Апробация – эртанги ҳосил масъулияти

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Андижон вилояти

Жорий йилда андижонлик фермерлар 89 минг 200 гектар майдонда ғўза парвариш қилаётган бўлса, унинг 78 фоизи маҳаллий селекцияга мансуб навлардир.
Бу қадар кўп майдонга маҳаллий ғўза навларини экиш, парвариш қилиш ва ҳосил яратишнинг масъулияти ўзига яраша, албатта. Кўплаб фермерларнинг нав танлаш борасидаги якдиллиги сири шундаки, “Андижон-35”, “Андижон-36”, “Андижон-37” ва истиқболли “ЎзПИТИ-201”, “ЎзПИТИ-202” ғўза навлари эртапишарлиги, тола чиқиши юқорилиги билан ажралиб туради.

Вилоят Ғўза уруғчилиги бирлашмаси тизимидаги элита хўжаликларида ва таж­рибали фермерлар далаларида уруғлик манфаати йўлида парвариш қилинаётган маҳаллий ғўза навлари доимий назоратда турибди. Айни вақтда Наманганда 22 минг, Фарғонада эса 9 минг гектар ерда “Андижон-35” ҳамда 7 минг гектар далада “Андижон-36” ғўза навлари парвариш қилинаётган бўлиб, уларнинг уруғчилиги ҳам мавжуддир.
Балиқчи туманидаги “Шерали ота” фермер хўжалигида ғўза уруғчилигига бағишлаб, водий миқёсида илмий-амалий семинар ўтказилди. Бир қатор манфаатдор идоралар ва ташкилотлар томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда уруғлик пахта етиштиришнинг барча жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилди. Бунда асосий эътибор уруғлик ғўза апробациясининг мақсад ва вазифалари, унда  мутахассислар, селекционерлар, агротехниклар ҳамда фермерларнинг ўзаро ҳамкорлигига алоҳида урғу берилди.
Жорий йилда андижонлик фермерлар 13 минг 239 гектар майдонда уруғлик пахта парвариш қилишаётган бўлиб, 20 минг тоннадан зиёд ҳосил жамғарилиши режалаштирилган. Республика Ғўза уруғчилиги маркази раҳбарининг ўринбосари Т.Комилов тадбир давомида айни ғўза апробациясини ташкил этиш масъулияти ҳақида сўз юритди. Уруғлик пахтани териб олиш, тайёрлов корхонасига етказиб бериш жавобгарлиги фермер зиммасида бўлиб, бу масалада хатоликка йўл қўймаслик ўта муҳимдир. Гап бу ерда нав тозалиги ҳақида бормоқда.
Вилоят Ғўза уруғчилиги бирлашмаси раиси Ў.Маъмуров бу борада ҳозиргача олиб борилган мониторинг натижаларига тўхталди. Ҳозирда 412 та уруғлик пахта етиштираётган фермер хўжаликларида талаб этилаётган вазифалар ижроси таҳлилдан ўтказилди. Ғўза апробацияси эса ана шу таҳлилнинг якуни бўлади.
Илмий-амалий кўргазмали семинар давомида водий фермерлари ўзаро тажриба ҳам алмашдилар. Балиқчи туманидаги “Балиқчи сара уруғлари” элита фермер хўжалиги раҳбари Д.Олимов билан Бешариқ туманидаги “Қашқар сара уруғи” элтита фермер хўжалиги лабораторияси мудири С.Исмоиловнинг “Андижон-35” ғўза нави бўйича фикр юритганликларига гувоҳ бўлдик.
С.Исмоилов “Андижон-35” нави дашт ерларга мос тушганлиги ҳақида сўзлаб, унинг натижаларини айтиб берди. Д.Олимов эса бу ғўза ер ости сувлари яқин ерларда ҳам барқарор ҳосил бераётганлигига ҳамкасбининг эътиборини қаратди. Ушбу ғўза элита уруғчилиги билан ўн йилдан зиёд шуғулланиб келаётган “Балиқчи сара уруғлари” хўжалигида ҳосилдорлик гектарига 40 центнердан юқори бўлмоқда. Фарғона ва Наманган вилоятлари ғўза уруғчилиги бирлашмалари раислари ҳар икки фермернинг фикрларини бирдек маъқуллашди.
Олтинкўл туманидаги “Истиқлол” фермер хўжалиги раҳбари Т.Режапов деҳқонбоп ва саноат талабларига бирдек жавоб бера оладиган ғўза навларининг истиқболи порлоқлигини ўз тажрибаси мисолида сўзлаб берди. Ушбу хўжаликда гектарига 48 центнергача юқори сифатли ҳосил олинганлиги маълум. Фермер ўз тажрибасидан келиб чиқиб қатор ораларига ишлов бериш, суғоришни ғўза талабидан келиб чиққан ҳолда давом эттириш, эгат ораларини варақлаш ҳамда энди пайдо бўлаётган бегона ўтларни олиб ташлаш август ойи талабларига ҳамоҳанглиги борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашди.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.