Илму фан амалиётга пайваста

Келажагимизни белгиловчи бу омилни замоннинг ўзи талаб қилмоқда,

Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида деҳқонларга таъриф бераётиб, “Олам маъмурлиги улардан, аламлилар шодлиги улардан. Ҳар қаён қилсалар ҳаракат халққа ҳам овқат етар, ҳам барокат”, деган экан. Дарҳақиқат, деҳқону чорвадорнинг барокатли фаолиятисиз юртда маъмурчиликни тасаввур қилиш қийин. Аммо ҳозирги замон қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор агротехнологиялар ва илмий ишланмаларни татбиқ этмасдан туриб, кутилган натижаларга эришиб бўлмайди.

Самарқанд вилоятининг тоғли ва тоғолди ҳудудларида 2017-2018 йилларда 4 минг 211 та фермер хўжалиги ташкил қилиниши ва уларда 5,7 минг гектар ёнғоқзор ҳамда 13 минг гектар узумзор барпо этилиши мўлжалланмоқда. Бунинг учун фақат ер майдонларининг ажратилиши ва уларда кўчатлар ўтқазилиши билан иш битмайди.
Чунки биринчидан, ажратилган ерларнинг таркибини ўрганиш, уларга ишлов беришда агротехнология усулларининг қайси бири афзаллигини аниқлаш зарур. Иккинчидан, кўчатлар ва нав­ларни танлашда ер майдони ҳолати, иқлим шароити, ҳосилдорлик истиқболи каби омиллар эътиборга олиниши лозим.
Қўйилаётган талаблар ижроси олимлар, соҳа мутахассислари ёрдамисиз амалга ошиши қийин. Самарқанд қишлоқ хўжалик институти бу борада бой тажриба тўп­лаган. Биргина мисол: инс­титут ходимлари давлат томонидан ажратилган грант асосида амарант  (гултожихўроз) ўсимлигининг хусусиятларини ўрганиш бўйича олиб борилаётган тадқиқотларни Жомбой туманидаги “Жомбой агрокультура” фермер хўжалиги  билан ҳамкорликда олиб борган. Бунинг учун хўжалик раҳбарини амарант ўсимлигидан 20 га яқин турли маҳсулот олиш мумкинлигига ишонтириш билан бир қаторда, ундан фитомелиоратив, яъни тупроқдаги туз меъёрини яхшилаш мақсадида фойдаланиш имконияти мавжудлигини амалда намойиш этиш лозим бўлган. Акс ҳолда, фермер хўжалиги раҳбарияти илмий хулосалар натижасини синаб кўриш учун 20 гектарга яқин суғориладиган ер майдонини ажратмаган бўларди.
Ўтган йил мобайнида Самарқанд давлат университети олимлари ҳам биология, тупроқшунослик, биотехнология ва бошқа соҳаларга оид илмий-тадқиқотларни  олиб бориш мақсадида 1 миллиард 750 миллион cўм миқдоридаги бюджет маб­лағини сарфлаганлар. Улар яратган ишланмалар, тавсия­ларнинг истиқболли эканлиги берилган тақризлар, турли нашрларда эълон қилинган хулосаларнинг ишонарли эканлигидан кўриниб турибди. Аммо тарғибот фаолиятининг суст­лиги боис, ҳамкорликнинг чўғи пастлиги, илмий изланишлар хўжалик юритувчи субъектларга етиб бориши талаб даражасида эмаслиги сезилиб турибди.
Маълумки, фундаментал ва инновацион тадқиқотларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан ажратилаётган маблағ миқдори йилдан-йилга ошиб бормоқда ва бунда иқтисодиёт соҳаларининг долзарб муаммолари ечимини излашга қаратилган замонавий технологияларга алоҳида эътибор берилмоқда. Ана шунинг самарасида мамлакатимизда янги намунадаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш миқдори ва тури кескин кўпайди. Шунинг­дек, корхона, фермер хўжалиги ва тадбиркорлик субъектларига кўмак кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда.
Шу жумладан, олимлар олдида илғор хорижий таж­рибаларни ўрганиш, хал­қаро меъёрий талабларни баҳолаш, улардаги  фундаментал илмий хулосаларни таҳлил қилиш ҳамда уларни халқ хўжалиги ходимлари эътиборига ҳавола қилиш вазифаси ҳам турибди. Олимларимиз бундай вазифани керакли суръатда амалга ошириш имкониятига эгадир. Самарқанд вилоятида балиқ ва паррандачилик маҳсулотлари етиштириш  ҳамда қайта ишлаш самарадорлигини яқин муддатда 4-5 баробарга ошириш режалаштирилаётган экан, бунга хориж таж­рибасини татбиқ қилмасдан эришиш муаммо эканлиги ҳам барчага аён. Айни пайт­да бу соҳада Хитой, Вьетнам, Жанубий Корея каби мамлакатларда шаклланган технологиялар фақат улар батафсил илмий экспертизадан ўтганидан сўнг амалиёт учун тавсия қилиниши мумкин.
Шу ўринда, хўжалик юритувчи шахсларнинг билим салоҳиятини юксалтириш, ишлаб чиқариш маданиятини ошириш ҳақида ҳам тўхталмоқчимиз.   Гап шундаки, хўжалик ходимлари қўшимча даромад олиш йўлларини қидирсалар-да, лекин унинг манбасини топишга қийналиб қоладилар.  Зиёлиларнинг бу борада кўрсатадиган кўмаги айни муддаодир. Чунончи, қишлоқ хўжалиги субъектларига қўшимча даромаднинг беминнат ва бетакрор манбаи агротуризм, касаначилик ва вино туризми эканлигини англатиш керак. Сайёҳликнинг ушбу турларини ривожлантириш тўғрисида кейинги пайтларда кўп гапирилаётган бўлса-да, бироқ қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш соҳалари ходимлари ушбу йўналишдаги ишларни қандай ташкиллаштиришга оид етарлича маълумотга эга эмас. Ҳатто йирик корхоналарда ҳам бу борадаги ишларни талаб даражасида, деб бўлмайди. Хусусан, Самарқанд вилоятидаги “Агромир” корхонасида сайёҳ фақат ишлаб чиқариш жараёни билан танишиши мумкин, унинг тасарруфидаги боғлар эса сайр қилишга мослашмаган. Бир пайтнинг ўзида агротуризм ва вино туризми объекти мақомини олиши мумкин бўлган “Боғизоғон” вино ишлаб чиқариш корхонасидаги аҳвол анча дурустдек кўринса-да, бироқ ундаги шароит  ҳам турис­тик бозор талабларига тўлиқ жавоб бермайди.
Айтишларича, “Шарқ тароналари” фестивалида қатнашган машҳур италиялик қўшиқчи Аль Бано ўзининг мўъжазгина боғида камёб узум навларини етиштириб, улардан уч турдаги оқ ва олти турдаги қизил вино тайёрлаб, сайёҳларни ҳордиқ чиқариш учун ҳовлисига таклиф қилар экан. Боғизоғонликлар ҳам қўшимча даромад келтириши аниқ бўлган агротуризм ва винотуризм имкониятларини излашда давом этсалар маъқул бўлар эди.
Хуллас, мамлакат иқтисодий ривожланишининг энг муҳим омилларидан бири,  бу – илм-фаннинг амалиётга, ишлаб чиқаришга уйғунлашишидир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ишлаб чиқариш ва илму фан ҳамоҳанг бўлса, биз эллик йил кейинги ҳаётимизни тасаввур қилиб, бугун унга замин ҳозирласак, жуда катта натижага эришамиз.

Баҳодирхон САФАРОВ,
Самарқанд давлат университети кафедра мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент.