«Ўз болангни ўзинг асра!»

Баъзи интернет сайтларидаги маънавий таҳдидларга фақат мустаҳкам мафкура билан муносиб жавоб бера оламиз.
Ҳар бир халқ ўз бағрида улғаяётган ёш авлод тимсолида асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарувчи кучни кўриши табиий. Ушбу куч буюк мақсадлар сари тўғри ва муттасил йўналтирилсагина кўзланган натижаларга эришилади. Бунинг учун, аввало, ёшлар қалбига қулоқ солиш, уларни эзгуликка ундаш зарур.

Жорий йилнинг 30 июнида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу борада бошқа раҳбарларга юксак намуна кўрсатди. Шу куни Ўзбекис­тон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Бундан буён ушбу сана мамлакатимизда Ёшлар куни сифатида нишонланадиган бўлди.
Таъкидлаш жоизки, дунё­нинг ривожланган давлатларида ҳам ёшлар қалбига қулоқ солиш, уларни эзгу ва улуғ мақсадлар атрофида бирлаштириш борасида ғамхўрлик қилишга Ўзбекис­тондагидек эътибор қаратилмайди. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан жисмонан соғлом, маънавий етук, эркин фикрловчи ва келажакка ишонч билан қаровчи баркамол авлодни тарбия­лашга энг устувор вазифа сифатида қаралаётгани эса бежиз эмас.

Ўзгарувчан дунёда ўзгармас ҳақиқат
Ҳозирги тез ўзгарувчан дунёда ўзгармас ҳақиқатлардан бири шундай: ёшларининг тафаккури юксак, иродаси мустаҳкам, энг муҳими, ватанпарвар бўлиб вояга етаётган давлатгина қудратлидир. Чунки фақат шундай ёшлар Ватан шаъни, тараққиёт йўлидаги қийинчилик ва синовлар олдида бош эгмайди. Эртанги куннинг ҳал қилувчи кучи бўлиб майдонга чиқади.
Муаззам тарих гувоҳ: муқаддас диёримизда кўп­лаб буюк алломалар, енгилмас саркардалар, паҳлавон ва баҳодирлар камол топган. Бугунги ёшларимиз ана шундай улуғ аждодларимизнинг муносиб ворислари сифатида барча жабҳаларда ўзларини намоён этмоқда. Фан, санъат ва спорт соҳаларида юксак марраларни эгаллаб, нафақат ота-онасига, балки бутун халқимизга ғурур ва ифтихор бағишламоқда. Ўз олдига шундай эзгу ва улуғ мақсадларни қўйган ёшларимиз мутлақо янги ўқув тизимида таълим-тарбия олаётган, замонавий фан ва касб-ҳунарларни пухта ўзлаштираётган, дунёнинг тараққий топган давлатларидаги тенгдошларидан ўзишга тайёр шижоатли кучдир.
Бутун дунё миқёсида инсон онги ва қалбини эгаллаш учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб шароитда ўғил-қизларимизни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, уларни бизга ёт бўлган турли бузғунчи ғоялар таъсиридан ишончли ҳимоя қилиш масаласи бугунги кунда ҳар қачонгидан кўра долзарб аҳамиятга молик. Чунки айрим минтақаларда маънавий-ахлоқий қадриятлар тобора таназзулга юз тутаётганини, “оммавий маданият” хатари кенг тарқалиб бораётганини баҳона қилиб, фарзандларимизга уни ўқима, буни кўрма, деб бир ёқлама тарбия бериш на замон талабига, на олдимизга қўйган мақсадларга тўғри келади.

Бетакрорликнинг қирралари нозик
Ёшлик ҳар бир инсон ҳаётидаги фусункор ва бетакрор даврдир. Психолог­ларнинг таъкидлашича, ёшликда қалбга, онгу шуурга муҳрланган кечинма ва кўникмалар умрбод сақланар экан. Инсон ёши улғайган сайин болалигини кўпроқ ёдга олишини ҳам, навқиронлигидаги кечинма ва кўникмалар таъсирида ҳаракат қилишини ҳам шу тариқа изоҳлаш мумкин.
Балоғат остонасига қадам қўяётган ҳар бир ўғил-қизнинг билганидан билмагани кўп. Улар билмаганини ўрганиш, бинобарин, мавҳумликка барҳам бериш мақсадида ахборот излайдилар. Айнан шу сабабли, уларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжи ёши катталарга нисбатан кучлироқ.
Ахборот асри, деб ном олган ҳозирги даврда табиа­тан интилувчан ва изланувчан навқирон авлод учун улкан имкониятлар яратилган. Айни пайтда деярли ҳар учинчи ёш юртдошимиз компьютер ёки мобиль телефони билан интернетга уланган. Бу эса уларнинг бутун дунё билан фаол мулоқотга кирашаётганини англатади. Аммо мазкур жараёнда бир нозик жиҳат мавжудки, бунга асло бефарқ қараб бўлмайди: интернетдан ёвуз ғояларни тарқатиш воситаси сифатида фойдаланиб, ёш авлодни разолат сари етаклашга уринувчи қабиҳ кучлар бугунги кунда ҳар қачонгидан кўра кўпроқ фаоллашаётгани боис, дунёқараши эндигина шаклланаётган ўғил-қизларимиз уларнинг қармоғига беихтиёр илиниб қолмоқда.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида шундай сатрлар бор: “Инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб тую­ладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин”.
Дарҳақиқат, интернетдаги айрим сайтлар орқали тарқатилаётган, турли мавзуларга оид маълумотлар сиртдан қараганда беозор бўлиб туюлса-да, аслида уларнинг таъсири остида нохуш, ҳатто мудҳиш воқеалар рўй бериши мумкинлиги дунёнинг баъзи минтақаларида кузатилаётган нотинчлик ва қарама-қаршиликлар мисолида ҳам ўз тасдиғини топмоқда.
Шу нуқтаи назардан қаралса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, биз фарзандларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида эмас, балки қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига бепарво қараб туролмаймиз.

Онгу шуурни эгаллаш қармоғи
Инсон ақл-идрок ва маънавият соҳиби бўлгани учун улуғ ва мўътабар, бошқа жонзотлардан устун. Унинг бундай буюк рутбага эришишида китобхонлик юксак аҳамиятга эга бўлганини таъкидлаш жоиз. Шу боис, мамлакатимизда мутолаа ва китобхонлик маданиятини юксалтириш, китоб дўконлари ҳамда кутубхоналар фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан, аввало, ёшлар ҳар томонлама манфаатдор бўлиши керак. Лекин…
Бутун дунёда кузатилаётгани каби юртимизда ҳам ёшларнинг китобхонлик маданияти ҳозирча мақтовга сазовор эмас. Аксарият ўғил-қизлар китобдан йироқлашиб, бўш вақтини интернет тармоғида ўтказаётгани ҳақиқат. Интернетда эса ёшлар онги шуурини ўзгартиришга, аниқроқ айтганда, уларда ўз давлати ва жамиятининг тартиб-таомилларига нисбатан салбий муносабат шакллантиришни мақсад қилган турли сайтлар ҳам кўп­лаб топилади.
“Интерфакс” ахборот агентлигининг хабар беришича, Венгриядаги 25 ёшгача бўлган 7 мингдан зиёд ёшларнинг деярли тенг ярми интернетдаги шундай сайтларда “сайр қилишга” мойил эканини яшириб ўтирмаган.
“El Pais” нашрининг Испания болаларни ҳимоя қилиш агентлиги маълумотлари асосида тарқатган хабарида айтилишича, дунёнинг турли минтақаларида ирқчилик ва миллатчилик руҳидаги кўплаб ёшлар ташкилотлари ноқонуний фаолият олиб боради. Ушбу ташкилотлар сафларидаги ўғил-қизларнинг аксарияти айнан глобал тармоқ орқали қабиҳ кучларнинг қармоғига илиниб қолган. Бундан ташқари, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик кўламининг кенгайишида интернетдаги бузғунчи сайтларнинг таъсири катта.
Шу сабабли ёшлар ўртасида бундай сайтларга нисбатан танқидий муносабатни шакллантириш тақозо этилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривож­лантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарорида қайта ташкил этилаётган Республика Маънавият ва маърифат маркази ёшларда соғлом дунёқараш, жумладан, китобхонлик кўникмасини шакллантириш, интернет, ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш, уларда ғоя­вий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш каби вазифаларга алоҳида эътибор қаратиши белгиланган.
Бу бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда юртимизда тобора кенг тарқалиб бораётган “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъват фақат қуруқ шиор бўлиб қолмасдан, ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бориши, амалий ҳаракатга айланиши зарур.

Сайидодил САЙИДИСЛОМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.