Тадбиркорнинг тадбири элга нафдир ҳар бири

Сурхондарё вилояти

Ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиз  тараққиётини кичик бизнессиз тасаввур этиш қийин. Негаки, мазкур соҳа, энг аввало, аҳолини иш билан таъминлашдек ўта муҳим вазифани ижобий ҳал этишга туртки беради. Қолаверса, ички бозорни импорт ўрнини босадиган, экспортбоп маҳсулотлар билан тўлдиришга хизмат қилади. Шу боис, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароитлар яратилмоқда.

Бугунги кунда вилоятда 10 минг 457 та кичик  бизнес субъекти фаолият кўрсатаяпти. Уларнинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 62,9 фоизни ташкил этмоқда. Аҳоли бандлигининг 81,1 фоизи айнан шу соҳага тўғри келади. Тадбиркорлик, ўз нав­батида, янги саноат корхоналари ривожи учун ҳам хизмат қилмоқда. Вилоятда ушбу соҳада яқин уч йил ичида қиймати 294,6 миллион АҚШ долларига тенг 10 та истиқболли лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, янги иш ўринлари яратилади. Масалан, 2018 йилда иш фаолиятини бошлайдиган, лойиҳа қиймати 26 миллион АҚШ долларига тенг бўлган “Узун текс” енгил саноат ҳамда Сариосиё туманидаги енгил саноат корхоналарида 300 тадан иш ўрни яратилади. Йилига 7 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга “Сурхон сифат текстил” МЧЖнинг лойиҳа қиймати 20 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Қолаверса, туманда паррандачилик фабрикаси, йилига 200 минг дона газ баллони ишлаб чиқариш қувватига эга корхоналар қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Шунингдек, Денов туманида 6 минг тонна ип-калава ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Шоҳмоҳкашшоф” агросаноат фирмаси ёки Қумқўрғон туманидаги 15 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва қуритишга мўлжалланган “Агро процессинг груп” МЧЖларини ҳам ана шундай истиқболли лойиҳалар қаторига киритиш мумкин. Албатта, бу каби саъй-­ҳаракатларнинг бари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим манба бўлиб ҳисобланади.
Таъкидлаш жоиз, биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида кимё ва нефть-кимё  саноати йўналишида 5 та, машинасозлик ва эҳтиёт қисмлар йўналишида 1 та, қурилиш материаллари йўналишида 88 та, озиқ-овқат йўналишида 45 та, текстиль ва тўқимачилик йўналишида 21 та, чарм-пойаб­зал йўналишида 1 та, мебель ва  қоғоз йўналишида 30 та,  фармацевтика йўналишида 3 та лойиҳа амалга оширилди. Энг асосийси, мазкур  ишлар самарасида 2 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.
“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги маҳсулотлар бугун жаҳон бозорларини забт этмоқда. Бунда, албатта, вилоят тадбиркорларининг ҳам муносиб ўрни бор. “Gold Dried Fruits Export” корхонасида бугун 14 турдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари қайта ишланиб, Осиё ва Европа мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Дастлаб, 20 киши билан фаолиятини бошлаган мазкур корхонада атиги 3 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариларди. 2016 йилда корхона 3,6 миллион АҚШ долларилик экспортни амалга оширди. Ҳозирда корхонада меҳнат қилаётган 400 нафар ишчининг аксарияти коллеж битирувчиларидир.
Тараққиётнинг бугунги жадаллашуви бозорлардаги рақобатни тобора кучайтирмоқда. Албатта, бу жараён ҳар бир тадбиркордан янгилик яратишни талаб қилади. Ана шу жиҳатларни яхши англаган Термиз туманидаги “Gold Agro Fresh” МЧЖ мутасаддилари янги лойиҳага қўл уришди. Тумандаги “Намуна” СИУ ҳудудида қиймати 35 миллион АҚШ долларига тенг, 100 гектар майдонда Корея технологияси асосида иссиқхона қурилиши бошланган.
Бугунги кунда 15 гектар майдонда иссиқхона барпо этиш ишлари тугатилган бўлиб, унда помидорнинг серҳосил ва эртапишар “Пинк-парадайз” нави етиштирилмоқда.
Мазкур лойиҳа тўла қувватда ишга тушиши билан йилига 10 минг тонна помидор олинади ва 30 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорти амалга оширилади. Бу борада Россиянинг нуфузли “X5 Ритайл груп”  компания­си билан “Ўзагроэкспорт” АЖ компанияси орқали 2 йилга мўлжалланган экспорт шартномаси имзоланган.
Энг муҳими, келгусида бу ерда 100 кишининг бандлиги таъминланади. Улар орасида коллеж битирувчиларининг ишга қабул қилиниши ҳам кўзда тутилган.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.