Жаҳон мусиқа байрами юксак савияда ўтади

Самарқанд вилояти

Самарқандда “Шарқ тароналари” ўн биринчи халқаро мусиқа фестивалига қизғин тайёргарлик ишлари кетмоқда. Айни шу жараёнга бағишланган матбуот анжуманида таъкидланганидек,  2017 йилги фестивалда элликдан ортиқ давлатлардан 260 нафардан зиёд иштирокчи қатнашиш истагини билдирган.

Шулардан, 37 та мусиқий жамоаларнинг 171 нафар иштирокчилари бевосита танловда, 12 нафар иштирокчилар ҳакам сифатида, 18 нафар иштирокчилар илмий анжуманда иштирок этади, 7 нафар мусиқий жамоаларнинг менежерлари, 10 нафар журналистлар ва 2 нафар фахрий меҳмонлар ташриф буюради, 40 нафар иштирокчиларнинг қатнашишлари бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Регистон майдонидаги саҳнада олдинги тажрибалардан келиб чиқиб, санъаткорлар ва томошабинлар учун янада қулай шароит яратилмоқда. Самарқандда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Фестивални ҳар томонлама юқори савияда ўтказиш юзасидан вилоят ҳокимлигида ишчи гуруҳи ташкил этилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Анжуман иштирокчилари жойлашадиган меҳмонхоналар, Улуғбек мадрасаси, музейларда “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалига оид фотосуратлар, миллий мусиқа асбоблари, тарихий либослар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, миллий ҳунарманд­чилик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Фестиваль қатнашчилари Пайариқ, Пастдарғом, Самарқанд, Ургут, Тайлоқ, Жомбой туманларида бўлиб, истироҳат боғларида, Болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўз дас­турларини намойиш этишлари, ёш ижодкорларга маҳорат машғулотлари ўтишлари учун зарур шароитлар яратилган.
Зиёратгоҳларда меҳмонларга хизмат кўрсатиш мақсадида гид таржимонлар икки ой давомидаги ўқув-семинарларида қатнашиб, ўз малакаларини оширди.
– Халқаро фестивал ва ЮНЕСКОнинг халқаро конференцияси иштирокчиларига хизмат қилувчи замонавий енгил автомобиллар, микроавтобуслар шай ҳолатга келтириб қўйилган, – дейди гуруҳ раҳбари Азамат Туронов.
– ЮНЕСКОнинг халқаро конференцияси хорижий иштирокчилари, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг ҳакамлари, журналистлари, юқори мартабали меҳмонлари, фестиваль иштирокчилари учун “Регистон Плаза”, “Азия Самарқанд”, “Бек”, “Зилол Бахт”, “Ориент Стар”, “Арба” меҳмонхоналарида жойлар ҳозирлаб қўйилган, – дейди йўналиш раҳбари Илҳом Сувонов.
Меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги энг замонавий ҳамда миллий руҳда безатилган ресторанларда овқатланиш имкониятига эга бўлишади.

Нуриддин БОЛИЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.