Бунёдкор халқнинг эзгу удуми

26

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз яратиш ва яшнатиш туйғуси билан қарши олинмоқда

Юртимизда 19-20 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллигини “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида нишонлашга тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида яшнатиш, яратиш, бунёдкорлик туйғулари билан яшаётган юртдошларимиз бу галги ҳашарга ўзгача ёндашдилар.

Ҳашар кунлари янги-янги ижтимоий объектларни фойдаланишга топшириш, болалар ва спорт майдончаларини қуриш, янги боғлар барпо этиш каби хайрли ишлар амалги оширилди. Хусусан, юртимиз маҳаллаларида 297 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти фойдаланишга топширилди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳашар хайрли тадбирларга бой бўлди. Ушбу эзгу тадбирларда 18 миллион 675 минг нафардан зиёд юртдошимиз фаол қатнашди. Уларнинг 12 миллион 424 минг нафардан ортиғини ёшлар ташкил этди. Уларнинг саъй-ҳаракати билан 41 минг гектарга яқин майдон ободонлаштирилди. Қурилиш ва маиший чиқиндилар белгиланган жойларга чиқариб ташланди. Ариқлар, лотоклар тозаланди, зиёратгоҳ ва қаб­ристонлар ободонлаштирилди. Маҳаллаларда, боғларда, аҳоли маиший масканларида, йўллар атрофида ободончилик ишлари қизғин тус олди. Дарахтлар оқланди, болалар майдончалари тартибга келтирилди, кўча ва йўлаклар тозаланди.
Шу кунлари 18 мингга яқин кам таъминланган оиланинг уй-жойи ҳашар йўли билан таъмирланди. 24 мингга яқин эҳтиёжманд оилага, жумладан, 8 минг  нафарга яқин ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам берилди. Мазкур хайрия тадбирларига 5,3 миллиард сўмдан зиёд маблағ, шундан 900 миллион сўмга яқини “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдами кўрсатишга сарфланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида жорий йил август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги, деб эълон қилинган. Бу эзгу тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.
Юртдошларимиз Энг улуғ ва энг азиз байрамимизни ана шундай эзгу тадбирлар – бун­ёдкорлик ва шижоат туйғуси билан қарши олишмоқда.

Анвар ҚУЛМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.