«Яшил йўлак» деҳқон даромадига очиқ йўл

Юртимиз мева-сабзавотларининг ўзгача таъми нафақат ҳамюртларимиз, балки хорижликларнинг ҳам эътиборига тушган. Шу боис, уларга хорижда ҳам эҳтиёж ва талаб ортиб бормоқда. Экспорт маҳсулотларининг божхонадан “яшил йўлак” тизими орқали ҳаракатланиши эса вақтни тежаш билан бирга, маҳсулотнинг сифатли сақланишини кафолатлайди.

Термиз туманидаги Янгиҳаёт маҳалласида жойлашган “Gold Dried Fruits Export” МЧЖ томонидан Москва шаҳридаги “УзГарденс” МЧЖ корхонасига 7 минг 792,16 АҚШ долларига тенг бўлган 17 минг 913 килограмм қовун маҳсулоти экспорт қилинмоқда.
– Президентимизнинг маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган қарори асосида ўзимиз етиштирган маҳсулотларни “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти орқали эмас, балки тўғридан-тўғри шартномалар асосида маҳсулот ҳақини олдиндан 100 фоиз олиб, экспорт қилиш имкониятига эга бўлдик, – дейди тадбиркор Алишер Нурматов.
Дарҳақиқат, 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб барча тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини тўловни олдиндан 100 фоиз амалга ошириш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди. Пировардида, “Сурхон мева инвест” агрофирмаси Олтинсой туманида етиштирилган олхўри маҳсулотини етказиб бериш бўйича Қозоғистон Республикаси билан ўзининг илк шартномасини имзолади. Қиймати 7 минг 41,93 АҚШ долларига тенг маблағ агрофирма ҳисобига келиб тушгач, 18 минг 990,90 килограмм Олтинсой олхўрилари божхона расмийлаштируви ва назоратидан ўтиб, Чимкентга жўнатилди.
Айтиш керакки, ушбу чоралар деҳқон ва фермер хўжалик­лари етиштирган маҳсулотларининг ҳақиқий эгаси сифатида улардан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиш, мустақил экспорт қилиш, даромадларини ошириш, қўшимча валюта тушумлари эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва уларни чуқур қайта ишлаш бўйича янги лойиҳаларни инвестициялаш учун имконият яратади. Шу боис, жорий йилнинг 6 ойи давомида Сурхондарё вилоятининг божхона пост­лари орқали қарийб 37 минг тонна мева-сабзавот ҳамда кўкат маҳсулотлари хорижга экспорт қилинди ва келажакда ушбу кўрсаткичлар янада ортиши кутилмоқда.
Ангор тумани аҳолисининг аксарияти деҳқончилик билан шуғулланишади. Бу ҳудудда карам, гулкарам, лавлаги, кўкат каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Ички бозор эҳтиёжларидан ортиб қолган маҳсулотлар эса экспортга йўналтириляпти. Пировардида, жорий йилнинг бугунига қадар 3 миллион 982 минг АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги 15 минг 700 тонна карам маҳсулоти Сурхон воҳасидан экспортга чиқарилди.
– 25 сотихли томорқамда турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб келаман, – дейди Ангор тумани Илғор маҳалласида яшовчи фуқаро Мурод Жумаев. – Шу кунга қадар жами 4 тонна карамни экспорт учун топширдим.
Маълумотларга кўра, жорий йил июль ойининг биринчи ўн кунлигида 36 минг 863 тонна, 20 миллион 591 минг 459 АҚШ доллари қийматидаги қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотлари Россия, Афғонистон, Қозоғис­тон, Покистон, Ҳиндис­тон, Тожикистон, Туркманис­тон, БАА, Беларусь Респуб­ликаси, Украи­нага экспорт қилинган. Айниқса, дуккакли экинлар экспорти миқдор жиҳатидан биринчи ўринда, яъни 14 минг 312,42 тоннани, яъни 11 миллион 289 минг 44 АҚШ долларига тенг қийматни ташкил этади. Дуккакли ўсимликларнинг харидори асосан Афғонистон бўлиб, қўшни мамлакатга жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида 12 минг 057,05 тонна, яъни 9 миллион 697,83 АҚШ долларилик маҳсулот етказиб берилди.
Бу рақамлар иш бошининг маҳсули. Жараён эса узлуксиз давом этмоқда. Экспорт учун ихтисослашган ташкилотларнинг саъй-ҳаракати билан деҳқон ҳам, давлат ҳам бойимоқда. Энг муҳими, аҳолининг турмуши янада фаровонлашмоқда.

Гавҳар МАҲМУДХОНОВА,
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати ходими.