Саратонда ташвиш чеккан қаҳратонда совқотмас

Навоий вилояти

Халқимиз азалдан қиш ғамини ёзда еган. Чунки кунлар совиб, ҳарорат пасайиб, ёғин-сочин бошланганда, кўпгина нохуш ҳолатлар келиб чиқади.

Бир танишим гап очиб қолди: Ўтган йили корхонамиз томи ёриқ эканлигини билардик. Лекин эрта қилармиз, ҳали вақт бор-ку, қабилида иш тутиб, бунга бепарво бўлдик. Аксига олиб, ўтган йили куз эрта бошланди. Ёғин-сочинли кунлар давомли тус олди. Шу орада корхонамиз ички қисми анча зарар кўриб, арзимаган маб­лағ эвазига иссиқ кунларда қилиниши мумкин бўлган жараён анча иқтисодий йўқотишлар билан сарсон-саргардонликда совуқ кунларда амалга оширилди.
Совуқ хонада қишки кийимига ўраниб дарс ўтаётган ўқитувчи, уни жунжикибгина тинглаётган ўқувчини кўз олдингизга келтириб кўринг. Ёки муздек хонада ишлаётган корхона ходими… Қанчалик аянчли ҳолат. Эртага касалхоналарнинг беморлар билан гавжум бўлиши, қанча иқтисодий йўқотиш­лар, иш ёки салоҳиятнинг пасайиб кетиши – буларни шунчаки айтиш билан иш битмайди. Ўз навбатида, бу – куз-қиш мавсумига етарлича тайёргарлик кўрилмаганидан далолат беради.
Шу боис, мамлакатимизда ҳар йили ёзнинг дастлабки кунлариданоқ куз-қиш мавсуми тайёргарлигига жадаллик билан киришилади. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган махсус қарор эса масаланинг кечиктириб бўлмаслигини англатади.
Айни пайтда вилоятда 2017-2018 йилларда иқтисодиёт тармоқлари, кўп қаватли уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш борасида самарали ишлар олиб борилаётир.
Президентимизнинг 2017 йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятда аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ишлар тизимли ташкил этилмоқда.
Айни пайтда вилоят бўйича мукаммал таъмирланиши режалаштирилган 1175,1 километр электр тармоқларининг 772,2 километр қисмида, 324 та трансформатор пунктининг 220 тасида таъмирлаш жараёни якунланди. Шунингдек, 3349,8 километр электр тармоқларининг 2287,2 километр қисми, 813 та трансформатор пунктларининг 627 таси жорий таъмирланди.
Бундан ташқари, 3162 та газ тақсимлаш пунктида таъмирлаш ишларини бажариш белгиланган бўлиб, айни пайтгача 15,7 километр газ тармоқларидан 3,8 километри жорий таъмирдан чиқарилди. Таъмирланиши режалаштирилган 3,2 километр сув тармоқларининг 2,1 километрида ишлар якунланиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда 6,1 километр газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш белгилаб, бугунги кунда ушбу ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Куз-қиш мавсуми давомида ижтимоий соҳа объектларининг мунтазам ишлашини таъминлаш энг муҳим масала ҳисобланади. Эртага эшик қоқиб келадиган қаҳратон қиш ҳеч кимни аямайди. Буни яхши тушунган соҳа вакиллари мазкур мавсумга бугундан тайёргарлик кўришни  анъанага айлантирган. Бугунги кунда вилоятдаги 6 та мактаб­гача таълим муассасаси мукаммал таъмирланган бўлса, 12 тасида ҳамда 69 та мактабда жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилди.
Уй-жой фондини мавсумда барқарор ишлашга тайёрлаш аҳолининг совуқ кунлардан бехавотир ўтишига замин яратади. Бу эса, биринчи навбатда, халқ розилигининг асосий омили бўлиб ҳисобланади.
Айни кунларда вилоят бўйича жорий йилда таъмирланиши кўзда тутилган 33 та кўп қаватли уй-жойдан 25 тасининг том қисми мукаммал таъмирланиб, 236 та кўп қаватли уй-жойдан 140 тасида ишлар тугалланди.
Маълумки, куз-қиш мавсумида аҳолидан тушаётган мурожаатларнинг асосий қисми, газ, электр энергияси, кўмир, қисқаси, иситиш тизими билан боғлиқ. Шу боис, мазкур масалаларни бугундан ечиш, мурожаатлар оқимини олдиндан кўра олиш муҳим ҳисобланади. Вилоятда бунга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Жорий йилда вилоят бўйича жами 25197,9 тонна кўмир ва кўмир брикети ёқилғисининг 13004 тоннаси аҳолига, 11594 тоннаси бюджет ташкилотларига ва 600 тоннаси иқтисодиётнинг реал секторига келтирилиши белгиланган. Айни пайтгача бюджет ташкилотлари учун йўналтирилиши кўзда тутилган 11594 тонна кўмир ва кўмир брикетининг 2374 тоннаси ижтимоий соҳа муассасаларига етказиб берилди.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.