Серқуёш заминда “Айсберг” яратиш санъати

3_aysberg

Серқуёш диёримизнинг қулай тупроқ-иқлим шароити сабзавот, полиз, карам, турли кўкатлар сингари қишлоқ хўжалиги экинларидан бир йилда икки, ҳатто уч марта ҳосил етиштириш имконини беради. Жумладан, кейинги йилларда сурхондарёлик ва қашқадарёлик деҳқонлар бош салатнинг “Айсберг” навини етиштириб, хорижга экспорт қилишмоқда.

Маълумотларга қараганда, ўтган йилнинг ўзида Сурхондарё вилояти деҳқонлари хорижга 45,8 тонна “Айсберг” навли кўкатни экспорт қилишган. Бир гектар майдондан ўртача 10-12 тонна ҳосил олинишини инобатга олсак, деҳқонларимиз уни етиштириб яхшигина даромад кўриш­лари мумкин.
Бош салатнинг “Айсберг” нави оқбош карамга ўхшаш бўлиб, барглари зичланмаган ҳолда ўралади. Бир донасининг ўртача вазни 0,8-1 кг.ни ташкил этади.
Бош салат дармондориларга бой бўлиб, унинг барглари таркибида А, С, Е ва В гуруҳига мансуб, шунингдек, калий, фосфор, темир сингари фойдали дармондорилар ҳам бор. Унинг барглари хуштаъм ва қарсилдоқлиги билан ажралиб туради.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда эртаки ва кечки муддатларда етиштириш учун “Робинсон”, “Платинас”, “Сантаринас”, “Нанет”, “Лагунас”, “Еленас” каби нав­лари экилиб, етиштирилмоқда.
Ушбу экиннинг бошқа сабзавотлардан фарқли жиҳати, бош ўраши учун мўътадил салқин ҳаво ва ҳавонинг нисбий намлиги 70-85 фоиз бўлиши талаб этилади. Ушбу экин қисқа муддатли 4–5 оС гача совуққа бардошлидир.

Барчаси кўчат етиштиришдан бошланади
Бош салат кўчати етиштириш учун нав­нинг тозалиги 98 фоиздан, унувчанлиги 85 фоиздан кам бўлмаган биринчи синф уруғларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бундай уруғнинг 200-250 грамми бир гектарга етарли ҳисобланади. Уруғларни экишдан олдин ўстирувчи стимуляторлар эритмасида 1 соат давомида ивитиб, сўнгра фунгицидлар билан ишлов берилса, униб чиққан ниҳолларнинг касалликларга чидамлилиги ошади, ўсуви тезлашади ва натижада юқори ва сифатли ҳосил олишни таъминлайди.
Шудгорланган майдон текисланади ва 1-1,2 метр кенгликда, 10-15 см. чуқурликда, узунлиги сепиладиган уруғ миқдорига қараб чел олинади. Челнинг ҳар 1 м2 га 15 грамм суперфосфат бир текисда сепилади ва тупроққа аралаштирилади. Шундан сўнг тупроқ текисланиб, намиқтириб суғорилади. Сув тупроққа тўлиқ сингиб бўлгач, (1-2 соатдан сўнг), унинг устига ҳар 1 м2 майдонга 2-3 грамм уруғ бир текис қилиб сепилади. Уруғ сийраклатиб сепилса, ягана қилишга ҳожат қолмайди.
Уруғни сепгандан кейин усти 0,5-1 см. чуқурликда майин тупроқ ва чириган гўнг аралашмаси (1:1 нисбатда) билан беркитилади. Эртаки муддат учун тайёрлашда сим қўйилиб, полиэтилен плёнка қопланади ва атрофи тупроқ билан ёпилади.
Уруғлар сепилгандан сўнг 4-, 5-кунлари униб чиқади. Ниҳоллар униб чиққандан кейин 18-20 кун ўтиб, биринчи озиқлантириш тадбири ўтказилади. Бунда ҳар 10 литр сувга 15-17 грамм сульфат аммоний, 25-30 грамм суперфосфат ва 12-15 грамм калий ўғитлари солиб эритилади ва суғорилади. Ушбу эритма ҳар 3-3,5 м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади. Кўчатларни иккинчи озиқлантириш эса уларни далага экишдан 8-10 кун олдин амалга оширилиб, бунда юқорида таъкидланган ўғитлар миқдори бир ярим маротаба кўпроқ қўшилган ҳолда бажарилади.
Кўчатлар ҳар бирининг баландлиги ўртача 14-16 см.дан ва улардаги барглари сони 4-5 тадан бўлган даврида очиқ майдонларга экилади.
Кўчатларни, шунингдек, озуқали тувакчалар, кассеталар ва полиэтилен қопчаларда ҳам етиштириш мумкин. Ушбу усулда етиштирилган кўчатларнинг илдиз қисми шикастланмаган ёки ердан узилмаган ҳолда озуқали аралашмалар билан бирга очиқ майдонга экилади. Кўчатларни ташқи муҳитга мослашуви осон кечади ва эртароқ ҳосил олиш имконияти пайдо бўлади.

Экишга текис майдон керак
Бош салат учун чириндига бой, сернам, қора тупроқли майдонларни танлаш тавсия этилади. Уни экиш учун унчалик қия бўлмаган майдонларни танлаш зарур. Эртаги муддатда очиқда ёки плёнка остида етиштириш учун кеч кузда майдонлар 35-40 см. чуқурликда ҳайдалади. Ҳайдашдан олдин гектарига 25-30 тонна чириган гўнг, 100 кг. фосфор ва 50 кг. калий ўғитлари текис сепилади.
Ер ҳайдалгандан сўнг яхшилаб текисланади ва қатор оралиғи 60-70 см. қилиб эгатлар олинади.

Такрорий экин, аммо даромади бетакрор
Эрта-ўртапишар бош салат навларининг 40-45 кунлик кўчати эртаки муддатда республикамизнинг жанубий ҳудудларида 10-15 февраль, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 20-25 февраль – 15 март, шимолий минтақаларда 15-30 март, кечки муддатда мос равишда 1-5 сентябрь, 10-15 август, 1-5 августда экиш тавия этилади.
Экиш схемаси 60х25 см, 70х20 см. ёки 70х30 см. У ўсимликнинг кучли ёки кучсиз ўсувига қараб белгиланади.
Эртаки бош салат экиш режалаштирилган майдон кузда тайёрланиб, эгатлар олинганда ҳосил 8-10 кун илгари етилади, бунда ҳосил мўл бўлади.
Кўчат экилган майдон кетма-кет суғорилиши керак. Орадан 2-3 кун ўтгач, эгатлар кўздан кечирилиб, хато жойларга яна кўчат экилади. Барча кўчатлар тутиб олгандан сўнг эгатлар оралари культивация қилиниб, кўчатлар атрофи юмшатилиб, биринчи ўғит берилади. Иккинчи культивация экин суғорилгандан сўнг ўтказилади. Икки марта чопиқ қилинади.
Кечки бош салат такрорий экин сифатида экилади. Эртаки экин йиғиштириб олингандан кейин ер ҳайдаш олдидан суғорилади, сўнг плуг билан 20-30 см. чуқурликда ҳайдалади, чизелланади ва суғориш эгатлари олинади.
Кўчатлар экиб бўлингандан 15-20 кун ўтгач, биринчи ялпи ишлов берилади. Бунда қатор оралари КРН-4,2 культиватори билан 15-16 см. чуқурликда культивация қилиниб, ўсимликлар атрофи юмшатилгач, минерал ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғорилади. Орадан 20-25 кун ўтказиб, иккинчи марта ялпи ишлов берилади.

Айсбергга совуқ, “Айсберг”га ўғит керак
Бош салат тупроқ унумдорлиги ва минерал ўғитларга ўта талабчан. Сизот сувлари чуқур жойлашган қадимдан суғориб келинаётган бўз тупроқларда гектаридан 20-22 тонна ҳосил олиш учун соф ҳолда ўртача 150 кг. азот, 100 кг. фосфор, 50 кг. калий берилиши керак.
Ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқли тупроқларда етиштирилганда эса гектарига ўртача 120 кг. азот, 80 кг. фосфор, 60 кг. калий солиш керак.
Бош салат кечки муддатда экилганда ўртача 23-25 тоннадан ҳосил олиш учун минерал ўғитларни қуйидаги миқдорда солиш лозим:
– қадимдан суғориб келинаётган типик бўз тупроқларда гектарига соф ҳолда ўртача 240 кг. азот, 160 кг. фосфор, 100 кг. калий;
– ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ тупроқларда етиштирилганда эса соф ҳолда ўртача 200 кг. азот, 160 кг. фосфор, 120 кг. калий берилади.
Йиллик режалаштирилган ўғитлардан фосфорнинг 70-75 фоизи, калийнинг тенг ярми ерга асосий ишловда, фосфорнинг қолган қисми, 50 фоиз азот билан биргаликда биринчи комплекс ишлов олдидан ўсимликларга яқинроқ берилади. Азотнинг қолган 50 фоизи калийнинг 50 фоизи билан биргаликда бош ўрай бошлаганда берилади. Бош салатни юқорида кўрсатилгандек ўғитлаш, ўғитлардан самарали фойдаланиш ҳосил салмоғининг ортиши ва сифати яхшиланишига замин яратади.
Бўз тупроқли ерларда эртаги бош салат 8-10 марта, сизот сувлари юза жойлашган ерларда 6-8 марта сув бериш тавсия этилади. Суғориш меъёри гектарига – 500-550 м3.
Кечки муддатда ўсув даврининг бош­ларида 7-10 кун оралатиб, кейинроқ эса 10-12 кун оралатиб, суғориб турилади.

Зараркунанда ҳам кўз тикади
Бош салатнинг карам бити, карам куяси, шира каби зараркунандаларига қарши олтинкўз, хонқизи қўнғизларидан фойдаланиш яхши самара беради. Карам оқ капалаги қуртига қарши трихограмма, катта ёшдаги қуртларга қарши бракон энтомофаглари қўлланилади. Кимёвий усулдан фойдаланилганда эса 25 фоизли Циракс (0,2 л/га), Циперметрин (0,16 л/га), 15 фоизли Аваунт (0,4 л/га) препаратларнинг бири қўлланилади.

Тайёр бўлгач, салқинни хуш кўради
Бош салат ҳосили экилган нави, уруғининг сифати ва қўлланилган агротехникасига қараб 55-60 кунда пишиб етилади.
Эртаки муддатда экилган бош салат навларининг ҳосилини апрель-май ойларида узишга киришилади. Карамбош­лар олдинма-кетин пишиб етилганлиги сабабли ҳосил камида 2-3 маротаба ҳар 6-8 кунда йиғиб олинади. Карамбошлар 3-5 барги билан бирга пичоқ билан кесиб олиниб, сотишга жўнатилади. Бош салатни тупидан узиб олгандан сўнг истеъмолчига етиб боргунча салқин жойда сақлаб туриш лозим. Чунки юртимизнинг иссиқ ҳаво шароитида у товарбоплик хусусиятини тез йўқотади. Бош салат совитиш камераларида +1°С да яхши сақланади, сақлаш муддати 7-10 кун.

Рафиқ Ҳакимов,
қишлоқ хўжалик фанлари номзоди.