Саҳна муқаддас

Унга чиқмоқ учун санъаткордан улкан масъулият талаб этилади

“Нега деганда, адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор – бу аввало халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор эканини, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, адабиёт, маданият яшаса, миллат яшаши мумкинлигини унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ”. Давлатимиз раҳбарининг бу сўзларида эртанги кунимизга, авлодларимизнинг саодатига бўлган беҳад эътиборни ҳис этдик.
Учрашувда давлатимиз раҳбари биз санъаткорлар юрагининг тубида ётган оғриқли нуқталарини топиб гапирдилар. Менинг ўзим ҳам кўпдан ўйлаб юрган дилимдаги гаплар ана шу учрашувда ўз аксини топди.
Санъатни санъат даражасига чиқариш учун эътиборни бошдан, яъни жажжи фарзандларимиздан бошламоғимиз, миллий мусиқамиз ва миллий оҳанг­ларимизни ёшларимиз онгига сингдирмоғимиз лозим. Учрашувда бастакорлар ҳақида ҳам дилдаги гаплар айтилди. Менинг назаримда ҳам болаларга атаб яратилаётган мусиқалар, қўшиқлар камдай туюлади.
Ушбу учрашувда кўтарилган яна бир масала бу ўзбек тўйлари ва унда хизмат қилаётган санъаткорлар ҳақида бўлди. Тўйларда санъаткор одоби, саҳна маданияти ва у ерда ижро қилинаётган ашулаларнинг одоб доирасида бўлиши ҳақида танқидий фикрлар ҳам билдирилди.
Шу ўринда Президентимизнинг сўзларини келтириб ўтмоқчи эдим: “Ижодни пулга, мол-дунёга алмаштирган одамдан санъат шафқатсиз ўч олади. Охир-оқибатда ҳар қандай ёрқин истеъдод ҳам сўниб, эл-юрт назаридан қолади”.
Ҳақ гап. Чунки бизнинг устозларимиз ҳар доим саҳнани муқаддас билиб келишган. Тўйларимизда санъаткорлар учун қўйилган саҳна ҳам, давлат тадбирларида қўйилган саҳна ҳам, театр саҳнаси ҳам санъаткор учун бир хилда бўлмоғи лозим. Санъаткор саҳнага ҳар доим тайёр бўлиб, ўз репертуарини бир кўздан кечириб, саҳна одобига тўла амал қилиб чиқмоғи шарт. Тўй саҳналарида ҳар хил бачкана қилиқлар, маъноси жўн ашулалар айтиш санъаткорга ярашмайди. Шу маънода, санъаткор маданият тарқатувчи ҳамдир.
Президентимиз бўлиб ўтган очиқ ва самимий мулоқотнинг аҳамияти, мантиқий натижаси ҳақида сўз юритиб, “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”, деган фикрни қатъият билан таъкидлади.
Биз санъаткорлар бу борада Президентимизга елкадош бўлиб, буюк санъат ва адабиёт яратишда астойдил хизмат қилишимиз керак.

Раҳматжон ҚУРБОНОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист.