Япроқдан яралаётган мўъжиза

2_pilla

Халқимиз “етти хазинанинг бири” дея таъриф берадиган пиллачилик соҳаси ривожланишнинг янги босқичига чиқмоқда

Президентимизнинг жорий йил 29 мартидаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тармоқ нуфузини ошириш учун озуқа базасини жадал ривожлантириш, сифатли ипак қурти уруғи етиштириш тизимини кенг йўлга қўйиш, саноатбоп пилла хомашёси етиштириш ва пиллани қайта ишлаш корхоналарининг тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлаш, тайёр рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида 2021 йилга бориб, юртимизда етиштирилган пилла тўлиқ қайта ишланиб, ишлаб чиқарилган ипак толаси ҳажмида ипакдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш улуши 50 фоизгача оширилади. Бу соҳа ўзининг янги имкониятларини очиб, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муносиб улушини қўшади, деганидир. Мухбиримизнинг “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бошқаруви раиси Баҳром ШАРИПОВ билан суҳбати соҳадаги янгиланиш­лар ҳақида бўлди.
– Қарорга асосан, энг аввало, пиллачиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш чоралари кўрилмоқда, – дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бошқаруви раиси Баҳром ­ШАРИПОВ. – Мисол учун, ҳозирга қадар ипак қуртини қайта ишлаш корхонаси шартнома асосида туман пилла корхонасига, у фермерга, фермер шартнома билан хонадонга бериши жараёнида турлича нарх ва сарсонгарчилик келиб чиқарди. Янги тизимда бундай ҳолатларга чек қўйилади. Янги тизимга кўра, уруғчилик заводи маҳсулотни пиллани қайта ишлаш корхонасига берганда, унинг вакили жонлантириш жараёнида иштирок этиб, ипак қуртини хонадонларга ёки ипак қурти боқиш махсус цехларига тарқатишда кўмаклашади.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун аввало 2020 йилгача ҳар бир ипак қурти уруғи етиштирувчи заводда юқори сифатли уруғ ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун ҳамкор сифатида чет эллик инвесторлар иштироки таъминланади. Ана шунда тизимдаги ҳар бир корхонада Хитой, Япония ёки Жанубий Кореядан келиб, дои­мий ишлайдиган малакали, ўз касбининг устаси бўлган иккита хорижий мутахассис бўлади. 2020 йилга бориб ипак қурти уруғининг камида 50 фоизини ўзимизда етиштиришга эришамиз.
Айни вақтда тизимда 200 дан зиёд корхона бўлиб, унинг салкам қирқтаси пилла хом­ашёсини қайта ишлаш билан шуғулланмоқда. Келгусида ушбу корхоналар хорижнинг шу соҳада фаолият юритувчи илғор компаниялари билан ҳамкорлик қилса, уларнинг имконияти янада ошади. Бу борада Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Буюк Британия каби давлатларнинг шу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлари Ўзбекис­тонга ишончли ҳамкор сифатида қарамоқда. Тизимдаги корхона ва ташкилотларга 2023 йилгача қатор имтиёзлар берилгани, хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар туфайли қулай ишбилармонлик муҳити таъминланмоқда. Шу сабабли, хорижий ҳамкорлар томонидан тармоққа инвестиция йўналтириш учун қизиқишлар ортиб бормоқда.
2018-2021 йилларда хорижий ҳамкорлар ва маҳаллий тадбиркорлар иштирокида пиллани қайта ишлаш, йигирув ва ипак мато ишлаб чиқаришга ихтисослашган олтита йирик лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда. Яқин истиқболда Андижон, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ягона технологик занжир асосидаги пилла етиштиришдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни ўз ичига қамраб олган янги корхоналар ишга тушади.
Ушбу лойиҳалардан ташқари уюшма тизимидаги ўттиздан ортиқ қайта ишлаш корхонасида модернизация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Хусусан, “Бухоро Бриллиант Силк” қўшма корхонаси Швейцария, Италия, Германиянинг тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган илғор технологиялари билан жиҳозланмоқда. Андижон вилоятидаги “Харир тола” мас­ъ­улияти чекланган жамияти, Бухоро вилоятидаги “Ромстар” қўшма корхонасига лойиҳа доирасида Хитойдан пилла чуваш, қайта ўраш, ипак момиғи ишлаб чиқариш ускуналари келтирилиб, монтаж ишлари олиб борилмоқда. 18 та ипак қурти уруғи ишлаб чиқариш корхонасини технологик янгилаш лойиҳалари бошлаб юборилди.
Таъкидлаш ўринлики, ҳозиргача тизимдаги корхоналар пилла етиштириш ва ипак ишлаб чиқариш билан чекланиб қолган эди. Ипак асосан хомашё сифатида сотилиб келинарди. Эндиликда соҳани барқарор ривожлантириш мақсадида кўламдор ишлар олиб борилаётир. Хусусан, ҳудудларнинг иқлим шароити ва одамларнинг қизиқишига қараб Хоразмда қўйчиликни, Сурхондарёда чорвачиликни, Бухорода асаларичиликни ривожлантириш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бунинг самарасида бозорларимизда шифобахш маҳсулотлар кўпайишига, экспорт салоҳиятининг янада ортишига эришамиз.
Маълумотларга кўра, сўнг­ги йилларда юртимизда 450 минг қутидан зиёд ипак қурти парваришланиб, йилига 26 минг тонна пилла етиштириб келинаётир. Аслида, бундан-да юқори ҳосилдорликка эришиш, шунинг баробарида, катта даромад олиш ҳам мумкин. Шу мақсадда тутзорлар майдонини кенгайтириш, ипак қурти уруғи етиштиришни кўпайтириш, соҳага юқори малака ва тажрибага эга мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилган. Яқинда соҳа мутахассисларидан иборат бўлган бир гуруҳ ёшлар уруғ тайёрлаш ва ипакчилик соҳасидаги тажрибаларини ўрганиш учун Ҳиндистонга юборилди. Бу мамлакат пилла етиштириш бўйича дунёда етакчи ўринда туради. Биргина Бангалор шаҳрида йилига 5-6 мартагача “кумуш тола” олинади.
Тизимга ёшларнинг янги инновацион ғоялар ва ишланмаларини татбиқ этиш, бу борада уларни қўллаб-қувватлаш, етарлича кўмаклашишга интилмоқдамиз. Сентябрь ойида 30 дан ортиқ, келгуси йилда эса эллик нафар ёш мутахассис Хитойга малака оширишга юборилади. Улар пилла етиштириш, ундан тола олиш ва қайта ишлаш бўйича ўз билим ва тажрибасини ошириб қайтади. Келгусида Япония билан тажриба алмашишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкид­лашича, юртимизда илк бора кўпроқ миқдордан такрорий равишда кузги ипак қурти 42 мингдан зиёд хонадонга бўлиб берилади. Бу пиллачиларнинг 6 миллиард сўмдан зиёд даромад кўришини ва қайта ишлаш корхоналарига уч мингта мавсумий ишчи жалб этилишини таъминлайди.
Истиқболда таркибида камида 4-5 корхонани бирлаштирган пиллачилик клас­терлари яратилиши назарда тутилган. Уларда ипак қурти озуқасини етиштиришдан тортиб, пилла олиш, ипак йигириш, мато тўқиш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичлар қамраб олинади, улар юртимизнинг қайта ишлаш корхоналари йўқ ҳудудларида ишга туширилиши мўлжалланмоқда. Жаҳон бозорида бир килограмм ипакнинг баҳоси 38-40 АҚШ долларига тенг. Агар у калава қилинса, нархи 55 АҚШ долларигача ортади. Ундан мато тўқилиб, кийим-кечак тикиб сотилса, бу рақам яна 4-5 баробарга кўпаяди. Умуман, ипак калавасининг ҳар бир килограммидан 11 метргача мато тўқилади.
Ҳар кимсаки, айламас ошуғмоқликни хаёл,
Япроқни ипак қилур, чечак баргини бол.
Ҳазрат Навоийнинг бу байт­лари айнан бизнинг соҳа учун айтилгандек. Зеро, юртимизнинг қулай табиий иқлим шароити, давлатимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор пиллачиликни янада ривожлантириш, мазкур жаб­ҳада дунёда етакчи давлатлар қаторидан мустаҳкам жой эгаллашга мустаҳкам замин яратади. Бунинг учун бизда ташаббускорлик, изланиш ва ғайрат бўлса, кифоя.

“Qishloq hayoti” мухбири
 Озод ОЧИЛОВ суҳбатлашди.