Хива ҳавзаларида Вьетнам балиқлари

2_01

Хоразм вилояти

Хиванинг кунчиқар томонида, Қорақум барханларига туташиб кетган Чинобод деган қишлоқда мисли денгиздек бир кўл бор. Унда Отабой Оллоберганов ва унинг фарзандлари балиқчилик билан шуғулланади.

Отабой ака “Эшонравот” кўлида 1996 йили “Болтабой оқсоқол” балиқчилик фермер хўжалигини ташкил қилганди. Дастлабки йиллари мавжуд 125 гектар кўлдан балиқ етиштириш учун 63 гектаригина яроқли бўлиб, 20-30 тоннадан балиқ етиштиштириларди. Балиқ ҳавзаларини кенгайтириш ва сув ости майдонларини тозалаш ҳисобига кўлнинг сув ости майдони 100 гектарга етказилди ва балиқ етиштириш 5-6 баробарга ўсди. Отабой ака балиқ инкубациясини ҳам ташкил этди. Ҳозирда ушбу фермер хўжалигини ўғли  Ҳайдарбек бошқаради.
Яна бир ўғли Ҳурматбек “Эшонравот” балиқчилик фермер хўжалигини ташкил этган. Ҳозир мазкур хўжаликнинг 232 гектар ҳавзасида балиқ етиштирилмоқда. Ўтган йили аҳоли дастурхонига 490 тонна балиқ етказиб берилди.
Президентимиз Хоразмга ташрифи чоғида Хива туманидаги “Болтабой оқсоқол” фермер хўжалигида ташкил этиладиган балиқчилик комплекси лойиҳаси билан яқиндан танишди. Фермер хўжалигида Вьетнам технологияси асосида балиқ етиштириш ва уни қайта ишлашни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу технология увилдириқларни интенсив усулда етиштириш ва ҳавзаларга юқори тиғизликда ўтказишга ихтисослашган. Бундай усул балиқларнинг омихта ем сарфига нисбатан ривожланиш суръатининг юқорилиги, салбий гидрокимёвий ҳолатлар ва касалликларга чидамлилиги билан ажралиб туради. Одатда, бир гектар ҳавзадан ўртача 15-20 центнер балиқ олинади. Вьетнам технологияси самарасида бу кўрсаткич 400 центнергача етади. Президентимиз ташрифидан кейин “Эшон­равот” фермер хўжалиги ва “Ипотека-банк” ўртасида таъсис шартнома тузилиб, “Хоразмбалиқсаноатагро” МЧЖ ташкил қилинди. Айни кунларда агрофирмада балиқни қайта ишлаш ва консервалаш учун завод қурилиши ниҳоясига етмоқда. Консерва заводи учун керак бўладиган барча техникалар Хитой давлатидан олиб келинади. Агрофирма билан Хитой давлати ўртасида 5 миллиард сўмлик шартнома қилинди. Керакли жиҳозлар етиб келса, декабрь ойида завод ишга туширилади.
Замонавий технология асосида балиқ етиштириш ва уни қайта ишлаш бўйича фермер хўжалиги раҳбари Ҳурматбек Оллоберганов Вьетнам давлатида бўлиб, у ердаги мутахассислар билан шартнома тузиб қайт­ди. Ҳозирда вьетнамлик­лар билан биргаликда агрофирмада иш олиб борилмоқда. “Эшон­равот” кўли ёнида Вьетнамдан олиб келинадиган балиқ личинкалари учун 15 та балиқ ҳавзаси тайёр ҳолга келтирилмоқда. Қолаверса, ўзимизда етиштирилаётган “дўнг пешона”, “оқ амур”, “сазан” балиқларини Вьетнам балиқлари билан чатиштириб, янги серҳосил нав яратиш кўзда тутилган.
Хўжаликда табиий ҳамда инкубация усулида балиқ чавоқлари етиштирилмоқда. Йил бошидан бери 139 тонна чавоқ етиштирилиб, шунинг ўзидан 2 миллиард 270 миллион сўм даромад қилинди. 60 тоннадан зиёд тирик балиқ сотилди.
Ишнинг кўзини билган фермер гилам тўқиш цехини ҳам ишга туширди. Унда 20 нафар ишчи ишлайди. Бундан ташқари, фермер паррандачилик билан ҳам шуғулланиб, янги иш ўринлари яратди. Ҳозир у ерда 1000 та парранда бор. Келажакда балиқ озуқаси учун экин экиш режалаштирилган. Унинг ҳисобидан омихта ем цехи ташкил қилинади.
“Эшонравот” кўлида  сайёҳлар учун дам олиш жойлари яратилган. Сайёҳлар ўтовлар ва европача услубда жиҳозланган хоналарда ҳордиқ чиқаришлари, кўл ва чўл ҳавосидан баҳра олишлари мумкин.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ