Ишлаб чиқариш салоҳияти юксалмоқда

2_01

Навоий вилояти

Вилоятнинг саноат ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида сўз юритилганда, “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилгандан буён жами 123,1 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилганини айтиш жоиз. Уларнинг 35 фоизга яқини тўғридан-тўғри киритилган хорижий инвестициялардир. Бугунги кунда ҳудудда 18 та корхона самарали фаолият юритмоқда. Улар томонидан 100 дан ортиқ турдаги экспортбоп, юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Ҳудудда 2017 йилнинг биринчи ярмида жами 88,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, шундан 3,3 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди. Корхоналарда минг нафарга яқин юқори малакали кадрлар ва маҳаллий ёшлар меҳнат қилаётгани натижасида аҳолининг турмуш фаровонлиги ошиб, бир қатор ижтимоий масалалар ечим топаётир.
Ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ва саноат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш мақсадида 2017-2019 йилларда “Навоий” эркин иқтисодий зонасида жами қиймати 251,4 миллион АҚШ долларилик 39 та лойи­ҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида ёшлар учун 2 минг 500 та янги иш ўрни яратилади.
Янги лойиҳалар самарасида йилига қўшимча 320 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва унинг 30 миллион АҚШ долларига яқини экспортга йўналтирилади. Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар 80 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Биргина “Ўзқурилишматериаллари” АЖ томонидан қиймати 35,2 миллион АҚШ доллари бўлган “Green Line Profil” МЧЖ корхонаси негизида йиллик қуввати 35 минг тонна бўлган алюминий профил маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасининг ишга туширилиши билан 221 та янги иш ўрни яратилади.
Навоий халқаро аэропортини янада ривожлантириш ҳисобига Европа ва Осиё давлатлари ўртасидаги йўналишларда катта ҳажмдаги юклар ва йўловчи транзит рейсларини қабул қилиш имконини берадиган халқаро логистика маркази ташкил этилгани “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ривожида муҳим ўрин тутмоқда.
Ушбу аэропорт орқали юклар ташиш ўнлаб хорижий давлатлар билан амалга оширилаётгани нафақат вилоятнинг, балки республикамизнинг транспорт-транзит ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришда, минг­лаб иш ўринларини яратиш орқали аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.