Қашқадарёда августда ҳам пилла етиштирилади

pilla

Қашқадарё вилояти

Бу қимматбаҳо ипак хомашёси тайёрлаш ҳажмини янада оширади.

Вилоятда такрорий пилла етиштириш мавсуми бошланмоқда.
Шу мақсадда вилоятга хориждан олий сифатли 1500 қути ипак қурти уруғи келтирилмоқда. Тақсимотни амалга оширишда уруғларни нисбатан барг озуқаси етарли бўлган, об-ҳавоси салқин ҳудудларга тарқатишга алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, тез фурсатда такрорий пилла етиштирувчилар билан шартномалар тузилишини таъминлаш ҳам назарда тутилган.
Туманлардаги пиллачилик агрономлари ва мутасаддилар фермер хўжаликлари ихтиёридаги тут дарахтлари ва плантациялардан оқилона фойдаланишни назорат қилиш, бунда новдаларни кесмасдан, фақат барглар териб олинишини ташкил этишга масъул этиб белгиланди.
Ўз навбатида, фаолиятини янги бошлаган Қашқадарё “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти иссиқ об-ҳаво шарои­тида ипак қурти уруғларининг барча технологик ва агротехник қоидаларга амал қилган ҳолда сақланиши ҳамда тарқатилишини таъминлайди, такрорий пиллани парваришлаш ва етиштириш билан боғлиқ тадбирлар бўйича мониторинг олиб боради. Шунингдек, мазкур ташкилот Қарши шаҳридаги “Радиант силк” қўшма корхонаси билан биргаликда такрорий пилла етиштириш учун зарур инвентарлар (тўшама қоғоз, формалин, термометр, махсус қоғоз) тайёрлаб қўйилишини назоратга олади.
Шу билан бирга, такрорий пилла етиштирувчи фермер хўжаликлари ва аҳолига бўнак маблағлари ўз вақтида берилишини таъминлаш мақсадида “Радиант силк” қўшма корхонаси талабномаси асосида қисқа муддатда банк кредитлари ажратилади.
Яна бир жиҳати, пилла етиштириш истагини билдирган ҳар бир хонадонга тарқатиладиган ипак қуртлари миқдори 5 граммдан ошмаслиги кўрсатиб ўтилган. Бунда ипак қурти боқувчиси ўзи етиштирган ҳар килограмм тирик пилла учун 15 минг сўмдан ҳақ олиш имконига эга бўлади.
Тегишли тақсимотга кўра, ҳудудлар кесимида тарқатиладиган ипак қуртининг энг кам миқдори Деҳқонобод тумани ҳиссасига тўғри келмоқда. Ушбу кўрсаткич 20 қутини ташкил этади. Қарши, Касби, Косон, Китоб, Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Чироқчи туманларига мос равишда 150 қутидан ипак қурти тақсимланади. Мавсумда вилоят бўйича жами 60 тонна пилла етиштириш режалаштирилган.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йил баҳор фаслида вилоят миқёсида пилла етиштирувчиларга 50 минг қутидан кўп ипак қурти тарқатилган ва мавсумда 3 минг тоннадан зиёд ҳосил йиғиб-териб олинганди.

Ҳусан ТЕМИРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.