Раҳмон ота Хоразмда «Тожмаҳал» қурди

Хоразм вилояти

Раҳмон Машарипов хонадонига кириб борар эканмиз, бир умр мозий билан тиллашган, ёшларга тарих зарварақларини очишга кўмаклашган инсон билан суҳбатимиз қай зайилда кечишини тасаввур қилолмасдик. Ота саксонни қоралаб қолган бўлса-да, тетик, бардам, гапи равон, суҳбати сермазмун инсон экан.

Раҳмон Машарипов узоқ йиллар Урганч давлат университетида, ўқитувчилар малакасини ошириш институтида, вилоят халқ таълими бошқармасида раҳбар бўлиб ишлаган. У тарих фанлари номзоди. Унинг элликка яқин рисола ва китоблари чоп қилинган. Бутун умрини илмга, халққа хизмат қилишга сарфлаган.
Устоз биз билан бироз суҳбат қилгач, ҳовли этаги томон бошлади. Хоналарга кирдигу, ўзимизни бошқа бир оламга тушиб қолгандек ҳис этдик. Бу ер Раҳмон Машариповнинг бир умр йиққан хазинаси – тарих музейи эди. Музей тўрт хонадан иборат. Уларнинг бари тарихий ашёлар, асори-атиқалар, китоблар, фотосуратлар, рисолалар билан лиқ тўла. Экскурсовод ҳам унинг ўзи бўлди.  Айтганча, Раҳмон ота музейни “Тожмаҳал” деб номлаган.
Уй музейига сиғмаган экспонатлар ташқари ҳовлидан жой олган. Хоразмнинг катта эшак араваси дейсизми, ўтган аср деҳқонларининг иш қуроллари дейсизми, бари сизга тарихдан, мозийдан сўзлайди.
– Мана бу пирамидани рамзий равишда “Хоразм пирамидаси” дейман, – дейди Раҳмон ота. – Булар Ал-Хоразмий, Огаҳий, Феруз ёзган китоблар. Бу Қўшкўпир қалъасининг лойдан ишланган макети. Бу бешикка онамнинг қўли теккан, мен учун жуда азиз.
Музейга ҳар йили кўплаб тарих фанига қизиқувчи мактаб ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари келади. Улар музейни томоша қилиб, тарих ҳақидаги билимларини бойитиб кетадилар. Музей эшиклари ҳамма учун доимо очиқ.
Умрини илмга, мозий тилсимларини очишга бағишлаган инсоннинг бу хайрли ишларини кўриб, ўйга толасан киши. Бир инсоннинг эл учун, юрти учун фидойилиги шунчалик бўлар. Жон куйдириб, сармоя­сини сарфлаб, керак бўлса, айрим асори-атиқаларни катта маблағ эвазига сотиб олиб, келажак авлодни бундан баҳраманд қилиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.
Раҳмон Машариповнинг 1998 йили “Ўзбекистон” нашриётида чоп қилинган “Мозий садолари ва сабоқлари” китоби Қўшкўпир тумани тарихига бағишланади. У ҳали-ҳамон изланишда, тарихий китоблар ёзиш билан банд. Раҳмон ота шу кунларда туман тарихи бўйи­ча иккинчи китобини ёзишни бошлаган.
– Илм қилни қирқ ёради, – дейди устоз. – Тарих ёлғонни кечирмайди, унга аниқ илмий асосланган далиллар керак. Шунинг учун шошмасдан изланиб, кейин бир хулосага келиш лозим. Ҳали қанча очилмаган тилсимлар ўз тақдиқотчиларини кутиб ётибди. Уларни очиш, келгуси авлодга етказиш сиз ва бизнинг зиммамиздаги вазифадир.

Болтабой Матқурбонов