“Ҳаракатдаги дала” деҳқончилик маданиятини янада юксалтиради

5_01

Сурхондарё вилояти

Мева-сабзавотчиликни ривожлантириш аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашни янада яхшилаш имконини беради. Шунинг учун ҳам давлатимиз томонидан мазкур соҳанинг илмий техник асосларини модернизация қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса бунёд этилаётган юзлаб гектарлик интенсив боғлар мисолида ўз ифодасини топмоқда.

Мақсад тез ва сифатли ҳамда мўл  ҳосил олишга эришиш. Албатта, бундай тезкор жараён ўз ўрнида ҳудудлар иқлим шароитига мос қурғоқчиликка, ҳар хил зараркунанда ва касалликларга чидамли, юқори ҳосилдор навларни кўпайтиришни талаб этади.
Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, мамлакатимиз боғдорчилигида тўпланган азалий бой тажриба, қолаверса, ҳудуд иқлим шароити юртимизда пишиб етиладиган олма, ўрик, олчаю гилосларга дунё бозорида ҳамма вақт талаб юқори бўлиб келган.
Маълумотларга қараганда, айни вақтда дунёда биргина олманинг 2,5 мингдан ортиқ нави мавжуд. Аммо уларнинг ҳеч бири юртимиздаги олмалардек ширин ва хуштаъм эмас. Олимлар ўтказаётган биокимёвий таҳлиллар натижасига кўра, олма таркибида дармондорилар миқдори 5 миллиграммдан, 25 миллиграмм, темир моддаси 3 миллиграммдан 5 миллиграммгача, ўрикда шакарнинг миқдори 20, қуритилганда, ҳатто, 40 фоиздан юқори бўлиши аниқланган.
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти Сурхондарё тажриба станциясида айни кеча-кундузда мавжуд 18 гектар майдондаги илмий тажриба участкасида йиллар давомида тўпланган тажрибалар асосида  полиз, сабзавот ва бошқа бир қатор мева турларининг серҳосил навларини яратиш борасида изланишлар олиб борилмоқда. Мутахассислар помидор ўсимлигидан кўзланганидек натижаларни олиш учун зарур агротехник тадбирларга эътибор қаратишяпти. Яна бир жиҳати, парваришлаш жараёнлари янгича услублар ва технологияларга таянган ҳолда амалга оширилади. Ўзига хос ушбу ташаббус яхши самара бермоқда. Олимлар институт ер майдонини “ҳаракатдаги дала” деб номлаган.
– Тажриба станциямизда энг кўп тадқиқот ишларини халқимиз севиб истеъмол қиладиган помидор ўсимлиги устида олиб борамиз, – дейди қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Жўрахон Маджиев. – Тадқиқот ишлари 1980 йилдан бери олиб борилади. Шу йиллар давомида “бўртма нематодаси” деган тупроқда зараркунандаларга чидамли навлар яратиш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилган. 2000 йилдан эса “бўртма нематодаси”га чидамли, транспортбоп нав дурагайлар яратиш бўйича ишлар йўлга қўйил­ди.
Шунингдек, селекционер олимлар микроэлементларга бой ва юртимизда севиб истеъмол қилинадиган бақлажоннинг янги навларини яратиб, давлат реестрига киритишяпти. Ушбу қишлоқ хўжалиги экинининг саноатбоп  навларини етиштиришга эътибор қаратилган. Айни пайтда илмий тажриба майдонида сабзавотга ишлов бериш ишлари синовдан ўтказилмоқда.
– Бақлажон экини бўйича 1997 йилдан тадқиқот ишлари бошланиб, айни вақтгача 150 га яқин нав намуналари ўрганилган, – дейди тажриба станцияси директори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Музаффар Арамов. – Асосий мақсад эса бақлажондан “бўртма нематодаси”га чидамли, эртапишар, янги нав ва дурагайлар яратиш бўлган. Ҳозир ана шундай янги навни яратдик. Аммо ҳали унга ном қўйилмаган. Бу эртапишар навни танлов синовидан ўтказиш ҳамда давлат нав синовига топшириш лойиҳаси устида тадқиқот олиб бориляпти.
Бундан ташқари, тадқиқотчилар илмий тажриба майдонида саримсоқ пиёз етиштиришни ҳам кенг йўлга қўйишган. Мазкур экиннинг ҳудуд иқлим шароитига мос бўлган серҳосил янги нав­ларини яратиш ишлари давом эттирилмоқда.
– Тадқиқот ишларимиз давомида, энг аввало, саримсоқпиёзнинг вилоятимизда экиш муддатлари ва усулларини ўрганамиз, – дейди тадқиқотчи Баҳодир Саломов. – Сурхондарёда саримсоқпиёзни экиш муддати асосан 10 сентябрга тўғри келади. Бунда эгат устига тўрт қатор қилиб экилганда ўсимлик ораси 10 га 10, уч қаторда эса 10 га 15 сантиметр бўлса, бу энг мақбул экиш усули ҳисобланади.
Дарвоқе, олимлар томонидан олиб борилаётган изланишлар натижасида бозорларимиз расталари ва халқимиз дастурхони сархил, сифатли неъматлар билан тўлади. Бу борада мутлақо янгича технологияларнинг ишлаб чиқарилаётгани ва ҳаётга татбиқ этилаётгани соҳа равнақида туб ўзгаришлар ясаши лозим. Бу, ўз навбатида, боғдорчилик мадания­тини ўзига хос анъаналар, замонавий услублар билан бойитишни ҳам  кўзда тутади.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.