Одамлар бизнинг тимсолимизда ўз ҳимоячисини кўрсин

Қашқадарё вилояти
Ҳозир ҳам шундаймикан?! Бу саволга бугун баралла “Ҳа!” деб жавоб бера оламизми? Давлатимиз раҳбари 17 август куни ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи, муаммолар ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам ушбу масалани ўртага қўйганда кўнглимдан шундай ўйлар кечди.
Келинг, фикримизни яқин вақт ичида биз нималарга эришдик, олдимизга қўйилган вазифаларни қанчалик уддалаяпмиз, деган саволларга жавоб излашдан бошласак. Албатта, ўтган қисқа давр мобайнида, айниқса, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида янги иш услублари жорий этилди ва бу соҳада яхлит ҳуқуқий тизим яратилди.
Профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида жойларда турли бўғиндаги ҳокимлар ва шаҳар ички ишлар бўлимлари раҳбарларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимлари жорий қилинди.
Энг муҳими, ҳар пайшанба “Ҳуқуқ­бузарликлар профилактикаси куни” этиб белгиланиб, ҳафтанинг шу кунида амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар қатъий, аниқ ва тизимли равишда ўтказиб келинмоқда.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг февралида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида бизнинг маҳалла фуқаролар йиғини идорасига ҳам ташриф буюрган эди. Бу ерда маҳалла фаоллари билан суҳбатлашар экан, уларнинг самарали фаолият олиб боришлари учун шарт-шароитлар яратиш борасида тегишли кўрсатмалар берганди.
Президентимизнинг профилактика инспекторлари иши самарадорлигини ошириш борасидаги кўрсатмалари асосида ўзимга бириктирилган маъмурий ҳудуддан уч хонали хизмат уйи билан таъминландим. Бу эса туну кун ҳудудимиз  аҳолиси билан доимий мулоқотни йўлга қўйишимга имкон яратди. Авваллари Косон туманидаги Хўжақўрғон қишлоғидан қатнаб, фаолият олиб борар эдим. Ҳозир уйим шу ерда, оила аъзоларим ёнимда. Бугунги кунда  маҳалла  аҳли бирор масалада ёрдам керак бўлса, хоҳлаган пайтларида келиб мурожаат этишлари мумкин. Доимо маҳалла ҳудудидаман. Ҳудудимизга кириб келадиган саккизта кўча чорраҳасига видеокузатув воситаси ўрнатилган. Бу хонада туриб, маҳаллага кириб келаётган машина ёки шахсларни доимий кузатиб боришга шароит яратмоқда.
Таъкидлаш жоизки, маҳалламизда “Ҳар куни ўнта хонадон” тартибининг жорий қилингани нуронийлар ҳолидан хабар олиш, ёш авлод тарбиясидан тортиб, ўз ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришгача бўлган барча масалаларга масъулият билан ёндашишга туртки бўлмоқда. Бу эса ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини раиси, фаоллари, профилактика инспектори ва бошқаларнинг халқ ичига кириб боришида, улар билан мулоқот давомида фаолликни оширади.  Энг муҳими, бизнинг ҳудудда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш фақат ички ишлар органининг вазифаси, деган эскича қарашдан воз кечилди.
Бизнинг маҳалламиз каби бошқа ҳудудларда ҳам худди шундай тартиб йўлга қўйилган. Бунинг самарасини жамоат жойларида ўрнатилган 114 мингдан ортиқ видеокузатув мосламаларидан фойдаланган ҳолда Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида қарийб 10 мингга яқин жиноят фош этилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Аммо ҳали мамлакатимиз раҳбари видеоселекторда эътироф этганидек, олдимизда турган вазифаларни тўлақонли уддалай олганимиз йўқ. Негаки, халқ, маҳалла бизни ўзининг тўлақонли ҳақиқий ҳимоячиси, деб тан олиши лозим. Афсуски, йиғилишда қайд этилганидек, айрим ҳудудларда ишлар хўжакўрсинга, фақат қоғоз учун бажарилмоқда. Ҳамма жойда ҳам профилактик тадбирлар самарадорлиги етарли даражада таъминланаётгани йўқ.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари одамлар ўзини қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун тўла ишонч билан, авваламбор, ички ишлар идораларига, профилактика инспекторларига мурожаат қилишига, ҳар бир ходимда ўз ҳимоячисини кўришига эришиш зарурлигини таъкидлади.
Биласизми, бахт – ҳаловатда. Тараққиётнинг асосий мезони эса тинчликдир. Шу боис ҳам аҳолининг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш давлатимиз сиёсатида энг муҳим ва устувор ўрин эгаллайди. Мамлакатимизда ички ишлар тизимини тубдан ислоҳ қилиш, унинг фаолияти самарадорлигини замонавий босқичга кўтаришдек ғоят мураккаб вазифа доимий равишда кун тартибига қўйиб келинаётганида ҳам ана шундай мақсад мужассам.
Биз, соҳа ходимлари олдимизга қўйилаётган вазифаларни онгли равишда англаб етмоғимиз, халқ розилигини таъминлашни фаолиятимизнинг асосий йўналишига айлантирмоғимиз лозим. Шундагина халқ бизнинг тимсолимизда ҳақиқий ҳимоячисини кўради.

Миркомил МУРОДОВ,
Қарши шаҳридаги “Гулшан” маҳалла фуқаролар йиғини
профилактика инспектори, капитан.