“Одамнинг қўли гул, дегани мана шу”

1_01

Тошкент вилояти

Паркентлик уста боғбон Аминжон ота Муҳаммаджонов ўзи барпо этган боғ туфайли давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ушбу эътирофига сазовор бўлди.

Президентимиз Тошкент вилоятига ташрифи чоғида Паркент туманининг Гулистон маҳалласида яшовчи Аминжон ота Муҳаммаджоновнинг боғида ҳам бўлган эди. Етмиш беш ёшни қаршилаётган отахон фарзандлари билан “Зуҳра она плюс” хусусий корхонасини ташкил этиб, қарийб уч гектарлик майдонда ноёб турдаги манзарали дарахт ва буталар ҳамда камёб гул кўчатларини экиб, боғ барпо этган.

Давлатимиз раҳбари отахоннинг амалга оширган хайрли ишлари билан танишиб, шундай ажойиб боғ яратгани, хориждан дилтортар кўчатлар олиб келиб, юртимиз шароитида кўпайтиргани учун унга миннатдорлик билдирди.
Одамнинг қўли гул, дегани мана шу, деди давлатимиз раҳбари. Бу боғ Ватанни севишнинг, меҳнатсеварликнинг яққол намунаси. Отахоннинг тажрибасини ўрганиш, бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш керак. Бу киши қишлоқ хўжалиги соҳасидаги таълим муассасаларида дарс берсин, одамлар келиб, бу ишларни ўргансин.
Шундан буён отахоннинг боғидан одамларнинг қадами узилмаяпти. Улар орасида Тошкент давлат аграр университети раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари, қишлоқ хўжалигига ихтисослашган бошқа олийгоҳлар, касб-ҳунар коллежлари мураббийлари, талабалар, ўрмончилар, отахоннинг тажрибасига қизиққан фермерлар бор. Энг муҳими, ташриф буюраётганлар Аминжон отанинг узоқ йиллар давомида астойдил изланиб, машаққат билан амалга оширган бу хайрли ишларига чин юракдан тан беришмоқда. Чунки, қарийб юз фоиз хорижий давлатлар наботот оламига мансуб ноёб турдаги дарахт ва буталар ҳамда камёб гул кўчатларини маҳаллий шароитга мослаштириш, уларни парваришлаш борасида яратилган агротехника, бунинг натижасида эришилган оламшумул натижа, тўпланган бой тажрибалар Ўзбекистон учун бутунлай янгиликдир.
– Президентимиз ташрифидан сўнг дарҳол олийгоҳимиз раҳбарияти билан Аминжон ота яратган боққа келиб, у кишининг тажрибасини ўрганишга киришдик, – дейди Тошкент давлат аграр университетининг “Манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш” кафедраси мудири, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, доцент Эркин Бердиев. – Тан олиш керак, Аминжон ота аслида олимлар қилиши керак бўлган ишни оддий бир боғбон сифатида қойилмақом қилиб бажариб қўйибди. Ҳозиргача ўта нозик бўлганлиги учун  хорижий давлатларда ўсувчи айрим игна баргли дарахтларни, кўркам буталарни Ўзбекистоннинг иссиқ шароитида умуман етиштириб бўлмайди, уларни фақат тайёр кўчат ҳолида олиб келиш керак, деган узил-кесил хулоса мавжуд эди. Аминжон ота ўз меҳнати билан бундай нуқтаи назарнинг мағзи пуч эканлигини исботлади.
Боғда қарийб барчасининг уруғ ва новдалари хориждан келтирилган 22 хилдаги 16,5 минг тупдан зиёд манзарали дарахт ва буталар экиб кўпайтирилган. Уларнинг барчаси мамлакатимиз шароитига аллақачон тўлиқ мослаштирилган. Мазкур дарахтлар орасида Хитой арчаси, Франциядан келтирилган пакана игна барглилар, Сурия атиргули, Ҳинд настарини, шамшод, дуб, узоқ умр кўрувчи каштан, оқ қайин дарахти кабиларни алоҳида кўрсатиш мумкин. Бундан ташқари, отахон фарзандлари билан игна баргли дарахтларга турли рамзлар асосида шакл бериш технология­сини ҳам тўлиқ ўзлаштирган. Бу ишларнинг барчаси учун у кишини фақат олқишлаш керак. Айнан хорижий дов-дарахтлардан ташкил этилган  бундай кўчатчилик участкаси ҳали юртимиздаги бевосита шу ишлар билан шуғулланиши керак бўлган идора ва муассасаларнинг биронтасида йўқ. Шу боис, мазкур тажрибани мамлакатимиз бўйлаб кенг ёйишга арзигулик инновацион ғоя, дея бемалол аташ мумкин. Биз уста боғбонни кафедрамизга ишга таклиф қилдик. У кишининг боғида талабаларимиз амалиёт ўташлари учун шартнома имзоладик. Тажрибаларини оммалаштириш мақсадида махсус ўқув қўлланма тайёрлашга киришдик. Ишончимиз комилки, у киши хориждан келтириб, маҳаллийлаштирган ноёб турдаги дарахт ва гул кўчатлари юртимиз ободлигида, мамлакатимизда “Ландшафт дизайни”ни ривожлантиришда муҳим омил бўлади.
Аминжон отанинг асли касби уста дурадгор. Унинг дид ва маҳорат билан ясаган бежирим эшик ва ромлари ҳали ҳам кўпчилик маҳалладошлари хонадонига кўрк бағишлаб турибди. Унинг ёшлигидан табиатга, наботот оламига меҳри, қизиқиши бўлакча эди. Ўн тўрт ёшидан бош­лаб турли дов-дарахтларни ҳар хил усулда пайвандлаш сирларини ўзлаштириб олганди. Маҳалладаги кўплаб хонадонлар томорқасида ҳам отахоннинг “ижод намуналари” талайгина. Вақт ўтиб, Аминжон ота бир нарсани англадики, дунёдаги мавжуд дов-дарахтлар ва буталарнинг санаб адоғига етиш душвор. Мевали дарахт­лар турларига қараб, нари борса, ўттиз йилгача яшайди. Аммо шундай дарахтлар ҳам борки, улар бир неча асрлаб яшайди. Минг йиллаб авлодларга мозийдан сўзлаб, барқ уриб ўсаверади.
Халқимизда “Изингдан кул эмас, гул қолдир”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Аминжон ота ушбу ҳикматлар мағзини чақиб, Ватанимиз ободлиги учун ана шундай узоқ яшовчи манзарали дарахт ва буталарни яратишга жазм этди. Шу ниятда бундан ўн йиллар аввал ташландиқ жойни обод қилишга киришди. Бу ишларда ўғиллари Дилшод ва Жаҳонгир ҳамда куёви Зоҳид Тиллахоновлар отахонга қанот бўлишди. Четдан олиб келинган ҳар хил игна баргли дарахтлар, буталарни маҳаллий шароитга мослаштириш устида тинимсиз изланди. Уларнинг аксариятини қишда совуқдан, ёзда жазирамадан сақлаш қийин эди. Шу боис, аёзли кунларда ертўлага олиб, плёнка етмаган жойларга тўнини ечиб ёпган, ниҳолларни қуёшдан сақлаш учун яктагини соябон қилган кунлари ҳам бўлди. Ҳозирда пойтахтимиз ва кўплаб вилоят марказларидаги энг хушманзара жойларга отахон ўз қўли билан экиб, ўстирган турли кам­ёб анвойи гуллар, дарахт ва буталар кўрк бағишламоқда.
– Президентимизнинг боғимизга ташриф буюрганидан бошим осмонга етди, – дейди моҳир боғбон. – Бир нарсани чуқур англадимки, ҳалол меҳнат қилган одам, албатта, ниятига етар экан. Давлатимиз раҳбари мени бағрига босиб, қўлимдан етаклаб, эринмасдан ҳар бир туп дарахтни, ниҳолларни кўздан кечирдилар. Қарийб бир ярим соат давомида мен билан суҳбатлашганларидан, наботот оламини жуда севишларини, қишлоқ хўжалик соҳасининг ўта билимдони эканлик­ларини англадим. Қўлимни маҳкам сиқиб, “Бу дарахтларни кўкартириш учун қанчалик меҳр, сабр, вақт керак бўлган”, дея олқишлаганлари ҳали ҳам қулоқларим остида жаранглаб турибди.
Меҳнатнинг таги – роҳат. Отахон узоқ йиллик ҳалол меҳнати туфайли эътиборга, эътирофга сазовор бўлди. Энди у эккан дарахтлардан баҳраманд бўлган минглаб инсонлар унга раҳмат айтади. Паркентлик эл суйган ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири  Маҳмуд Тоир ўзининг яқинда чоп этилган “Армон туни” номли китобига “Ҳурматли Аминжон ҳожи отага яратгандан пиру бадавлат умр тилаб, эҳтиром ила”, дея ёзиб берган дастхатида ана шу эл раҳматини назарда тутган бўлса, ажабмас.
Иброҳим ТОШЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.