«Байрамни ўз уйимизда нишонлаймиз»

Сирдарё вилояти

Гулистон тумани Деҳқонобод шаҳарчасининг Намуна маҳалласида кам таъминланган, эҳтиёжманд 32 та оилага ҳар бири 16 квартирадан иборат икки қаватли иккита уй фойдаланишга топширилди.

Янги уйнинг калитларини топшириш шодиёнага айланиб кетди. Шундай шинам, замонавий уйларга эга бўлишни орзу қилиб юрган янги уй соҳибларининг севинчлари ичига сиғмайди.
Туманнинг Ибрат маҳалласида яшовчи II гуруҳ ногирони Жамолиддин Холжигитов ва II гуруҳ ногирони Ботир Умаров оилаларига уч хонали квартиранинг калити берилди.
– Оиламизда 9 киши бўлиб, кичкина уйда қийналиб яшаётган эдик, – дейди Жамолиддин Холжигитов. – Бугун янгиланган лойиҳалар асосида барпо этилган 2 қаватли уйдан 3 хонали квартиранинг калити Президентимизнинг байрам совғаси сифатида менга топширилди. Оиламизга тикув машинаси қўшимча  совға тариқасида берилди. Оилам иш билан таъминланди.
– Икки ўғлим ва келинларим билан битта квартирада ижарада яшардик, – дейди қувончдан кўзлари порлаган Ботир Умаров. – Эҳтиёжманд оилаларга меҳр-мурувват кўрсатган Президентимиздан чексиз миннатдормиз.
Гулистон шаҳридаги “Нав­рўз” тўйхонасида эса 31 нафар ногирон ва эҳтиёжманд фуқарога бошланғич бадали тўланган арзон уй-жойларни олиш ҳуқуқини кафолатловчи сертификатлар берилди. 34 нафар фуқарога эса ногиронлар аравачаси, қўлтиқтаёқ-ҳасса, эшитиш мосламаси тақдим этилди.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев иштирок этди.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ