Марғилоннинг ипак матолари

4_adras

Фарғона вилояти

Дунёда яна довруғ қозонажак

Марғилон шаҳрида “Тўқимачилик саноати корхоналарида ишлаб чиқаришни ташкил этишда илм-фан интеграциялашувининг ўрни ва долзарб муаммолар ечими” деб номланган халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Унда дунёнинг 11 давлатидан соҳанинг етук мутахассислари, юртимиз тўқимачилик саноати ривожида изланишлар олиб бораётган профессорлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг жорий йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолия­тини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги ривож­ланишни янги босқичга олиб чиқмоқда. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, тармоқни комплекс тараққий эттиришга қаратилган яхлит ташкилий-технологик тизим барпо этилди. Яъни таркибида 210 га яқин корхона ва ташкилотларни бирлаштирган “Ўзбек­ипаксаноат” уюшмаси тузилди.
Анжуманда “Хитой Халқ Респуб­ликасининг “Бир макон, бир йўл” миллий стратегиясининг халқаро тўқимачиликдаги ҳамкорлик имкониятлари”,  “Ипакли ва бошқа тўқимачилик материаллари узунлигини, энини ўлчаш, навини аниқлаш ва қайта ўраш учун инновацион жиҳозлар”, “Табиий ипакни ишлаб чиқариш ва қайта ишлашда чиқиндисиз технология” мавзуларида маърузалар тингланди.
– Буюк ипак йўлидаги савдо алоқалари, ҳунармандчилик маҳсулотларининг айирбошлангани тараққиёт омили бўлиб хизмат қилган, –  дейди Хитойнинг Донгхуа университети профессори Хуа Ванг. – Бу эса Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги тарихий муносабатлар, ипак саноати борасидаги ҳамкорлик азалдан ривожланганидан дарак беради. Бугун ипак саноатини ривожлантиришда замонавий технологиялардан фойдаланиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш ҳақида ўз тақдимотимни ўтказдим. Бу жараён айни вақтда дунё мутахассисларини қизиқтирмоқда. Мазкур анжуман келажакдаги муштарак мақсадларимизни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлади, деган умиддаман.
– Ушбу тадбир миллий маҳсулотингиз саналган ипакнинг сифати ва унинг яратилиш жараёнига гувоҳ бўлиш, бу борада ўзаро фикр алмашишга замин яратади, – дейди ҳиндистонлик Жая Пракаш. – Марғилон ипаги азалдан ўзининг сифати билан ажралиб туради.
Анжуман доирасида Ўзбекистон табиий толалар илмий-тадқиқот инс­титути ҳамда бир қатор хориждаги турдош институтлар ўртасида узоқ ҳамкорлик қилишга мўлжалланган меморандум ва битимлар имзоланди.
Шундан сўнг Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги касаначи ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқилган ипакли матолар ярмаркаси ҳамда ёш дизайнерлар томонидан тайёрланган миллий либослар намойиши бўлиб ўтди.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.