Сўз эмас, амалий ҳаракат кутилган самарани беради

2_03

Фарғона вилояти

Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари Лола Муротова Фарғонада ўз тажриба мактабини яратган қишлоқ мулкдорларидан. У кўп йиллик самарали ишлари, катта тажрибаси туфайли водийдагина эмас, мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида ҳам эътиборга тушган. Биринчи Президентимиз ҳар гал Фарғонага келганида Лола Муротова билан албатта учрашар, фермерлик ҳаракати, унинг аҳамияти ҳақида самимий суҳбатлашар эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Фарғона вилоятига ташриф буюрганида ҳам Лола Муротова билан алоҳида суҳбатлашди. Бўлиб ўтган самимий мулоқот чоғида вилоятда фермерлик ҳаракати истиқболлари ҳақида сўз юритилди.
Водий аҳли ердан унумли фойдаланиб, ниманинг ҳисобига ўзини боқа олади, деган савол атрофида фикр юритилар экан, Президентимиз экспортбоп экинларни кўпроқ экиш зарурлигини, бунинг учун мутахассисларнинг ҳам ҳаётий ва илмий тажрибалари етарли бўлиши, фақат муштарак мақсад йўлида барча ўзаро ҳамжиҳатликда меҳнат қилиши кераклигини таъкидладилар.
Фермер опа Ўзбекис­тоннинг ҳар бир қарич ери қадр­ли эканини, ундан жаннат ҳиди келишини, ҳосили мўл ва дунёдаги барча давлатларникидан ширин бўлишини, суви лазиз, тупроғи олтин эканини таъкид­лашдан асло эринмайди. “Биз жонажон заминимизни оддий сўзимиз билан эмас, қалбимиз билан, қилаётган меҳнатимиз билан севишимиз керак”, дейди. У дам олишни хаёлига келтирмайди, даладаги экинлардан мўл ҳосил етиштириш бўйича хўжалик аъзолари билан бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилади. Бугунги ишни якунлар экан, эртага нима қилиш лозимлигини режалаштиради. У бошлиқ фермер хўжалиги 322 гектар ердаги “Аср” ва “Гром” навли бошоқли дон экинларидан 880 тонна ўрнига 1200 тоннадан ортиқ сифатли буғдой ҳосили олди. Давлатга топширилган буғдойнинг бир қисми уруғлик дон учун қабул қилинди.
Айни кунларда хўжаликнинг буғдой ҳосилидан бўшаган далаларига экилган соя, кунгабоқар, лавлаги, сабзи, мош каби озиқ-овқат экинлари сифатли парвариш қилинмоқда. Мақсад – бу экинлардан мўл ҳосил етиштириш ва экспорт учун маҳсулот чиқаришдан иборат.
– Август ойининг ўн бешинчи санасигача уч гектардан ортиқ ерга шолғом ва турп экамиз, – дейди Лола опа. – Ундан кейин экилган экин ҳосили пишмайди.
Фермер опанинг ақл-­идроки, тутган тутими, ташкилотчилиги, бошқалар билан фикрлашиб иш олиб бориши ҳар қандай одамнинг ҳавасини келтиради. У каби қишлоқ мулкдорларининг сафи кенг экан, турмушимиз янада фаровон бўлаверади.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.