«…АНГА БИР НУҚТА КЎП БЎЛСА ЗИЁНДУР»

4_internet

Бугун интернетнинг афзалликлари, самараси ҳақида ортиқча изоҳ бериб ўтиришга зарурат йўқ. Аммо сўнгги вақтларда кузатилаётган, айнан ижтимоий тармоқларда йўл қўйилаётган имло хатолари анча глобаллашди. Ижтимоий тармоқларда ҳеч қандай чекловлар йўқ. Бу эса, ўз навбатида, ижтимоий “гурунгбоз” гуруҳларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Бу каби суҳбат жараёнларида бирор янгилик ҳақида бошқалардан кўра аввалроқ воқиф бўлиш мумкин. Бироқ одамнинг саводхонлик даражаси, ички маданияти, энг асосийси, тилга муносабати рисоладагидек эмаслиги маълум бўлиб қолади. Масалан, ижтимоий сайтлардан фойдаланадиган ҳар бир киши яхши биладиган, кўз ўрганиб кетган “сўз шакл”лари пайдо бўлди. Хусусан, “хе4qisi y6q” (ҳечқиси йўқ), “ок” (“яхши, зўр” маъносида), “хор” (хўп) ва бошқалар. Шевадаги сўзларни-ку айтмай қўяқолайлик. Баъзи ёзишмаларда шу қадар чигаллик­лар юзага келадики, айрим сўзларни тушуниб олиш учун бош қотиришга тўғри келади: ажи-бужи, кирилл ва лотин ҳарфлари аралаш-қуралаш қилиб ёзилган, ҳарфлар билан рақамлар баравар ишлатилган бўлади. Хуллас, интернетда бугун “ўзига хос алифбо” юзага келди.
Ҳозирги кунда интернет сайтларидан фойдаланиш ёшларнинг кундалик юмушига айланиб қолди. Улар тарбияни ҳам, фикрлашни ҳам мана шу интернет орқали  ўрганиб боряпти. Буни глобаллашувнинг оддий талаби, десак бўлаверади, менимча. Лекин танганинг икки тарафи бор. Улар ишни тезгина битириш учун хатоларга эътибор бермайди. Ваҳоланки, замонавийлик илм олишга салбий таъсир этиши керак эмас. Ахир инсоннинг билим савиясини ёзуви ҳам кўрсатиб туради-ку! Чиройли фикрлар чиройли имлода ифодаланганига нима етсин!
Яқинда ижтимоий тармоқларнинг бирида “дўст”имизнинг ҳикоясига кўзим тушди. Мавзу яхши танланган, маъноси ҳам ёмон эмас. Аммо ундаги имловий хатолар маъно тугул сўзни ҳам “ўчириб, еб юборган”дай. Бу вазиятдан кўз юмиб кетолмадим. Ўша ҳикояни компьютеримга кўчириб олдим-да, имло хатолари тузатилган вариантини унга қайта юбордим. Бироз вақт ўтиб, ундан хабар келди: “Ҳижолатдаман, ўрганаётганимдан эса мамнунман. Буни биринчи дарс, деб ҳисоблайлик…”.  Аввалига ҳайрон бўлдим, ўзи ёздимикан деб. Чунки унинг бу жавоб хатида ҳеч қандай хатога йўл қўйилмаган эди. Демак, у танбеҳдан ўзига тўғри хулоса чиқарган. Аслида, адабий тил имлосини кўпчилигимиз биламиз. Амал қилиш керак бўлганда, негадир, имло қоидаларисиз ёзишни маъқул кўрамиз. Бу эса тўғри эмас. Кўз ва хотирани барча жиҳатдан тўғри ёзилган сўзларга ўргатиш машқи! Тўғри, кўпчилик, хусусан, ёшларимизнинг бунга хоҳиши бўлса ҳам имкони бўлмаслиги мумкин. Сирасини айтганда, ижтимоий тармоқларда ҳам тил ва имло мактабларини тўғри йўлга солсак, тилимизнинг қиймати, софлиги, адабийлиги оғзаки сўзлашув жараёнларида ҳам ўз ўрнини топган бўлар эди. “Одамнинг оғзи худди ўранинг ўзгинасидир, ундан чиққан сўзлар дон каби сочилиб кетади”, дейди Юсуф Хос Ҳожиб.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, ижтимоий тармоқларда ҳам, оддий суҳбатлар ва ёзишмаларда ҳам тилимиз софлигини асраб-­авайлаб, унинг бор гўзаллигини намоён этайлик. Бунинг учун эса буюк бобокалонларимизнинг асарларини ўқийлик, ўрганайлик. Зеро, Сўфи Оллоёр айтганидек,
Калити ганжи маъниким забондур,
Анга бир нуқта кўп бўлса зиёндур.

Нодира НАЗАРОВА