оғзаки ижодига қизиқувчи истеъдодларни жамлади. Мана 35 йилдирки ушбу ансамбль, халқ хизматида. 2004 йилда бахшичилик йўналиши бўйича ўтказилган танловда Гран Прига сазовор бўлган бўлса, бу йил Сурхондарёда ўтказилган “Бойсун баҳори” фольклор фестивалида биринчи ўринни олишга эришди.
Бахши “Авазхон”, “Бозиргон”, “Хирмондали”, “Гулойим-­Эрҳасан”, “Кампир”, “Қирқ минглар”, “Ошиқ Маҳмуд”, “Ошиқ Ғариб”, “Сайёд-Ҳамро” каби  достонларни маромига етказиб куйлаш орқали эл олқишига эришиб келаётир.
Шунча йиллик ижодий изланишлар, туну кун қилинган меҳнатлар ўз самарасини берди. 2001 йилда Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси унвонини олган Қаландар Норматов бу мукофотнинг юки оғирлигини қалбдан ҳис қилди. Янада кўпроқ изланиш, янгидан-янги достонлар куйлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Кўплаб мамлакатларда ижодий гастролларда бўлиб қайтди.
Ўғли Ферузбек ҳам ота изидан бориб муваффақиятларга эришди, халқ меҳрини қозонди. 2002 йили “Ниҳол” мукофотини қўлга киритди.
Республикамизда олтита достончилик мактаби бор. Ана шу достончилик мактаблари ичида Хоразм достончилик мактаби ўзининг ижро услуби, жозибадорлиги билан ажралиб туради. Ушбу мактабнинг асос­чиларидан бири Бола бахши бўлса, Қаландар Норматов ва Бола бахшининг фарзандлари ана шу мактаб давомчиларидир.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.