Бир йилда бир ердан уч ҳосил

dsc_7028

Сирдарё вилояти

Такрорий экин томорқачи ҳамда фермер хўжалиги аъзоларининг катта даромад манбаидир. Бир ердан икки, уч марта ҳосил олаётган деҳқонлар қўшимча даромад ҳисобидан ишлов жиҳозлари, техника воситалари сотиб олиб, соҳани интенсив ривожлантиришга муваффақ бўлишмоқда. Деҳқон етиштираётган маҳсулотининг 50-60 фоизи, борингки, 80 фоизини экспорт қилса, тармоқдан кўраётган фойдаси янада ошади.

Президентимиз жойларда ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг бориши билан танишиш, халқ билан мулоқот асносида фермерлар билан учрашган чоғида ер умрини бекор ўтказмаслик, такрорий экин экиб, даромадни ошириш, етиштирилган маҳсулотни экспорт қилиш ҳақида қимматли маслаҳат ва тавсияларини бермоқда. Унинг самарасида кўплаб фермер хўжаликлари, агрофирмаларда такрорий экин экишга қаратилаётган катта эътибор мўмай даромад олиб келмоқда. Айниқса, бу йил Ўзбекистоннинг Россия ва бошқа хорижий давлатларга полиз, сабзавот маҳсулотлари, дуккакли экинлар, шунингдек, боғдорчилик маҳсулотлари сотиш, етказиб бериш бўйича йирик шартномаларни имзолаганлиги, барча туманларда агрофирмалар томонидан фермер хўжалиги ва томорқачиларнинг зарур уруғлик, техника воситалари ва маб­лағ билан таъминланаётганлиги деҳқонларнинг қўшимча маҳсулот етиштириш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Сирдарё вилоятида ҳам ғалладан бўшаган майдонларга так­рорий экин экиб, улардан мўл ва юқори ҳосил етиштириш борасида бир қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, жорий йилда 15 минг гектар майдонда кечки сабзавот, 16 минг гектар ерда полиз маҳсулотлари, 1500 гектар майдонда мойли экинлар, 36 минг гектар ерда мош, 550 гектар майдонда ҳар хил кўкатлар етиштириш мақсад қилиб қўйилган. Шу боис, ғалла йиғиштириб олинган майдонлар пешма-пеш сомондан тозаланиб, шудгорланди ва такрорий экинлар жойлаштирилмоқда. Ҳозиргача 24 минг гектардан ошиқ майдонга мош, 3 минг 500 гектар ерга шоли, 5,5 минг гектар майдонга полиз экинлари, 2 минг гектар ерга маккажўхори экилиб, парваришланмоқда.
Ибратли жиҳати, мош ва нўхат уруғларини вилоятда ташкил этилиб, самарали фаолият кўрсатаётган “Сирдаринский берег” ва “Сирдарё голден фрутс”, “Боёвут экспорт” МЧЖ экспортчи корхоналарининг ўзи фермерларга етказиб беряпти. Улар етиштирилган маҳсулотларни сотиб олиш бўйича ҳам фермерлар билан ҳамкорлик шартномалари имзолаган. Сирдарё туманидаги “Сирдарё голден фрутс” МЧЖ қоп ишлаб чиқариш, замонавий иссиқхоналар барпо этиш лойи­ҳаларини амалга ошириш билан бирга, вилоятдаги фермер хўжаликлари билан 22 минг гектар майдонда мош етиштириб, сотиб олиш бўйича шартнома тузган. Ана шу корхона томонидан “Дурдона” навли мош уруғи Сирдарё, Оқолтин ва Сайхунобод туманидаги фермерларга етказиб берилди ва мошни парваришлаш қулай муддатларда амалга ошириляпти.
Боёвут туманида эса шу йилнинг ўзида бир йўла фермер ва томорқачиларга техника хизмати кўрсатиб, уларнинг ўқувини ташкил этадиган, негизида маслаҳат марказига ҳам эга бўлган “Боёвут тезкор мадад” янги машина трактор парки ва шу ернинг ўзида етиштирилган маҳсулотни фермер ва томорқачилардан сотиб олиб, қадоқлаб, экспорт қиладиган “Боёвут экспорт” МЧЖ корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда 1 гектар майдонда Эрон технологияси асосида жиҳозланадиган, йилига 500 тонна помидор ва бодринг етиштириб, экспорт қиладиган қиймати 546 минг АҚШ долларилик иссиқхона, шунингдек, 5 гектар майдонда анорзор барпо этилаётир. Машина-трактор паркига келтирилган 15 та замонавий техника томорқачи ва фермерлар ерларини ҳайдаш, агротехник тадбирларни бажариш, такрорий экин экишда деҳқонларнинг мушкулини янада енгиллаштирмоқда. Аҳамиятлиси, ўқув хонаси ва маслаҳат марказини ичига олган алоҳида хоналарда фермер ва томорқачилар ўқитилиб, уларга маҳсулотларни етиштириш, парваришлаш ва экспорт қилиш бўйича ҳам тавсия ва тушунчалар бериб борилмоқда. Ўқув хонасига ўрнатилган 8 та компьютер орқали кечки экинларни жойлаштириш, уларнинг ривожи мунтазам мониторинг қилиб борилади.
– Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига ташрифи чоғида ҳар бир вилоятда фермер ва томорқачиларга хизмат кўрсатадиган замонавий машина-трактор парклари ташкил этиш таклифини билдирган эдилар, – дейди “Боёвут тезкор мадад” МТП раҳбари Сайдимқул Бегимқулов.  – Ушбу машина-трактор паркимиз ҳам Президентимизнинг йўл-йўриқлари, бевосита ташаббуслари билан барпо этилди. Янги машина-трактор паркини қуриш ва техника воситалари билан жиҳозлашга 2 миллиард сўм маблағ сарфланди. Айни вақтда замонавий техникаларимиз билан тумандаги 13 та сув истеъмолчилари уюшмасидаги фермер хўжаликлари ва томорқа эгаларига хизмат кўрсатяпмиз. Бу ерда “Беларус” тракторидан тортиб, сиғими 800 литрлик, бир йўла 12 та эгатга дори пуркайдиган штанкали ОВХгача бор. Бундан ташқари, МТПга қарашли 46 гектар майдонда қўшқатор усулида ғўза парвариш қилинаётир. Ишлов билан боғлиқ агротехник тадбирлар ёш фермерларга шу даланинг ўзида тушунтирилиб, амалий тажрибалар ўтказиляпти. МТПмиз фермер ва томорқачилар учун илмий ва амалий иш олиб борадиган кичик тажриба мактаби вазифасини ўтаяпти.
МТП ҳудудида фаолият олиб бораётган “Боёвут экспорт” МЧЖ 7 минг 500 гектар майдонда мош етиштириш бўйича 568 фермер билан шартнома тузди ва уларга мош уруғини тарқатди. Бўнак сифатида фермер хўжаликлари ҳисобрақамига 200 минг сўмдан маблағ ўтказиб берди. Мазкур МЧЖ ҳосил пишиб етилгач, фермерлардан маҳсулотни сотиб олади. Бундан ҳам фермер, ҳам “Боёвут экспорт” масъулияти чекланган жамияти тўла манфаат­дор бўлади. Икки томонлама ҳамкорлик яхши йўлга қўйилганлиги боис, Боёвут туманида ҳозиргача 3 минг гектардан ошиқ майдонга мош, 454 гектар ҳосилдан бўшаган ерга шоли, 550 гектардан зиёд майдонга полиз экинлари экилиб, парвариш­ланяпти.
– Мош энг харидоргир маҳсулот, – дейди Боёвут туманидаги “Аҳмадий” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Кенжаев. – Бу йил 15 гектар майдонга мош экдик. “Боёвут экспорт” корхонаси билан шартнома тузганмиз. Ҳар гектаридан 1,5 тоннадан ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Такрорий экин ҳам оилага, ҳам хўжаликка катта фойда келтиради.
Сайхунобод, Сирдарё туманларида эса кўпроқ сабзавот маҳсулотлари етиштиришга катта эътибор қаратилади. Экин майдонлари нисбатан Сирдарё дарёсига яқинлиги, дарё бўйларидаги иқлимнинг бу экинлар парваришига мослиги сабаб томорқачи ва фермер хўжалик­лари ушбу экинлардан юқори ҳосил олиб, даромадларини йилдан-йилга кўпайтириб бормоқдалар.
– Мен ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин ўрнида сабзи етиштиришга алоҳида аҳамият қаратаман, – дейди Сайхунобод туманидаги “Мақсад” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими Абдукарим Пардабоев. – 8-10 гектарга экилган кечки саб­зининг ўзидан 100 миллион сўмгача фойда кўрамиз. Механизатор ва сувчиларимиз ҳам бу манфаатдорликдан четда қолмайди. Қолаверса, сабзи экилган майдонларда тупроқ унумдорлиги ошиб, бегона ўтлар уруғи йўқолади.
Дарҳақиқат, иқтисоди юксалишини ўйлаган фермер, томорқачи борки, шубҳасиз яратилаётган бундай имкониятлардан унумли фойдаланади. Бор куч ва эътиборини такрорий экинлардан мўл ҳосил етиштиришга қаратади.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.