Мустақил ҳаётга мустаҳкам асос

Наманган вилояти

Юртимизнинг барча ҳудудлари қатори Наманганда ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, ўқиб-ўрганишлари, жамиятда ўз ўрнини топишлари учун етарли шароитлар яратиб берилмоқда. Айниқса, таълим муассасаларидаги қулайликлар уларнинг яхши ўқиб, ҳунар эгаллаб, мустақил ҳаётга қадам қўйишларида муҳим асос бўлаётир.

– Давлатимиз раҳбари таклифи билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ўрнида рес­публикамиз ёшларини бир мақсадда бирлаштирувчи янги – Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши, Президентимизнинг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони келгуси фаолиятимиз такомиллаштирилишига хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Илёс Раҳимов. – Айниқса, 30 июнь – “Ёшлар куни” деб эълон қилиниши, “Мард ўғлон”, “Келажак бунёдкори” давлат мукофотлари ҳамда “Келажак бунёдкори” медалининг таъсис этилганлиги бу борадаги саъй-ҳаракатларимизга қанот берди.
– Туманимизда 163 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Учқўрғон тумани кенгаши раиси Рустамжон Хўжамбердиев. – Уларнинг 91 минг 200 нафардан ортиғи 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Ҳамкор ташкилотлар билан жойларга бориб, турли мавзуларда учрашувлар ўтказяп­миз. Улар олдимизда турган долзарб вазифаларни белгилаб олишимизда қўл келмоқда.
– Президентимизнинг ёшлар қурултойидаги маърузаси мени ҳам ташаббускор ёшлар сафида бўлишга ундади, – дейди Наманган давлат университети талабаси Манзура Абдуллаева. – Айниқса, “Китоб олами” дўконлари тармоғини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тасарруфига бериш, “Ёшлар нашриёти уйи”ни ташкил этиш, умумтаълим муассасалари кутубхоналарини бадиий китоблар билан таъминлаш, ёшлар газета ва журналларини чоп этишни яхшилаш борасидаги қатор таклифлардан руҳланиб кетдим. Айни кунларда “Чўлпон” нашриётида “Қумғон” номли нас­рий китобим лотин ва крилл ёзувида 10 минг нусхада чоп этилмоқда.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.