САЙЁҲЛАР БИЛАН БАҒРИМИЗ ТЎЛСИН

fonn

“Samarkand city” хорижлик сайёҳлар сонини икки баробарга ошириш имконини яратади

Халқаро туризм ташкилотининг маълумотига кўра, Самарқандга бир йилда юз мингдан зиёд хорижлик сайёҳ келади. Бу рақам ҳар йили 10 фоизга ошмоқда. “Рўйи замин сайқали” дея таъриф олган шаҳардаги асрий обидаларга маҳлиё бўлган меҳмонлар Франциядаги Эйфель минораси, Ҳиндистондаги Тож Маҳал, Мисрдаги эҳромлар каби Регистонни ҳам Самарқанднинг, Ўзбекистоннинг тимсоли деб билишади ва унга талпинишади.

Туризм вилоят иқтисодиётининг асосий йўналишларидан бири ҳисоб­ланади. Энг муҳими, туристик ресурслардан оқилона фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини замон талабларига мослаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан яратилган имконият ва имтиёзлар туфайли бугунги кунда Самарқандда юздан ортиқ меҳмонхона ва 80 дан ортиқ сайёҳлик фирмаси фаолият кўрсатмоқда. Йилдан-йилга уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замон талаблари даражасида сифатли хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда. Сайёҳликнинг экологик, соғломлаштириш, агротуризм каби турларини ривожлантириш, ички туризмни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят туманларида янги сайёҳлик йўналишлари очилмоқда.
– Самарқанд шаҳри АҚШнинг машҳур интернет нашри – “The Huffington Post” томонидан эълон қилинган рейтингга кўра, сайёрамизнинг 50 та энг гўзал шаҳарлари қаторидан ўрин олган, – дейди Ўзбекистон Рес­публикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили Илҳом Сувонов. – Эътиборлиси, МДҲ давлатлари шаҳарларидан ушбу рўйхатга фақат Самарқанд шаҳри киритилган. Вилоятдаги сайёҳлик фирмалари вакиллари Лондон, Берлин, Мадрид, Милан, Токио, Шанхай, Сеул, Москва ва бош­қа шаҳарларда ташкил этилаётган халқаро туризм ярмаркаларида фаол иштирок этиб келмоқда.
Туризмни ривожлантириш, сайёҳлик хизмати кўрсатиш сифатини ошириш ва йўналишларини кенгайтириш юзасидан изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги салоҳиятни янада ошириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Самарқанд шаҳрида эркин туристик ҳудуд барпо этиш бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган лойиҳалар ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳаларга кўра, шаҳарнинг Амир Темур кўчасида сайёҳлик-кўнгилочар меҳмонхона комплекси, Самарқанд эшкак эшиш канали бўйида қишки дам олиш мас­кани барпо этиш мўлжалланмоқда.
2020 йилга қадар Самарқанд ҳудудида хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда “Samarkand city” туризм зонаси ташкил этилади. Бу Ўзбекис­тон ҳукуматининг 30 июндаги Самарқанд ва Самарқанд вилоятининг туристик салоҳиятини ривожлантиришни жадаллаштиришнинг уч йиллик дастури тасдиқланган қарорида кўзда тутилган.
“Samarkand city” ҳудудида замонавий меҳмонхоналар, коттежлар, маданий-соғломлаштириш ва кўнгил­очар-савдо масканлари, жумладан, амфитеатр, боулинг-клублар, караоке-­барлар, кафе, ресторанлар, эсдалик совғалари ва бошқа маҳсулотлар дўконлари қурилади.
Дастурда умумий овқатланиш тизимини такомиллаштириш ва туристларнинг кечки бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун шароитлар яратиш, шу жумладан, замонавий ресторанлар қуриш, нурли ва мусиқий шоу дастурларини ташкил этиш, ўзбек миллий мусиқасининг театрлаштирилган концерт дастурларини ташкил этиш, маданий мерос объектлари ҳудудида миллий урф-одат ва анъаналарни намойиш этиш кўзда тутилган.
Дастур доирасида авиарейслар ва тезюрар “Афросиёб” электропоезди қатновлари сонини кўпайтириш, Самарқанд шаҳрининг тарихий ҳудудида сайёҳларга хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган ташкилот ташкил этиш, туристик намойиш объект­ларига олиб борадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш йўли билан транспорт хизматини яхшилаш, шу жумладан, авиа ва темирйўл инфратузилмасини янада ривожлантириш белгиланган.
Самарқанд шаҳрини батафсил лойиҳалаштириш планининг янгиланган режасини тасдиқлаган ҳолда зарур ободонлаштириш ишларини ташкил этиш, туризм инфратузилмаси объектларида банкомат ва терминаллар ўрнатилган махсус эсдалик совғалари шохобчаларини шаҳар кўчалари бўйлаб оқилона тақсимлаш, бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидан фойдаланишга кенг имконият яратган ҳолда туристлар гавжум жойларда Wi-Fi ҳудудларини ташкил этиш, Самарқанд шаҳри ҳудудини янада ободонлаштириш белгиланган.
“Самарқанд нонлари”, “Самарқанд ҳунармандлари”, “Миллий таомлар”, “Шарқ ширинликлари” каби фестивалларни ташкил этиш ва ўтказиш, хорижий туроператорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ахборот турларини ташкил этиш, экскурсияларнинг туристик хариталарини тайёрлаш, шунингдек, оммабоп хорижий телеканалларда Самарқанднинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, ҳудуднинг диққатга сазовор жойлари ва бой тарихига бағишланган маълумотларни бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи ва оммабоп ижтимоий тармоқларда жойлаштириш орқали кенг қамровли реклама кампаниясини ўтказиш ва Самарқанд шаҳри брендини тарғиб этиш режалаштирилган.
Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали ҳудудида меҳмонлар ва туристларнинг, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилояти аҳолисининг оилавий ҳордиқ чиқариши учун йил давомида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш имконини берувчи замонавий спортзал, спорт майдончалари, усти очиқ ва ёпиқ бассейнлар, шунингдек, оилалар учун меҳмонхона ва коттежлар, сув аттракционларини ўз ичига олган ҳордиқ чиқариш инфратузилмаси, бошқа объектларидан ташкил топган спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион мажмуа барпо этилади.
Янги туризм йўналишларини ташкил этиш ва туризмнинг янги турларини ривожлантириш, шу жумладан, “Зарафшон” давлат қўриқхонаси ҳудудини ва у ерда сақланаётган Бухоро буғусининг (хонгулнинг) туристлар томонидан кенг қамровли кузатилиши учун илмий-рекреацион ҳудудларни ташкил этиш, туризм инфратузилмаси объектларини барпо қилиш шарти билан ҳудудда туризм мажмуаси ва экотуризм зоналари ташкил қилиш кўзда тутилган.
Дастурда асосий эътибор зиёрат туризмини ривожлантириш ва зиёратчи-сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган. Пайариқ туманидаги “Имом ал-Бухорий” мажмуасини реставрация қилиш, Нуробод туманидаги “Ҳазрати Довуд”, Ургут туманидаги “Ғавсул Аъзам” ва бош­қа зиёратгоҳлар ҳудудини ободонлаштириш режалаштирилган. Ҳисоб-китобларга кўра, қиймати 39,34 миллиард сўм бўлган дастурнинг амалга оширилиши 2020 йилга қадар хорижий саёҳлар сонини икки баробар оширишга имкон бериши кутилмоқда.

Нуриддин БОЛИЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.