Борлиғингиз болангизникими?

2_01

Болажонлар тили чиққан пайтдан бошлаб, то ақлини танигунига қадар бизларни саволларга кўмиб ташлайди. Аслида, биз, катталар ҳам абадиятга қадар ўз-ўзимизга савол беришдан тўхтамаймиз.

Қандай яшасам бўлади, нима қилсам ҳаёт йўлларида сирғанмайман, дўст ва душманим олдида бошим эгилмайди, муҳаббат нима, бахт-чи деган саволларга жавоб излаш учун йўл кўрсатувчи маслаҳатдош излайди. Ана шундай дақиқаларда инсоннинг зимистон йўлларини чароғон айлаб, ёритувчи шулъа бўлиб ота-­она ёрдамга келади.
Аслида, бу ҳаётда ота-онадан яқинроқ дўст йўқ. Айниқса, камолга етаётган болажонлар учун. Келинг, ҳаётий бир воқеани мисол қилиб келтирайлик. Зора, бу ҳаммамизни сергакроқ бўлишга чорласа.
Ота ҳар доимгидек озгина кеч, ҳорғин кайфиятда ишдан қайтди. Уззу кун югур-югурлар ва ишхонадаги ишлар уни бироз чарчатган эди. Дарвоза олдида эса отасини олти ёшли Исроилжон катта қувонч билан кутиб олди.
– Уре, дадажоним келдилар! Ассалому алайкум, дадажон.
– Валейкум ассалом, ҳалиям ухламадингми, тойчоғим, ахир соат ўндан ошдику.
– Йўқ, сизни кутдим. Дадажон, битта савол берсам майлими?
– Майли, ўғлим, берақол. Қандай савол бўлди-ки, сен ухламай сабрсизлик билан мени кутиб турибсан?
– Дадажон, бир соатда қанча пул топасиз? – кўзларини жовдиратиб сўради Исроилжон.
Болаларча соддалик билан берилган, кутилмаган савол Алибек акани лол қолдирди. У ҳайрон бўлиб ўғлига қаради ва сўнгра босиқлик билан сўради.
– Бемаҳалда бундай бўлмағур савол қаердан каллангга келди. Қолаверса, бу сенинг ишинг эмас, шу ёшингда пул топишни ўйлаяпсанми?
– Дадажон, илтимос, айта қолинг, буни билишим жудаям зарур, – дея бола илтижоли тарзда дадасига қаради.
Бола кўнгли подшонинг ҳукмидан устун туради, дейишади доноларимиз. Отанинг кўнгли юмшади ва ўғлига қараб, “Бир соатда ўн минг пул ишлайман болам”, – деди.
– Дадажон, менга олти минг бериб туринг, илтимос?
Энди Алибек аканинг ростмана жаҳли чиқди.
– Бор, кириб ухла, яна қаердаги кераксиз ўйинчоқларни сотиб олишинг учунми? Яқинда мактабга чиқасан, йиғиштир ўйинчоқ ўйнашни, – деди жаҳл билан.
Алибек ака ухлашга ҳарчанд уринмасин уйқуси келмади, боласининг жовдираб турган кўзлари кўз ўнгидан кетмади. Ўғлини уришгани учун ўзининг кўнгли бузилди. Қизиқ, унга олти минг сўм нимага керак экан, нега боламни уришдим ўзи, олти минг экан-у, ухламайгина кутиб турган ўғлимни ранжитдим-а, деган хаёллар билан ўрнидан турди ва ўғлининг хонаси эшигини секингина чертди.
– Исроилжон, ухламадингми, болам?
– Йўқ, дадажон, уйғоқман.
– Ўғлим, сенга сал қаттиқроқ гапирдим, баъзан катталар ҳам хато қилиб туради, хафа бўлма. Манна, сенга олти минг сўм. Хўш, нима олмоқчи эдинг бу пулга?
Исроилжон дадаси қўлидаги пулни олмай, ёстиғининг тагидан бир сиқим майда пулларни чиқарди. Ота ҳайрон бўлиб: “Шунча пулинг бор экан-у, олти мингни нима қиласан?” дея сўради.
– Дадажон, пулим борликка бор-у, сал камроқ эди-да. Мана, тўрт минг, олти минг етмас эди, энди ўн минг бўлди. Дадажон, тўғрисини айт­сам, сизнинг бир соат вақтингизни сотиб олмоқчиман шу ўн мингга. Ўшанда уйга эртароқ келасиз. Сиз билан сузишга бормоқчиман. Ўғил болалар отаси билан кўпроқ юриши керак экан, шунда ақли бутун бўлар эмиш, бугун телевизорда айтишди. Кўпинча кеч қайтасиз, вақтли қайтган кунингиз ҳам қайсидир бир ўртоғингизнинг гапида бўласиз. Дам олиш кунлари ошга кетасиз ёки яна бир нималар. Хуллас, мен сизнинг кўп эмас, бир соат вақтингизни сотиб олмоқчиман. Майлими, келишдикми, дадажон?!
Алибек ака ҳунгу манг бўлиб қолди, кўзларига ёш қалқиди. Кўнглини оғриқли бир савол ўртади: “Болам, сенинг дилгинангда кемтиклик ҳам бормиди ҳали… Ахир уйда ҳамма шароит етарли бўлса, ёнингда бўла туриб меҳримга зор қилдимми сени, бўталоғим”, дея секингина шивирлади.
– Мени кечир, тойчоғим, албатта, борамиз. Сендан бутун ҳаётимни ҳам аямайман, болам.
Сизга мисол тариқасида ҳикоя қилаётган кичкинагина ҳаётий лавҳамиз тагида аслида катта бир саволнинг ечимсиз ҳисоби ётади.
Биз, ота-оналар фарзандларимизга етарлича вақт ажратяпмизми? Тўғри, қорни тўқ, усти бут, уйимизда барча шарт-шароитлар етарли. Лекин уларнинг мурғаккина  кўнглига теран қараяпмизми? Жажжигина юракларидан кечаётган беғубор саволларни шунчаки бир болаликдаги ўткинчи саволлар-да, деб қўяяпмизми ёки…
Асрдошим, замондошим, келинг, қалбимиз чироқлари, умримиз мазмуни, уйимиз кўрки бўлган фарзандларимизга ҳар қандай вазият ва шароитдаям боримизни бағишлайлик. Бунга вақтнинг йўқлиги ҳам, иш ҳам баҳона бўла олмайди. Истаган имкон топади, дейдилар.
Эркакларимиз ошга, гапга, аёлларимиз эса сартарошхона, косметолог ва дугоналар ҳузурига бот-бот чопмасдан, уйда кўзлари тўрт бўлиб кутиб турган боласининг, неварасининг бағрига шошилса, болалар тарбиясидаги баъзи бир носоғлом вазиятларнинг олди олинармиди? Бировга ақл ўргатиш, йўл кўрсатиш осон, аслида. Балки бу фикрларим кимларгадир ёқмас, аммо ҳар биримизнинг қалбимизда: “Болам – борлиғимку” деган ғурур туйғулари мужассам экан, ёш авлоднинг беғубор кўнглига қулоқ солиб туриш асосий бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз керак.
Зеро, фарзанд умр гулшанини безаб турган нозиккина ифорли гулдир. Уларни асраш, авайлаш, турли нигоҳлардан, зарарли иллатлардан муҳофаза қилиш, сизу бизнинг бир зумга-да кечиктириб бўлмас муҳим вазифамиздир.
Болам, қўлларингга кўзмунчоқ бўлай…

Гулчеҳра ДУРДИЕВА