ҚАЙСИ БИРИ ЗАРАРЛИРОҚ

Бугунги кунда тўйларимиз ва улардаги дабдабабозликлар ҳақида кўп ёзиляпти. Тўйларимизнинг бу томони ҳақида танқидий фикрлар кўп айтиляпти. Аммо, тўйларимиздаги кучли овозлар ҳали кўпчиликнинг муҳокама доирасидан ташқарида қолиб келмоқда. Бу тўйлардаги шовқин ва унинг инсон руҳиятига қанчалик салбий таъсири бор. Тўйлар бугун Тошкент ва бошқа бир қанча вилоятларда карнай-сурнай  товушлари билан бошланади. Бу, шубҳасиз, ўтмишда аҳолини тўйга чорлов, тўй бўлаётганлигидан, хушчақчақликдан дарак берувчи вазифани ўтаган. Кейинчалик бу тўйнинг, базмларнинг зийнати ҳам бўлиб қолди.

Ҳозирги тўйлар, асосан, тўйхоналарда ўтяпти, маҳаллада ёки тўй соҳибининг уйида эмас. Бу эса тўйхоналарнинг олдида карнай орқали ҳар куни ушбу тўйхона атрофида яшовчи одамларга ноқулайликлар туғдирмоқда. Негаки, ҳозир жар солишга, илгаригидек “фалончининг уйида тўй бўляпти”, дейиладиган хабар етказишга эҳтиёж йўқ.
Тўйхонанинг ичида-чи? Ўнтагача карнайда одамларнинг қулоғини таранг қилиш, меҳмонларнинг тўйга келганига пушаймон қилдириш, уларнинг соғлиғига катта зарар етказишдан бошқа нарса эмас. Бу “одатни” карнайчилар кўпроқ пул ишлаб олиш учунгина ўйлаб топишди, десак хато қилмаймиз. Чунки ўзбек халқининг тарихида ёпиқ, овоз кучайтирилган бинода одамлар қулоғини тагида ғат-ғат қилиш ҳолати илгари учрамаган, урф бўлмаган. Тўй давомида бўладиган мусиқа “дастур” ҳам бундан кам эмас. Ота-боболаримиз бу қадар, яъни қулоқни қоматга келтирадиган овоз, мусиқа тингламаган. Шарқ мусиқасининг бир яхши хусусияти шундаки, уни эшитган киши оҳиста чайқалиб, мароқ олиб эшита бошлайди. Бу ҳолат “Қуръон” тиловатида ҳам шундай. Ғарб мусиқасида эса бутунлай бошқа ҳол. Уларда ритмика устун таради ва ғарб мусиқасини тинглаган киши секин-аста жазавага туша бошлайди.
Энди шовқиннинг инсон руҳига таъсир омилини эканлигини инобатга олайликда мана шу шовқиннинг кучайиши одамларни атайлаб жазава ҳолатига олиб келишини кимга наф келтиришини хулосалайлик. Жазавага тушган одам ўз қилаётган ишини руҳан назорат қилиш даражасидан чиқиб, руҳий назоратини йўқота бошлайди. Бундан бир соат олдин чўнтагидаги пулдан ўз оиласига бир фойдали нарса харид қилишни ўйлаб ўтирган одам, бу жазава таъсирида фикран бошқа одамга айланади. Демак, у кўпроқ, атроф­дагиларга, мусиқачиларнинг фойдасига  пуллар сочиш ҳолатига келади.
Шундай экан, тўйлардаги шовқин ва унинг зарарини тасаввур қилиш учун биринчи ўринда инсон жисмига шовқин меъёри таъсирини кўрайлик. Бу фанда кундузи 55 ДБ гача, кечаси 40 ДБ деб белгиланган. Албатта, биз давр технологиясига, техника тараққиётига анчагина мослашиб, атрофдаги шовқинларга ўрганиб қолганмиз ва шунинг учун машина сигнали кундузи 80 ДБ бўлишини ҳам оддий ҳол сифатида қабул қилмоқдамиз, унчалик қаттиқ таъсирланмасдан қабул қиламиз. Аммо мана шу 80 ДБ машина сигнали кечаси бизни анча безовта қилади. Худди шундай бола йиғиси ҳам 80 ДБ бўлиб, кундуз куни оддий йиғи сифатида қабул қилинадию, кечаси у бутун асабимизни таранг қилади.
Австриялик олим Грифитнинг тадқиқотларига қараганда 80 ва 90 ДБ шовқин доимийга айланса инсон ҳаётини 8 ва 12 йилгача қисқартирар экан. Шу жойда айтиб ўтиш мумкинки, қадимий хитойликлар инсон соғлиғига энг қаттиқ таъсир бу шовқин, деб ўлим жазоси учун ижро сифатида шовқинни қўллашган.
Ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда завод ва фабрикаларда шовқин 70 ДБ дан ошадиган ҳолларда ходимларга махсус қулоқчинлар берилади. Бу мулоҳазалардан кейин ўйлаб қоласан киши, нима, тўйларга ҳам махсус қулоқчинларда бориш керакми? Чунки тўй-базмлар ёпиқ ва овоз кучайтирувчи мосламали бинода ўтганда меъёрдан юқори бўлади. Айниқса, карнай садосида.
Мана шу мулоҳазалардан кейин ўзим ҳам ўйланиб қолдим. Ёпиқ бинода ўтадиган тўйлар ва базмларда мусиқа шовқини нечоғлиқ зарар?

М. ЙЎЛДОШЕВ,
психология фанлари номзоди.