Меҳр ва саховатдан диллар шод

2_02

Жиззах вилояти

Шароф Рашидов туманининг Учтепа даҳасида 24 хонадонга эга икки қаватли уй фойдаланишга топширилди. Янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган бу хонадонларнинг 6 таси уй-жойга эҳтиёжи бор, жисмоний имконияти чекланган шахсларга берилди. Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Унда сўз олганлар юртимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, хусусан, жисмоний имконияти чекланганларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, хусусан, уй-жой билан таъминлашга қаратилаётган эътибор ҳақида тўхталдилар. Шундан сўнг янги уй соҳибларига имтиёзли кредит асосида уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Ушбу уйлардан бирини қабул қилиб олганлар орасида биринчи гуруҳ ногирони Муҳайё Холбоева ҳам бор.
– Уйли бўлганимдан беҳад мамнунман, – дейди у. – Президентимизнинг Халқ қабулхонасига мурожаат этгандим, илтимосим ерда қолмади. Уйнинг бошланғич тўлови ҳам давлатимиз томонидан тўланиши мен учун жуда катта енгилликдир. Жисмоний имкониятим чекланган бўлса-да, касаначилик асосида тикувчилик қиламан. Биз каби эътиборга муҳтож шахсларга ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимизга миннатдорлигимни меҳнатим билан изҳор этишни дилимга тугдим.
Шу куни вилоят марказида саховатга эш яна бир тадбир уюштирилди. Унда яна 28 нафар ногиронга имтиёзли кредит асосида уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Зомин туманидаги “Мурувват уйи”да яшовчиларга эса дастурхон ёзилиб, кийим-кечаклар ва бошқа совғалар берилди.
Мурувват тадбирларида вилоят ҳокими У.Узоқов сўзга чиқди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.