«Даламиздан баҳор кетмайди»

4_01

Жиззах вилояти

Ғаллаорол туманидаги “Бахмал голден” фермер хўжалиги раҳбари Раҳматилла Ибрагимов ерининг имкониятларини ўрганишдан чарчамайди. Ҳар йили турли  сабзавотларни оз-оздан экиб, қайси навдан кўп ва сифатли ҳосил олиш мумкинлигини аниқлайди. Чунки Бахмалсой қишлоғи ўзига хос табиатга эга.

Қишлоқни икки томондан Моргузар тоғлари ўраган. Қуйидан, кунботиш томондан Сангзор дарёси ва Туятортар канали оқиб ўтади. Тоғларнинг таъсирими ёки дарё сабабми, бу ерда доим шамол эсади. Еллар ерни тез қуритади, яъни дала, экин кўп сув талаб қилади.
Ўтган йили ишбилармон даласига минг туп “Кримсон”, беш туп “Коре” навли ярим пакана олма кўчатлари экди. Кейинги йилиёқ дарахт гуллади. Боғбонлар гулларни териб ташлашди, токи дарахт мевага эмас, танага куч берсин, ўссин. Бу ниҳолларнинг ҳар бири икки йилдан сўнг 25 килограммдан ҳосил беради. 2021 йилда эса тўла ҳосилга киради, ҳар тупдан 50 килограмм мева олади. Дарахтларини 2-2,5 метрдан зиёд ўсишга қўймайди. Бундан ортиқ бўйласа, меваси майдалашади. Кузда яна минг туп олма кўчати экади. Шу тариқа ернинг асосий қисмини боққа айлантиради.
Раҳматилланинг боғида кўчат қатори 3 метр, оралиқ қатор эса 4 метр. Оралиқни кенгроқ қолдиришига сабаб ҳайдов тракторининг киришига шароит яратишдир.  Бир гектар жойда тарвуз, 60 сотих майдонда картошка, 1,5 гектар майдонда экспортбоп ловия, 20 сотих жойда қовун, 50 сотихда сабзи етиштиряпти. Шунингдек, оз-оздан помидор, булғор қалампири, пиёз, қалампир, бодринг, бақлажон, нўхат ундирган, синаб кўряпти. Ўтган йили бодринг­ни экспортчи корхоналарга сотиб, 22,5 миллион сўм даромад кўрганди.
Бу йил ловияси, нўхати, қалампири, картошкаси яхши ҳосил берди. Бозор тортса, шуларни экспорт қилади, шу баҳонада келаси йили нима экиши лозимлигини аниқлайди. Даласининг чеккасида музлаткичли мева сақлаш омбори қураётир. Бинонинг ертўласига 75 тонна сиғимга эга музлаткич омбор, устига мева-сабзавотни қайта ишлаш цехи жойлашади. Бу йил Туятортарга чархпалак ўрнатиш нияти бор. Шунда электр насосида сув тортиш билан боғлиқ харажатлардан қутилади.
Раҳматилла даласини айланиб чарчамайди, ўзи айтмоқчи: “Оралайверсанг, иш кўринади”. Айланади-ю, меҳнатидан, бошлаган ишидан завқи келади.
Раҳматилланинг даласи ростдан ҳам зўр жойда. Амир Темур дарвозасидан Самарқанд томон бурилиб, бир ярим километрча юрсангиз, “Ғаллаорол” деган ёзувга кўзингиз тушади. Унинг ери шу ёзувнинг ёнгинасида, худди Жиззах шаҳрини Ғаллаорол туманидан ажратиб тургандек. Атрофи тоғлар, қуйида дарё ва канал. Айтганча, дарвозадан буёғида ҳарорат ҳамиша беш даража паст бўлади. Шунинг учун Раҳматилланинг даласига баҳор кеч киради, куз-қиш эрта тушади.
У яна бир марта ҳосилининг чамасини олди, кўнгли тўлди. Келажак билан боғлиқ хаёллари уни ҳарбий хизматни ўтаётган ўғли сари етаклади. Ундан кўнгли тўқ, армиядан қайтгач, олий ўқув юртига ҳужжат топширади. Кейинги ўғли Олмос отасининг қўлидан ишини олади, даласига эгалик қилади. Кичиги мактабда, унинг ҳам орзулари осмон. Қизи бўлса, оиласидан тинчиган. Унинг шу заҳоти кўз олдига набираси келди. Қалби бирдан қувончга, шукронага тўлди. Қизғиш қуёшни кузатиб қўяётган ям-яшил даласига яна тикилди-да, хаёлидан “Энди еримдан баҳорни кетказмайман…” деган ўй ўтди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ