Олим керакким, мутаққий бўлса ва огоҳ…

Жорий йилнинг 10 августида Президентимизнинг “Собиқ Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзоларини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Айтиш лозимки, ушбу ҳужжат давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонининг мантиқий давоми бўлди. Чиндан ҳам бугунги шиддатли замон билан ҳамқадам бўлиш учун илм-фаннинг илғор ва замонавий янгиликларидан бохабар бўлиш, барча соҳаларда улардан унумли фойдаланиш ва пировардида янги-янги кашфиётлар яратиш талаб этилмоқда.
Ўтган йилнинг декабрь ойи­да Президентимиз илм-фан вакилларини бир даврага йиғиб, мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларни бутунлай янги босқичга кўтариш лозимлиги, бунинг учун давлатимиз доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини алоҳида таъкидлаган эди.
Бу бежизга эмас. Зеро, илм-фан башариятнинг бугуни ва келажагини белгилашда муҳим ўрин тутади. У тараққиётга бевосита таъсир кўрсатади. Аҳоли эҳтиёжларини қондириш баробарида, ҳаётини янада фаровон қилади, муҳофазалайди, энг муҳими, замонавий, ишончли хизмат кўрсатади. Иқтисодиёт ривожининг жадаллигини таъминлайди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олимлар олдида бугун энг янги агротехник ва механизациялашган иннова­цион лойи­ҳаларни амалиётга жорий этиш, замон талабига жавоб берадиган селекцион навларни яратиш, ресурстежамкор усулларни ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалик соҳаси таълими, фани стандартларини бутунлай қайта кўриб чиқиб, мамлакатимизнинг бугунги шиддатли ривожланиши талабига мослаш каби масалалар долзарб бўлиб турибди.
Фикримизни кенгроқ ифодалайдиган бўлсак, қишлоқ хўжалигида энг янги агротехник ва механизациялашган инновацион лойиҳаларни жорий этиш орқали ҳосилдорликни ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш имкони юзага келади.
Қишлоқ хўжалигида юқори натижага эришиш, аввало, нав танлашга боғлиқ. Нав яхши бўлса, ҳосил ҳам сифатли, ҳам салмоқли бўлади. Шу боис, республикамиз иқлими, тупроқ шарои­тига мос навларни яратиш ниҳоятда муҳим вазифа ҳисобланади. Негаки, ишлаб чиқаришга жорий этиладиган навлар ҳосилдор, жаҳон бозори талабларига жавоб бера оладиган, касаллик ва зараркунандаларга бардош­ли бўлиши зарур. Бундан мамлакатимиз навшунослари олдидаги ўта долзарб вазифа турганлиги аён бўлади. Таъкидлаш керакки, бу соҳада анчагина тажриба тўпланган, олимларимиз қатор ютуқларга ҳам эришиб улгуришди. Аммо ҳали олдинда уруғчилик борасида амалга оширилиши лозим бўлган юмушлар жуда кўп.
Мавжуд ресурслар чекланган шароитда ҳосилдорликни оширишнинг энг муҳим омили – ресурстежамкор усулларни амалиётга кенг жорий этиш ҳисобланади. Айниқса, сувдан оқилона фойдаланиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини оширишнинг аҳамиятини ҳар бир қишлоқ хўжалик ходими бугун фаолиятида яққол кўриб турибди. Уларнинг назарий асосларини яратиш эса олимлар зиммасига янада катта масъулият юклайди.
Ҳар қандай маҳсулот қайта ишланса, хомашё сифатида сотилгандан кўра беш-­олти маротаба кўп даромад келтиради. Шу билан бирга, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий маҳсулотлар турининг ошишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бунда етиштирилган ҳосилни қуритиш, қайта ишлаш, сақлаш каби жараёнга энг сўнгги технологияларни олиб кириш масаласи ниҳоятда долзарбдир. Айни шу жиҳат яна бир қатор инновацион йўналишларни ўз ичига қамраб олади. Дейлик, биз иккиламчи хомашё деб ҳисоблайдиган маҳсулотлардан бирламчи аҳамиятга эга товар олиш масаласи. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, пахта пояси, барги, шунингдек, қорамолнинг гўнги каби чиқиндилардан биогаз, биоёқилма, гумус, сифатли қоғоз, электр энергияси каби инновацион маҳсулотлар олиш мумкин. Унинг технологиясини юртимизга олиб келиш ёки яратиш олимларимиз олдидаги яна бир муҳим вазифалардандир.
Шу ўринда илғор давлатларда кенг тарқалаётган гидропоника усули ҳақида тўхталсак. Бунда ўсимлик тупроқсиз сунъий муҳитда ўстирилади. Бу технология асосида парваришланган ўсимликлар кимёвий ўғитларга муҳтож эмас. Шунингдек, касалликка жуда чидамли ва юқори ҳосил беради. Яна бир инновация – тўқимачилик саноатида қўлланиладиган ноёб бўёқбоп ўсимликлар, жумладан, индигоферум ўсимлигидан экологик тоза индиго бўёғи олинмоқда. “Ранглар қироли” дея таъриф олган ушбу ўсимликдан олинган буёқ жаҳон бозорида ниҳоятда қадрланади. Бу ўсимликни етиштириш учун эса юртимиз иқлими жуда қулай.
Малакали кадрлар тайёрлаш аҳамиятини ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди. Бугунги кун эса қишлоқ хўжалик соҳаси таълими, фани стандартларини бутунлай қайта кўриб чиқиб, шиддатли ривожланиш талабига мослаш заруратини юзага чиқараётир. Зеро, бугунги тезкор даврда илму фандан бир қадам ортда қолган инсон жуда кўп нарсани ютқазади. Олимлар билан деҳқонлар ҳамкорлиги, илм эгаларининг деҳқон олдида бўлиши ниҳоятда муҳим.
Ўзбекистонда пахта-тўқимачилик саноатида кластер тизимининг жорий қилиниши яхлит бир тизим асосида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш учун муҳим омил бўлди. Кластер тизими асосида мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида ва академияда фаолият юритаётган олимлар, илмий ходимлар ва соҳа мутахассислари бирлашдилар.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида (ипакчилик, асаларичилик, балиқчилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик, чорвачилик ва х.к.) кластер тизими амалга оширилиб, дунё қишлоқ хўжалиги ютуқларини интеграцияловчи Республика иннова­цион кластер маркази тузилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Зеро, кластер орқали турли касб эгалари – деҳқон, сувчи, боғбон, агроном, инженер, агрохимик, фермер, иқтисодчи, чорвадор, ветеринар, энергетик, технолог, бичувчи, тикувчи, дизайнер, маркетолог, қурувчи, тарбиячи ва олимлар бир мақсад сари сафарбар этилади. Бошқарувнинг битта кластерга бирлашуви эса барча иш жараёнларини мувофиқлаштиради, осонлаштиради ва жадаллаштиради.
Ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида илм ҳақида сўз юритар экан, айтадики, “Олим керакким, мутаққий бўлса ва огоҳ…” Бугун эътибор ва ғамхўрликдан руҳланган олимларимиз фидойиликни кундалик ҳаётининг мезонига айлантирмоқда. Бу мақсад мамлакатимиз илм-фанини янада ривожлантиришга, ҳеч шубҳасиз, улкан ютуқларга эришишимизга хизмат қилади.

Бакридин ЗАРИПОВ,
академик, биология фанлари доктори, профессор.