Саъй-ҳаракатларимиз Ҳаракатлар стратегиясига ҳамоҳанг

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни изчил амалга ошириш борасида тизимли ишлар назарда тутилган. Сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ҳам айни шу йўналишдаги ишлардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўздавдонинс­пекция” томонидан олиб борилаётган ишларда халқимизга етказиб берилаётган дон маҳсулотлари сифатини янада ошириш ва бу жараёнга замонавий технологияларни киритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда, энг аввало, тизимда фаолият юритаётган кадрлар малакаси ва савияси янада оширилаётир. Негаки, дон сифати – нон сифати. Ғалла эса эл ризқи.
Истиқлол йилларида халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон ғалла мустақиллигига эришди. Айни вақтда ҳам мамлакатимизда мўл ва сифатли ҳосил етиштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, уруғчиликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Касаллик ва зараркунандаларга чидамли, юртимиз тупроғи ва иқлим шароитига мос, ҳосилдор навлар яратиляпти.
Бу йил ҳам ғаллакорларимиз мўл ҳосил етиштирдилар. Ҳосилни йиғиштириб олиш жараёнида мазкур соҳа ходимлари ҳам уларга кўмакдош бўлишди. Хусусан, қабул қилинаётган доннинг сифати тўлиқ назоратга олинди. “Ўздонмаҳсулот” компанияси корхоналарида давлат ресурсига харид қилинган буғдой дони сифати бўйича таҳлилий ўрганишлар олиб борилди. Дон ва дон маҳсулотларидан намуналар олиниб, синовлар ўтказилди. Аниқланган меъёрдан оғиш ҳолатлари юзасидан қайта ҳисоб-китоблар қилиниб, тегишли чоралар киритилди. Шунингдек, дон корхоналари масъулларининг соҳавий билимини ошириш ва юзага келадиган қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга жалб этиш ҳамда доннинг сифати, сақланиши, оқилона фойдаланиш бўйича профилактика ва тушунтириш ишлари олиб борилди.
Инспекция томонидан аҳоли билан кенг мулоқотлар ўрнатиш мақсадида ҳам тизимли ишлар олиб борилаётир. 2016 йил 23 декабрда Давлат дон инс­пекцияси бошлиғининг виртуал қабулхонаси (vq.uzddi.uz электрон манзилида) ташкил этилди. У орқали жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш регламенти тасдиқланди.
Ходимларнинг тажрибасини ошириш ҳамда фермерлар, ғаллакорлар, қайта ишлаш корхоналари ходимлари билан яқинроқ муносабат ўрнатиш мақсадида турли тадбирлар, семинарлар, тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг ҳар тарафлама етук мутахассис бўлишини таъминлаш мақсадида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, марказий лаборатория ва унинг филиаллари ҳамда минтақавий лабораторияларда модернизация ишларини амалга ошириш учун замонавий лаборатория асбоб-­ус­куналари харид қилинди.
Тошкент кимё-технология институтида таҳсил олаётган талабаларга марказий лабораторияда замонавий жиҳозлардан фойдаланган ҳолда амалиёт ўташи учун шароит яратиб берилди.
Фаолиятни ахборотлаштириш ҳамда бу жараёнда мутахассислар малакасини ошириш юзасидан ҳам қатор тизимли ишлар олиб борилаётир. Ўтган даврда ҳудудий бўлинмаларда локал ва интернет тармоғидан фойдаланишни ва ахборот хавфсизлиги талаблари бажарилишини назорат қилиш бўйича доимий мониторинглар ўтказиб келинмоқда.
Айни вақтда давлат хизматлари, шакллари ва бланкалари ягона реестри порталида инспекция томонидан кўрсатиладиган хизматлар сони 13 тага етказилди. Тасдиқланган хизматларнинг регламентларини веб-сайт­да интерактив шаклда жойлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Давлат дон инспекциясида ижро интизомини назорат қилиш ва электрон ҳужжат алмашувини таъминловчи “Simplex lite 1.0” автоматлаштирилган ахборот тизими тест режимида ишга туширилди.
Тизимда дон партияларини сертификатлаштириш ва метрология хизмати кўрсатишни яхшилаш борасида ҳам қатор ишлар олиб борилаётир. Бунинг самарасида бу йилги хизмат кўрсатиш кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан 130 фоизга ошди.
Сирасини айтганда, сифатли дон – сифатли нон. Жамоанинг мақсади юртдошларимизнинг фаровон яшаши учун ҳисса қўшиш, ғаллакорлар ва қайта ишлаш корхоналари фаолиятини янада яхшилашга кўмаклашишдир. Халқ манфаатини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ҳар бир иш Ҳаракатлар стратегиясига ҳамоҳангдир.

Дилдора РУСТАМОВА