Ҳар бир ҳаракат Ҳаракатлар стратегиясига ҳамоҳанг

7_01

Андижон вилояти

Хўжаобод туманидаги Мадиёров номли  массивда барпо этилган “Fruit industries” қўшма корхонасининг салоҳияти анчайин юксак ҳисобланади. Мазкур мажмуа мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш, музлатиш ва ташқи бозорга чиқариш учун алоҳида логистика маркази бўлиб, тайёр маҳсулот шу жойнинг ўзида  ташқи бозордаги буюртмачиларга аниқ муддатларда юборилади. Айни кунларда бу ерда мева-сабзавотнинг ўнлаб турлари қайта ишланмоқда.

Қўрғонтепа туманидаги “Боғу Фурқат” фермер хўжалигида мева кўчатларини ноанъанавий усулда етиштириш ва парваришлаш жорий этилган бўлиб, жаҳон андозалари талабларига тўла мос тушади. Фермер Зафарбек Аҳмедов Тошкент, Берлин ва Мадриддаги аграр университетларда таҳсил олган. У сифат жиҳатидан юқори, таъм жиҳатидан ҳар қандай харидорни ўзига торта оладиган олма навини яратган. Президентимиз ташрифи давомида Зафарбек Аҳмедов томонидан амалга оширилаётган ва истиқболдаги режалари билан батафсил танишгани ёш селекционерни янада ғайрат билан ишлашга ундамоқда. Айни кунларда хўжаликда илғор технологияларга асосланган интенсив усулдаги боғ-роғлар яратишга имкон берадиган махсус лаборатория қурилиши бораётир. Шуни таъкидлаш лозимки, Зафарбек Аҳмедовнинг олиб бораётган илмий ишланмалари самараси туфайли ҳар гектар ерда 30 минг тупгача олма кўчати жойлаштириш мумкин бўлмоқда. Олма кўчатларининг бўйи у қадар баланд эмас, ёш бола ҳам мевани бемалол териб олаверади. Боғ ораласангиз, қуёшга тўйинган олмаларнинг ифори димоғингизни қитиқлайди.
Фахриддин Исмоилов раҳбарлик қилаётган  Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривож чорваси” фермер хўжалиги ўзининг кўлами жиҳатидан энг йирик қорамолчилик ва эчкичилик мажмуасига айланди. Ҳозирда хўжаликда 2100 дан зиёд маҳсулдор қорамол парвариш қилинмоқда. Ҳар бош соғин сигир ҳисобига ўртача 25-28 килограммдан сут соғиб олинмоқда. Қайта ишлаш корхоналарига кунига 15 тонна ёғлилик даражаси юқори бўлган сут етказиб берилмоқда.
Фахриддин Исмоилов нимага эришган бўлса, бунда банклар билан самарали ишлаши қўл келмоқда. Илғор технология талабларига тўкис жавоб берадиган хўжаликда наслчиликни юқори поғонага кўтариш борасида илмий-амалий изланишлар бормоқда.  Фермер гектар ҳисобига озуқа бирлиги етиштириш борасида энг юқори натижаларга эга бўлаётир.
Хўжаликда эчкичиликни ривожлантириш билан боғлиқ ҳаракатлар бошланди. Германия селекциясига мансуб 300 бош урғочи эчки улоқ бера бошлади. Яқин вақт ичида хўжалик негизида алоҳида эчкичилик маркази ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, вилоятнинг чўл ҳудудида йирик маж­муа қурилиши бораётир. Эчки сути ўзининг шифобахшлиги билан бошқа ҳайвонларнинг сутидан ижобий фарқланади. Жумладан, унинг она сутига яқинлиги,  қайта ишлашдан олинадиган бринзанинг қанд касаллигига чалинганлар учун энг муҳим дори эканлиги эчкичиликни  ривожлантиришга туртки бермоқда.
Вилоят маркази яқинида жойлашган Кўмакай қишлоғида умргузаронлик қилаётган инсонлар томорқадан фойдаланиш борасида ибрат мактабини яратишган десак, асло муболаға бўлмайди. Зикр этилаётган қишлоқдаги ҳар бир хонадонда ноанъанавий усулда қурилган иссиқхоналар мавжуд. Ушбу иссиқхоналарда резаворлар, эртаки сабзавотлар, жумладан, саримсоқпиёз, барра пиёз, бодринг, помидор ва лимон етиштирилмоқда. Қишлоқ марказидаги Чўнтак маҳалласида 595 та хонадон бўлиб, уларнинг ҳар бирида иссиқхона мавжуд. Улар йилига 2-3 бор ҳосил бермоқда. Айни пайтда хонадонларда гўшт ва тухум йўналишида паррандалар боқиш йўлга қўйилган бўлиб, бу борада уларга тижорат банклари томонидан берилаётган имтиёзли кредитлар қўл келмоқда.  Айтайлик, Ферузахон Ўринова хонадонида 96 бош товуқ парваришлаётган бўлиб, кунига 70 дан зиёд тухум олинмоқда. Хонадон эҳтиёжидан ортган тухумга харидор етарли.
Яқинда республикамизнинг бир қатор туманлари ҳокимлари Андижонда бўлишиб, қишлоқларда  амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишдилар. Мутасаддилар  меҳмонларга амалга оширилаётган ишлар ҳамда  унинг иқтисодий натижалари ҳақида батафсил сўзлаб беришди. Бу натижаларнинг самараси шуки, ишчи ўринлари кўпайиб бормоқда.
Бойсун, Шофиркон, Ғузор туманлари ҳокимлари билан сафар таассуротлари хусусида ўртоқлашдик. Улар  Андижонда кўрган ҳар бир объектнинг фаолияти 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига ҳамоҳанг эканликларини таъкидлашди. Бугун мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти учун яратиб берилаётган имкониятлар халқимиз фаровонлигини таъминлашга, юртимиз ободлигига хизмат қилишга кенг йўл очмоқда. Бир-биримизнинг ишимизга назар солсак, ўргансак, фойдадан холи бўлмаслиги ҳокимларнинг сафари давомида яна бир бор кўзга ташланди.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti”  мухбири.