Меҳр ва эътибордан кўнгиллар шод

14

Сурхондарё вилояти

Фуқароларнинг мурожаатлари ва жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар натижаларига кўра, Президентимиз ташаббуси билан уй-жойга эҳтиёжманд, меҳнатга лаёқатсиз ногиронларга имтиёзли равишда уйлар қурилиб, унинг бошланғич бадал тўлови давлатимиз томонидан тўлаб берилаяпти.

Мустақиллигимизнинг 26 йиллик тўйи арафасида вилоятдаги 32 нафар ана шундай фуқароларга имтиёзли кредит асосида турар-жойлар калити тантанали равишда топширилди.
Шеробод тумани Узунсой маҳалласида истиқомат қилиб келаётган 1-гуруҳ ногирони Олмахон Абдулалиева ҳам давлатимиз томонидан кўрсатилган ана шундай ғамхўрликдан баҳраманд бўлди. Унга Президентимиз номидан Тароқли массивида қурилган 2 сотихли уч хонали уйнинг калити топширилди.
– Президентимизнинг бу совғаси ўксик қалбимни кўкларга кўтарди, – дейди Олмахон Абдулалиева. – Бугунга қадар қишда томидан чакки ўтадиган, ҳеч қандай шароити йўқ бўлган бинода не бир қийинчилик­лар билан яшаб келдик. Бугун оиламиз билан барча қулайликларга эга, замонавий жиҳозлар билан таъминланган уч хонали уйга кўчиб ўтдик.
Узун туманидаги Эркинлик маҳалласида истиқомат қилувчи Моҳира Ашуралиева­га ҳам тумандаги Янги куч маҳалласида янгиланган намунавий лойиҳа асосида қурилган арзон уй-жойлардан бирининг калити топширилди.
Жарқўрғон туманидаги Янгиобод маҳалласилик 2-гуруҳ ногирони Зокир Тиллаев ҳам турмуш ўртоғи, икки қизи, ўғли, келини ва невараси билан отаси Раҳмон Тиллаевга тегишли бўлган икки хонадан иборат  квартирада истиқомат қилиб келаётган эди. Энди у ҳам икки қаватли замонавий уч хонали ўз уйига эга бўлди.
Тумандаги Алишер Навоий маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Гулбаҳор Алланазарова ҳам уч йилдан бери икки нафар фарзанди билан акасининг уйи­да яшаб келаётган эди. Унга кўрсатилган бундай ғамхўрликдан қавми-қариндошлари, қўни-қўшнилари ҳам хурсанд бўлишди.
Худди шу каби уй-жойлар вилоятнинг бошқа туманларида истиқомат қилаётган имконияти чекланган фуқароларга ҳам топширилди. Тадбирлар доирасида  яна бир гуруҳ кам таъминланган оилаларга замонавий тикув машиналари, 316 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси топширилди.
Тадбирларда вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.