Сирдарёлик “Синчалак”нинг қўш қаноти

6_02

Сирдарё вилояти

Жорий йилнинг 30 июнида бўлиб ўтган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг қурултойида Гулистон туманидаги “Сарвиноз Собиржоновна файзи” фермер хўжалиги раҳбари Сарвиноз Шокирова сўзга чиқди. У фермер хўжалигида амалга оширилаётган ишлар, келажакда мақсад қилиб қўйган улкан орзулари, сирдарёлик ёшларнинг интилишлари ҳақида жўшиб гапирди. Президентимиз у билан мулоқотда Сирдарёда шундай шижоатли ёшлар борлигидан мамнунлигини қайд этди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ёш фермер Сарвиноз Шокировага битта “Беларус” ва битта “ТТЗ” тракторини совға сифатида юборди. Президентимиз томонидан кўрсатилган бу ғамхўрликдан фермернинг қувончи чексиз.
Сарвиноз Шокирова 2012 йилда Гулистон туманидаги Мирзо Улуғбек номли касб-ҳунар коллежини тамомлаган. У таҳсил олиш давомида фермер бўлиш орзусида эди. Ўқишни тугатгач, аҳдида қатъий турди. Фермер бўлди. Аммо Сарвинозга хўжаликни уддалай олмай, ерни ташлаб кетган фермернинг даласини топширишди. Қаровсиз ерни экин майдонига айлантиргунча Сарвиноз­нинг ўзи ҳам, отаси Собиржон ака ҳам, укалари Ботир, Нодиржонлар ҳам тиним билишмади. Оила аъзолари ерга бир тан, бир жон бўлиб “ёпишиш”ди. Шудгорлаш, қишда яхобга қондириш тадбирлари ҳам ўз вақтида бажарилди. Туп­роқ унумдорлигини ошириш учун тонна-тонналаб маҳаллий ўғитни далага чиқариб сочишди, яна вегетация даврида эгатларга “шарбат” қилиб оқизиш учун даланинг бошига жамғариб қўйишди. Инсон саҳрода ҳам гул ундиради, деганлари рост экан. Кечагина қалин ўт, қамиш босиб ётган майдонларга гўё ҳаёт шамоли кириб келгандек бўлди. Далаларга яна файз кирди. Дон ва чигитни экиш, парвариш­лаш, ҳосил зараркунандаларига қарши кураш, экинни суғориш тадбирлари биринчи йилдаёқ қулай агротехник муддатларда, мутахассислар тавсиялари асосида пухта амалга оширилди. Ёш фермернинг ўзи ҳам тиним билмай ишлади: ғалла ва ғўзаларга сув таради, трактор рулига ўтириб, ғўза қатор ораларига ишлов берди. Техникани бошқаришни отасидан ўрганганлиги хўжалик ишларини адо этишда жуда қўл келди. Ҳаракатлар самараси хирмонларга уйилган ҳосилда тўла намоён бўлди. Ташландиқ майдонларнинг ҳар гектаридан биринчи йилиёқ 35 центнердан дон, 25 центнердан пахта йиғиштириб олинди. Шу тарзда “Сарвиноз Собиржоновна файзи” фермер хўжалигида ҳосилдорлик ҳам, дон ва пахтадан олинаётган даромад ҳам ўсиб борди.
Жорий йилда Сарвиноз Шокирова раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги аъзолари 44 гектар майдонда деҳқончилик қилишмоқда. 22 гектар майдонда буғдой етиштирган хўжалик аъзолари омборларга 55 тонна сара дон топшириб, давлат шартнома режасини ортиғи билан бажаришди. Фермер хўжалигида ғалла ҳосилдорлиги 40 центнердан ошди. 15 тоннадан зиёд буғдой хўжалик аъзолари ихтиёрида қолдирилди. Ғаллачиликдан олинган фойда 50 миллион сўмдан ошяпти. 22 гектар майдондаги икки марта азотли ўғит билан дориланган, бир марта сувдан чиқарилиб, бегона ўтлардан тозаланган ғўзалар баравж ўсаяпти. Ҳашарот ва ғўза зараркунандаларига қарши ишлов берилган ҳар туп ғўзада ҳосил мўллиги кўриниб турибди. Дала четларига ошқовоқ, ўқариқ бошига картошка экилган, 3 гектарли тутзор бор. Барг фермер хўжалигининг ўзида етиштирилганлиги боис, бу йил давлат пилла қабул қилиш масканига 250 килограмм сара “кумуш тола” топширилди.
– Давлатимиз раҳбари биз, ёшларга катта ишонч билдириб, ёш фермер-мулкдорларни қўллаб-қувватлаётгани ғайрат-шижоатимни янада ошириб юборди, – дейди фермер Сарвиноз Шокирова. – Президентимиз ишонч­ини оқлаб, хўжалигимиз экин майдонларини кенгайтириб, 100 гектарга етказамиз. 3 гектар майдонда интенсив боғ, алоҳида кўлда ғоз ва ўрдакчилик хўжаликларини барпо этамиз. Шу йилнинг ўзида 50 сотих майдонда иссиқхона қуриш чораларини кўряпмиз. Бундан ташқари, боғ ёнида мевани қуритиб, қадоқлаш цехини ташкил этишни ҳам ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
Ёш фермер Сарвиноз Шокировани кўрганингизда кўз олдингизга беихтиёр Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” асари қаҳрамони – Саида гавдаланади. Ҳаракатлари, шижоати, дадиллиги худди Саиданинг ўзи. Абдулла Қаҳҳор ушбу асарини Мирзачўлда, айнан Гулистон туманига келиб ёзган. Асардаги Қаландаров образига тумандаги (собиқ Ленин номли колхоз раиси) ўжар, чўрткесар, машҳур раис Азизхон Носиров тимсол қилиб олинган. Демак, Гулистонда ўша йилларда ҳам ғайрат-шижоатли, оловқалб Саидалар бўлган. Ўша Саидаларнинг улуғвор ишларини бугун Сарвиноз Шокировадек кўзларида ўт чақнаб турган ёшлар давом эттиришмоқда.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ