Август – ғўза парваришида муҳим давр: пахтакорда тиним бўлмаса, ҳосилда унум бўлади

Пахтадан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда агротехник тадбирларни ўз вақтида, маромига етказиб бажариш, мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Айни вақтда деҳқонларимиз шу кунларнинг ҳар бир сониясини қадрлаб, ғўза парваришини синчковлик билан олиб бормоқдалар. Улар ҳосилни кўпайтириш ва уни сақлаб қолиш айни палладаги ғўза қатор ораларига бериладиган ишлов сифатли бажарилишига боғлиқлигини яхши билишади.
Бугунги муҳим тадбирлардан бири пайкалдаги тупроқ намлигини бир маромида сақлаб туришдир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ғўзани чанқатиб қўйиш ёки унга керагидан ортиқ сув бериш ҳам зарардир. Ғўзани кўпроқ тунда суғориш лозим. Шунда сувнинг фойдаси ортади, ҳосил тугунчаларининг тўкилиши камаяди.
Тупроқни бир текис намлаш учун калта эгатли суғориш самаралидир. Суғориш “шарбат” усулида олиб борилганида, ғўза озуқа олиши баробарида сувнинг буғланиши камая­ди, тупроққа яхши сингади, нам узоқ сақланади. Бунинг учун ҳар бир майдоннинг сув кирадиган жойида “шарбат” тайёрлаш учун хандақ қазилиб, суғоришдан 5-6 кун олдин 1:1 нисбатда сув билан гўнг аралаштириб қўйи­лади. Ғўза ривожи тезлашишининг яна бир омили даланинг бегона ўтлардан холи бўлишидир.
Август ойида ҳам ғўза майдонларини ёввойи ўт босиши, ҳатто, улар уруғлаш босқичига кириши мумкин. Бегона ўтлар тез мослашувчан бўлади. Улар ғўзага нисбатан сув, озуқа ресурсларини кўпроқ ўзлаштиради. Натижада ғўза сояда қолади. Тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, ўсув даврида итузум билан қопланган ғўза майдонида ҳосилдорлик 13,7 центнер бўлган. Дала дастлабки уч  ҳафта давомида мазкур ўтдан тоза тутилганида эса ҳосил қарийб 40 центнерни ташкил этган. Бегона ўтлар паразит замбуруғлар қўзғатадиган касаллик учун қўшимча имконият сифатида ҳам хизмат қилади. Шунингдек, зарарли ҳашаротлар учун озуқа манбаидир. Зарарли ҳашаротлар олдин бегона ўтлардан озиқланиб кўпаяди, сўнгра ғўзага ўтади.
Яна бир ҳосилга хавф соладиган ҳашарот ўргимчакканадир. У кўпайиши мумкин жойларга олтингугурт кукунини (25-30 кг/га) чанглатиш ёки унинг оҳакли қайнатмасини 2 фоиз сувли эритма тарзида қўл аппаратлари ва пуркагичлар ёрдамида (200-300 л/га) пуркаш керак.
Кўсак қуртига қарши курашиш учун эса ферамон тутқичлар зарур. У кечки салқинда ўрнатилиб, эрталаб қайта йиғиштириб олинади.
Кўсак қуртининг капалаги тухум қўйиши билан унинг ҳар авлодига қарши далага 3-4 марта трихограмма тарқатиш зарур.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти мутахассисларининг айтишича, трихограмма ҳар 4-5 кунда қўйилиши лозим. Бунда ҳар сафар 1,0-1,3 граммдан, жами 3,3 грамм ёки 60х80х60 минг нуқтага қўйилади.
Далага қурт бўлишига ва унинг зичлигига қараб 1:0,5; 1:1,0; 1:2,0 нисбатида бракон чиқарилади. Тарқатишда ишчилар бир-биридан 500 метр масофада бўлиб, ҳар 500 метрда баллон қопқоғи қисқа муддатга (30 сония) очилади. Трихограмма ва бракон эрталаб барвақт (соат 5-10 гача), кечқурун (август ойида соат 17-20 гача) тарқатилади.
Ҳар бир агротехник тадбир ўз вақтида, сифатли ўтказилса, ғўза ривожи тезлашиб, мўлжалланган ҳосил тўпланади.
Айни кунлар ғўза парваришида масъулиятли палла ҳисобланади. Шу боис, ғўза қатор ораларига ишлов бериш орқали тупроқнинг майин, донадор бўлишига эришиш лозим. Бу тадбир ўсимликнинг яхши ривожланишини таъминлайди, сувсизликка чидамлилигини оширади, обиҳаётни 10-15 фоиз тежаш имконини беради. Шу билан бирга, ғўзанинг гоммоз, илдиз чириш касаллик­ларига чалинишининг олдини олади.
Август ойи ғўза вегетация­си даврида муҳим ой эканини тажрибали деҳқону фермерлар яхши билишади. Агар улар шу кеча-кундузда ҳақиқий ташкилотчилик, уюшқоқлик ва фидойилик кўрсатишса, ғўзани суғориш, культивация қилиш, зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш тадбирларини ўз вақтида, сифатли ўтказишса, далаларда  мўлжалдаги ҳосил етиштиришга эришадилар.

Ренат НАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими.