Тадбиркор туяқуш гўштини қайта ишламоқчи

rasmlar-canon-123

Хоразм вилояти

Қўшкўпир тумани Янгилик қишлоғи Тараққиёт маҳалласида истиқомат қилаётган Иброҳим Жуманиёзов ва Замира Тожиевалар пенсияда бўлишига қарамай, ҳамон тинчишмаган. Улар бугун оилавий тадбиркорлик билан машғул. Шу боис, уларга “тиниб, тинчимаган одамлар” дея таъриф бериш мумкин.

– Бедана боқа бошлаган пайтларимиз эди, – дейди Замира опа. – Унинг тухумини илк марта бозорга олиб чиқдик. Одамлар ҳайрон. Чунки бедана боқиш у даврларда унчалик урф эмасди. Бедана тухумини кўриб, сўфи тўрғайнинг тухумими, дегувчилар ҳам бўлди.
Ўша онда Замира опа бедана ва унинг тухуми ҳақида етарли маълумотга эга эканлиги қўл келди. Биология фани ўқитувчиси эмасми, институтда олган билимларини ишга солди. Билимини янада бойитиш учун бедана боқиш тўғрисида турли адабиётлар, интернет сайтлардан материаллар тўп­лаб, обдон ўрганди. Шу тариқа, бедана гўшти ва тухумининг шифобахш хусусият­лари ҳақида одамларга маълумотлар бера бошлади.
Иброҳим ака ва Замира опа янгиликка ўч одамлар. Кейинчалик туяқуш боқишни режалаштиришди. Бухорода туяқуш боқадиган одам борлигини эшитган Иброҳим ака йўлга отланди.
У ердан учта туяқуш тухумини олиб келиб, инкубацияда очирди. Ҳамма ҳайрон. Оила аъзолари ҳам, туяқуш жўжаларини томоша қилишга келувчилар ҳам. Жўжалар кундан-кунга каттариб, баҳайбат аммо беозоргина паррандага айланди. Аммо ҳовли туяқушларга торлик қилиб, улар касалланиб қолди.
Замира опа ва Иброҳим акаларнинг туяқуш боқишаётгани ҳақидаги хабар туман ва вилоят раҳбарлари қулоғига етди. Улар тадбиркорларнинг қилаётган ишлари билан қизиқишди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришлари учун икки гектар ер ажратиб беришди. Шундай қилиб, “Ибрат-Рўзмат” оилавий паррандачилик кархонасига асос солинди.
Икки гектар майдон Хоразмнинг қадимий анъаналари бўйича икки метр­ли пахса девор билан ўралди. Паррандалар боқиш учун махсус хоналар, туяқушларнинг эмин-эркин чопқиллаб юришлари учун кенг майдон, қишлаши учун хоналар қурилди.
Ҳозирги кунда “Ибрат-Рўзмат” оилавий паррандачилик корхонасида 5 та туяқуш, мингдан зиёд бедана, африка цесаркалари,  тустовуқ, қирғовул, япон бентамкаси каби паррандалар боқилмоқда.
Туяқушлар тухум қўймоқда. Корхона инкубациясига қўйилган тухумлар жўжа очмоқда. Жўжалар ҳам харидоргир экан, ҳар бири 1 миллион 300 минг сўмдан пулланиб, ҳозиргача нақд 36 миллион сўмлик даромад қилинди. Келажакда туяқушларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун тегишли ишлар олиб борилаётир.
Икки гектар майдон бўйлаб ўтқазилган мевали ва манзарали дарахтлар кўзни қувнатади. Бунинг сабаби, ери парранда гўнги билан тўйинтирилганидир, балки.
– Келажакдаги режаларимиз кўп, – дейди Иброҳим Жуманиёзов. – Туяқуш гўштини қайта ишлаш ва унинг терисидан маҳсулот олиш ҳақида изланяпмиз.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ