Санобар Раҳмонова: Миллийлигимизга номуносиб кийимда қўшиқ айтишни тасаввур қила олмайман

sanobar-rahmonova

1971 йилнинг баҳори. 4 синф ўқувчиси бўлмиш Санобар Раҳмонова “Санъат ғунчалари” танловининг Асака тумани босқичида “Андижоним” дея номланган қўшиғи билан иштирок этди. Ижро тугагач, танлов ҳайъатини бошқараётган Ғуломжон Рўзибоев Санобарга юзланиб, “Бу қўшиқни сизга ким ўргатди” дея савол билан мурожаат қилди.

– Мусиқа ўқитувчимиз Етмишвой Умрзоқов, – дейди Санобар Раҳмонова ўшанда.
Ғуломжон Рўзибоевнинг айни Санобар ижро этган “Андижоним” қўшиғига эътибор беришининг боиси бор эди. Ушбу қўшиқ матни ва мусиқаси Ғуломжон акага тегишли бўлиб, уни ижро этганлар кўп бўлса-да, муаллифга Санобарнинг ижроси ниҳоятда ёққанди. Шу боис, ёш ижодкорга туман маданият уйидаги ҳавас­корлар тўгарагига келиб туришни таклиф қилди.
Муаллим Етмишбой Умрзоқов шогирдининг Ғуломжон акадек талабчан ва айни вақтда зийрак санъаткор назарига тушганидан боши осмонга етди ва Санобарни туман маданият уйига олиб борди. Орадан бир йил ўтгач, Санобар ижро этган “Андижоним” қўшиғи Тошкентдаги “Баҳор” концерт залини ларзага солди. Жуда кўплаб қўшиқчилар, раққосалар, акт­ёрлар кашф этган “Марҳабо талантлар” кўрик-танлови сабаб Санобар Раҳмонова элда машҳур бўлди.
Танлов ҳайъати аъзоси бўлган Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла Санобар Раҳмонованинг маҳоратига олий баҳо – 10 балл беришни таклиф этар экан, у кўрикдан ташқари иштирок этаётганлигидан афсусланди. 5 синф ўқувчисининг катта саҳнада чиқишидан ғоят қувонган шоирнинг Санобарга бўлган ишончи ўзини оқлади.
1973 йилнинг баҳорида Асакадаги маданият ва истироҳат боғида Шароф Рашидов иштирокида водий деҳқонларининг қурултойи ўтказилди. Одатга кўра, анжуман бошлангунига қадар Ғуломжон Рўзибоев бошчилигидаги ашула ва рақс дастаси аъзолари ижросида концерт намойиш қилинди. Куйлаш навбати келгач, Санобар Раҳмонова саҳнага кўтарилди. Берилиб куйлаётган қизалоқнинг овози боғни ларзага солаётган лаҳзаларда Шароф Рашидов қурултойга ташриф буюрди.
– Кетма-кет иккита қўшиқ айтдим, – дейди ўша қувончли онларни эслар экан Санобар Раҳмонова. – Шароф Рашидов ҳузурига чорлади. Бошимни силаб, айтган қўшиқларим учун миннатдорлик билдирди. Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон радиосига бордик. У ерга устозимиз билан ўнта қўшиқ тайёрлаб борган эдик. Шундан саккизтаси бадиий кенгаш аъзоларига маъқул келди. Шу тариқа Ҳабибий, Пўлат Мўмин, Ғуломжон Рўзибоев ва Эркин Воҳидов шеърлари асосида тайёрланган қўшиқлар радионинг олтин фондига ёзиб олинди.
Шу ўринда Ғуломжон Рўзибоевнинг санъат ва маънавият бобидаги хизматларини ёд этиш кўпчиликка ибрат бўлади. Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон радио­каналининг “Табассум” эшиттиришига у инсон ижодига мансуб мусиқа ҳамроҳ. Ғуломжон Рўзибоев Ҳабиба Охунова, Шерали Жўраев, Илҳом Жўраев каби машҳур санъаткорларнинг камолотига ҳам озми-кўпми ўз ҳиссасини қўшган.
Ғуломжон Рўзибоев ғижжак чалганда тингловчилар сел бўлар, кези келганда водийнинг уста аскиячилари даврасида нозик қочиримлари билан байроқни олиб кетарди. Санъатни эл мулки деб биладиган бу инсон уни авлоддан-авлодга етказиш учун кўп ва хўб хизмат қилди. Ана шу хизматлари туфайли ҳаётининг сўнги дамларида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими фахрий унвонига сазовор бўлди.
– Устозимдаги камтарликни ҳанузгача ўзгалардан қидираман, – дейди хонанда. – Шу ўринда битта мисол айтсам, сиз ҳам менга қўшиласиз, деган умиддаман. Мени саҳнага олиб чиққан “Андижоним” қўшиғининг ижодкори Ғуломжон Рўзибоев эканлигини яқиндагина билдим.
Дарвоқе, республика радиосига 8 та қўшиқ ёзиб олингандан сўнг ҳафта ўтмасдан “Ўзбектелефильм” ижодкорлари Андижонга келишди. Ёз. Вилоятнинг энг сўлим гўшаларида ва Олой тоғининг хушманзара Ёрилтош массивида Санобар Раҳмонова куйлаган энг сара қўшиқлар тасвирга туширилди. 1974 йилнинг 1 январ куни эса “Куйла, Санобар” мусиқали телефильми эфирга узатилди.
Давлатимиз раҳбари шу йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида устоз ва шогирд масаласини кун тартибига қўяр экан, ибо ва ҳаё санъаткорнинг юзи эканига урғу берди. Бу ўринда Санобар Раҳмонованинг болалик чоғидаги тасвирларни барча яна бир бор ёдга олди.
– Мулоқотда ибо ва ҳаё борасида сўз борганида кўз олдимга бувижонимни келтирдим, – дейди Санобархон. – Улар бизни ҳаётга тайёрлашда соябон бўлганини 4 нафар фарзанд катта қилганим, 7 нафар набирага буви бўлганимда янада ойдинроқ ҳис этяпман. Бугун ёшларимизнинг ҳар бир ҳаракатида ғарбга тақлид сезилиб турадиган очиқ-сочиқ кийинишга хорижликлар эмас, Президентимиз айтганидек, балки ўзимиз сабабчи бўлаётирмиз. Миллийлигимизга номуносиб кийимларда чиқиб, қўшиқ айтишни тасаввур эта олмайман. Қўшиқ куйлаш ва изланишда ҳамон давом этмоқдаман. Туман ва вилоят миқёсидаги тадбирларга таклиф этишса, албатта, бораман ва қўшиқ айтаман. Ибо ва ҳаё санъатнинг юзи. Усиз на адабиёт, на санъат ривожланади. Аксинча, умри қисқа  қўшиқлар кўпаяверади.
Санобар Раҳмонова айни пайтда Асаканинг Кужган қишлоғида умргузаронлик қилмоқда. “Куйла, Санобар” телефильмидаги ўша тасвирлар бугун ҳам унинг она ва буви қиёфасида кўзгудек товланиб турибди.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.