Ўзбек пахта толаси: халқаро сифат ва талабларга мос

3_paxta

Маълумки, ўзбек пахта толаси жаҳон бозорида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга. Толамиз ҳар жиҳатдан бозор талабларига моски, унга қизиқувчилар йилдан-йилга кўпайиб бораётир. Хўш, бунга қандай эришилмоқда, толамизни дунёга кўз-кўз қила олаётганимизнинг боиси нимада? Бу саволнинг жавоби оддий: замон билан ҳамнафасликда! Тан олиб олиб айтиш керак, ўтган вақт мобайнида бу соҳада ҳам эътирофга лойиқ, эътиборга молик кўплаб ишлар қилинди.

Пахта етиштиришу уни қайта ишлашдан тортиб, синаш ва сертификатлаш соҳасигача кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, толани жаҳон талаблари асосида стандартлаштириш, унинг нархига таъсир кўрсатувчи истеъмол ва сифат кўрсаткичларини аниқлаш, бунда замонавий усулларни жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Дастлаб жаҳон тола бозори маркетинги, тола сифатини аниқлаш усуллари ва тамойиллари, хорижий давлатларнинг пахта толаси сифат кўрсаткичлари синчиклаб ўрганилди ва мавжуд стандартлар билан таққосланди. Буни қарангки, орада каттагина фарқ мавжуд экан. Собиқ иттифоқ стандартларида толанинг узилиш кучи ва пишиб етилганлик коэффициенти ҳисобга олинган бўлса, жаҳон тажрибасида толанинг асосан ранги муҳим ўрин тутган. Шундан келиб чиқиб, бу борада янгича ёндашув жорий этилди, давлат стандарти қабул қилинди.
Ушбу стандарт соҳага ёндош бўлган стандартларни ҳам қайта кўриш ва янгича ёндашув асосида қабул қилиш заруратини келтириб чиқарди. Натижада пахта хомашёси, пахта техник чигити стандартлари қайта қабул қилинди. Улар ўзбек пахта толасининг сифат кўрсаткичлари ва истеъмол хусусиятлари ёмон, шу сабабли дунё бозорида унинг нархи паст, деган нотўғри қарашларга барҳам берди. Толамизнинг нархи ошиб, йилига 30 миллион АҚШ долларидан ортиқроқ қўшимча фойда олиш имконини юзага келтирди. Эски стандартлар асосида, тола биринчи навининг улуши 35-40 фоизни ташкил қилган бўлса, янги тасниф бўйи­ча унинг улуши 70 фоизга етди. Энг муҳими, ушбу миқдорнинг 80 фоизи “Олий” ва “Яхши” синфлар билан баҳоланди.
Бу борадаги ишлар 1998 йилга келиб, яъни Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Сифат” пахта толасини сертификатлаш маркази ташкил этилганидан сўнг янада такомиллаша бош­лади. Ҳудудларда пахта толаси лабораториялари қурилиб, замонавий “HVI-900” инструментал ўлчов тизимлари билан жиҳозланди. Пахта толасини тасниф қилишнинг “HVI” усули жорий этилди. Олдинлари толанинг микронейр кўрсаткичи инструментал аниқланиб, унинг узунлиги, нави ва синфи классёрлик усулида, тўданинг ўн фоиз тойларидан намуналар олиб аниқланган бўлса, янги усулда тола сифат кўрсаткичлари инструментал, тойма-той баҳолана бош­ланди. Авваллари 5-тип, деб баҳоланган тола “HVI” тизимларида “4-тип”, деб баҳолана бошланди. 2000 йилгача 4-типнинг улуши 15-17 фоизни ташкил этган бўлса, мазкур тизим жорий этилиши билан унинг улуши 86 фоизга етди.
2005 йилда Ўзбекистон “Сифат” маркази таркибида пахта чигитидан фойдаланишни назорат қилиш инс­пекцияси ташкил этилди. Пахта тозалаш корхоналарида қисқа муддатларда чигит сифатини аниқлаш лабораториялари ташкил этилиб, улар зарур ўлчов ускуналари ва кадрлар билан таъминланди. Лабораториялар аккредитациядан ўтказилди.
Кейинчалик мамлакатимиз ёғ-мой корхоналарида “Сифат” марказининг чигит синов лабораториялари очилиб, уларга Россиядан келтирилган “ЯМР” анализаторлари ўрнатилди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, замон билан ҳамнафаслик муваффақиятлар гаровидир. 2013 йилга келиб, кўп йиллардан буён хизмат қилиб келаётган “HVI-900” ўрнига замонавий “HVI-1000” тизимларини ўрнатишга қарор қилинди. Бу эса тола сифатини баҳолашнинг юқори халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган замонавий яхлит тизимини изчил шакллантириш ҳисобига ўзбек пахтасининг рақобатбардошлигини ошириш ва харидорларнинг ишончини қозониш, синовларнинг халқаро тизимига кенг интеграциялашувини таъминлаш имконини бермоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон “Сифат” марказида малакали кадрлар тайёрлашга доимо алоҳида эътибор берилади. Бу эса тизимда ишларнинг муваффақиятли боришини таъминламоқда. Марказда 1995 йилдан Ўрта Осиёда ягона бўлган пахта классификаторларини тайёрлаш курслари фаолият кўрсатиб келмоқда. Қувонарли жиҳати, уларда дунёнинг 15 дан ортиқ давлатларидан ҳам тингловчилар келиб, сабоқ олишган.
Яна бир эътиборли жиҳат, “Сифат” маркази республикамизда биринчилардан бўлиб ягона ахборот-коммуникация тизимини жорий этган муассаса ҳисобланади. Ҳозирда ушбу тизимга 13 та ҳудудий лаборатория, пахта тозалаш корхоналаридаги чигит сифатини баҳолаш лабораториялари уланган бўлиб, бу лабораториялараро электрон маълумотларни айрибошлаш, синов натижаларини жамлаш ва таҳлил қилиш имконини бермоқда.
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Сифат” пахта толасини сертификатлаш маркази томонидан ўтказилган “Пахта толасини синаш ва сертификатлаш тизимини ривожлантириш йўналишлари” мавзуидаги матбуот анжуманида шулар хусусида батафсил сўз юритилди.

Раимқул СУЯРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.