Уйимизга ҳам, қалбимизга ҳам илиқлик кирди

Тошкент вилояти

Бу шаҳримизга ташрифлари давомида бизнинг “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Металлург-мадад” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли билан учрашув чоғида ҳам ўз ифодасини топди. Ушбу 8 та кўп қаватли уйдаги 234 хонадонда асосан Металлургия комбинатида меҳнат қилаётган, илгари шу жамоада ишлаб, нафақага чиққан аҳоли ва уларнинг фарзандлари истиқомат қилади. Шукрки, уйларимиз ҳар жиҳатдан талабга жавоб беради. Ширкат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ўтган йили уйимизнинг том қисми тўлиқ таъмирланди. Бу йил эса ертўладаги эски, занглаб, чириб кетган қувурлар янгисига алмаштирилди. Ён-­атрофимизда болаларнинг ўйнаши, сайр қилиши учун майдончалар ҳам барпо этилган. Энг муҳими, маҳалламизда ҳамиша осойишталик, хотиржамлик ҳукмрон. Бу жиҳатдан кўнглимиз тўқ. Аммо кўп йиллардан буён нафақат бизнинг мавзеда, балки шаҳримизнинг бошқа ҳудудларидаги кўплаб  уйларнинг иситиш тизимлари ишламайди. Шу билан бир қаторда, тоза ичимлик суви муаммоси ҳам аҳолини қийнаб келарди. Давлатимиз раҳбарининг шаҳримизга ташрифлари давомида ушбу муаммоларнинг узил-кесил ҳал этилганлиги кўнглимизни тоғдай кўтариб юборди. Президентимиз биз билан учрашув чоғида ушбу масалалар бўйича сўз юритиб, Навоий вилоятидаги “Ariston thermo – UTG” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган газ иситиш қозонларини лизинг асосида уйларимизга ўрнатиш бўйича мутасаддиларга топшириқ бердилар. Ҳатто ушбу газ қозонларининг намуна сифатида кўргазмаси ҳам намойиш қилинди. Ҳозир барча хонадонларда ушбу иситиш тизимини ўрнатиш бўйича тезкор ишлар бошлаб юборилди. Қурилмаларнинг  узоқ муддатга лизинг асосида берилиши биз учун яна бир иқтисодий қулайликдир. Насиб этса, бундан буёғига кўрпага ўраниб, қунишиб ўтирмаймиз. Қишинда ҳам эмин-эркин, қулай шароитларда яшаймиз.
Ҳудудимизда ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида ҳам зарур чоралар кўриляпти. Бу хайрли ишлар учун давлатимиз раҳбаридан беҳад миннатдормиз. Президентимиз маҳалла аҳли билан учрашув чоғида аҳолининг дардини эшитиш, муаммоларини ҳал этиш бўйи­ча асос солинаётган янги тизим, яъни ҳар бир туман ва шаҳарда ҳоким, прокурор, ички ишлар ҳамда солиқ бўлими раҳбарлари ҳудудларга бўлиниб ишлашини, улар бундан буён хонадонма-хонадон юриб, мавжуд камчиликлардан бохабар бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашишини маълум қилдилар. Раҳбарларнинг  ўз ҳудудлари бўйича ҳар уч ойда шахсан Президентимизга ҳисобот бериб туришлари тартибининг жорий этилгани эса, шубҳасиз, маҳалла ва гузарларнинг бундан-да обод бўлишига, пировардида юртимиз равнақига хизмат қилади.
– Оддий одамлар бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларни сезиши керак, – дедилар Президентимиз бизнинг ёнимизда туриб, барча шаҳар ва вилоят мутасаддиларига. – Улар эртага эмас, бугун яхши яшашни истайди. Уларга бугун яхши шароит яратиб беришимиз керак. Барча амалга ошираётган ишларимиздан кўзланган мақсаду муддао шу.
Ушбу сўзлар ҳамон қулоқларимиз остида жаранглаб, қалбларимизни тўлқинлантирмоқда. Қаранг, қанчалик адолатли, халқ манфаати билан йўғрилган сўзлар. Биз мана шундай юртнинг бахтиёр аҳолиси эканлигимиздан Тангрига беадад шукроналар айтамиз.

Дилором МАМАДАЛИЕВА,
Бекобод шаҳри “Пахтакор” МФЙда яшовчи меҳнат фахрийси.