Меҳнат улуғлайди инсонни

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Наманган вилояти

Шиддат билан оқаётган Катта Андижон канали эпкинларидан тебраниб, кундан-кунга шохларига гул, шона, кўсаклардан “сирғалар” тақаётган пахтазорни кўриб, кўзлар қувнайди. Эгатларга  таралган сувларнинг  жилдирашидан кўнгил яйрайди.

Саратон. Сояда туриб ҳам пешонадан оқаётган реза-реза терни артиб улгурмайсиз. Далада сувчиларга нималарнидир тушунтираётган аёл бизни кўргач, шахдам қадамлар билан мўъжазгина дала шийпони томон шошилди. Бу аёл – Учқўрғон туманидаги “Иминжон Муҳаррам Бону” фермер хўжалиги раҳбари Азизахон Раҳимова.
Қуёш нуридан юзлари бироз қорайган, истараси иссиқ, вужудида шижоат зоҳир опанинг суяги меҳнатда қотган.
– Бир пайтлар ер ўзимизники эмасди, – дейди фермер Азизахон Раҳимова. – Ҳатто томорқамизгача пахта экишга мажбур қилган кунларни ҳам кўрдик. 2007 йилда “Иминжон Муҳаррам Бону” фермер хўжалигини ташкил этдик. Пахта, ғалла, пилла етиштиришдаги тажрибамиз иш берди. Эришган натижаларимиз боис, оладиган даромадимиз кўпайиб борди. Ҳайдов, ғўза қатор ораларига ишлов берадиган замонавий техника ва зарур мосламаларга эгамиз. Бир неча йилдирки, қўшни фермерлар тасарруфидаги далаларга ҳам хизмат кўрсатиб келяпмиз.
Жорий йилда 23 гектар майдондаги “Бобур” навли буғдойнинг ҳар гектаридан 70 центнердан ошириб ҳосил етиштирдик, режа 120 фоизга уддаланди. Фермер хўжалиги аъзоларига бир тоннадан дон тарқатдик. Даромад эса 50 миллион сўмдан ошиши кутилмоқда.
Сув, ўғит, кредит маблағлари масалаларида муаммонинг йўқлиги хўжаликнинг 23,6 гектар майдондаги “С 65-24” навли ғўзаларининг дуркун ривожланишига асос бўляпти. Айни кунларда ҳар бир тупдаги бўлиқ кўсаклар, пайдо бўлаётган гул ва шоналар мус­тақиллигимизнинг йигирма олти йиллиги тўйига тўёна бўладиган 95 тонналик улкан хирмондан далолат бермоқда.
– Маҳалламизда 539 та хонадон бор, – дейди “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёржон Парпиев. – Азизахон ва турмуш ўртоғи Раҳимжон ака энг намунали оила соҳиблари ҳисобланишади. Ҳовлисига кирсангиз, чиқиб кетгингиз келмайди. Кичик боғи Эрамнинг ўзи. Беш нафар ўғил-қизни ўқитиб, эл корига ярайдиган инсонлар қаторига қўшишди.
Учқўрғоннинг чекка маҳалласида элим деб ёниб яшаётган Азизахон опадек фидойи аёлларимиз бор экан, она Ватанимизнинг ҳар бир қарич ери гулу боғларга бурканаверади.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.