«Бизнинг ҳам ўз уйимиз бор»

uyla

Самарқанд вилояти

Вилоятда уй-жойга эҳтиёжманд, жисмоний имконияти чекланган 21 нафар хотин-қизга тикув машиналари берилиб, улар касаначи сифатида иш билан таъминланди. Шу билан бирга, уларнинг ҳар бирига янгиланган намунавий лойиҳадаги уй-жойлар ажратилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига уй-жой сўраб, мурожаат қилган жисмоний имконияти чекланган, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш мақсадида вилоят бўйича 16 нафар фуқарога икки ва уч хонали уйларнинг бошланғич тўлови давлатимиз томонидан тўлаб берилди. – 2008 йилда турмуш ўртоғим йўл-транспорт ҳодисаси натижасида вафот этгач, икки нафар болам билан ёлғиз қолдим, – дей­ди Нарпай тумани Нарпай маҳалласида яшовчи Умида Эргашева. – Эримнинг уй-жойи бўлмагани учун отамнинг уйига кўчиб кетишга мажбур бўлдик. Лекин тўрт оиланинг битта тор ҳовлида яшаши оғир экан. Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. Ҳокимлик вакиллари шароитимизни ўрганиб, ўз хулосасини берди. Уч хонали уйнинг бошланғич тўлови ҳам тўлаб берилди. Худога шукр, бугун барча шароитга эга уч хонали уйга кўчиб ўтдик. Барчамизнинг, айниқса, болаларимнинг “Бу – Президентимиз совға қилган уй”, дея қувончи чексиз. Қизим ва ўғлим мактаб­га боради. Ўқиш билан бирга, спорт тўгаракларига қатнайди. Уларни жамиятимизга нафи тегадиган инсонлар этиб тарбиялашга ваъда бераман. Шунингдек, вилоятда ўтказилган меҳр-мурувват тадбирлари доирасида жисмоний имконияти чекланган, ёрдамга муҳтож 717 нафар кишига ногиронлик аравачаси, қўлтиқтаёқлар, эшитиш мосламаси ва бошқа воситалар берилди. – Ўн олти йилдан бери полиартрит хасталигидан азият чекаман, – дей­ди Пастдарғом туманида яшовчи М.Отажонова. – Йилдан-йилга ҳаракатланишим оғир бўлиб бормоқда. Ногиронлик аравачасига эҳтиёжим бор эди. Самарқанд шаҳрига таклиф этишганда, уни бунчалик қисқа муддатда топшириши хаёлимга ҳам келмаган эди. Раҳбарлар, вилоят жамоатчилиги вакилларининг дастурхон ёзиб, ҳол-аҳвол сўраганидан бошим кўкка етди. Хайрия тадбири ташкилотчилари Самарқанд шаҳридаги Саховат уйида бўлиб, бу ерда яшаётган кишилар ҳолидан хабар олдилар. Улар учун дас­турхон ёзилиб, кийим-кечак ва бошқа эсдалик совғалари берилди. Муассасада истиқомат қилаётган юртдош­ларимизга ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида замонавий музлаткич ва кондиционерлар совға қилинди. Тадбирларда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи ­Т.Жўраев иштирок этди.

Нуриддин БОЛИЕВ,

“Qishloq hayoti” мухбири.