Минитрактор деганини пропанда ҳам ишлатамиз

Наманган вилояти

Тўрақўрғон тумани Найманча маҳалласида яшовчи, мутахассислиги газ ва электр пайвандчиси Ҳожиназар Ходиназаров яратган минитрактор дастлаб Наманган шаҳрида ўтказилган Инновацион лойиҳалар ва ғоялар ярмаркасида намойиш этилганди.

Кейинчалик пойтахтимизда “Ўзэкспомарказ”да ўтказилган “Uzbekistan Аgrotech Expo – 2017” ҳамда “Uzbekistan Аgromash Еxpo – 2017” халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаларида ўзининг занжирли универсал минитрактори билан қатнашиб, иштирокчилар эътиборини қозонди.
Изланувчан ихтирочининг янги техникаси боғдорчилик ва узумчилик ишларида фойдаланиш учун мўлжалланган. У билан ерларни шудгорлаш, чизеллаш, текислаш, ариқ очиш ва кўмиш, дарахтларга кимёвий дорилар пуркаш, юкларни ташиш ва тушириш каби юмушлар бажарилади. 98 от кучига эга минитрактор двигатели пропан газ ёнилғисига ишлайди.
Мевали дарахт шохларига зиён етказмаслик учун минитрактор кабинаси тентли, рамаси тезкор ёпиладиган ва очиладиган қилиб ишланган. Бир жойдан иккинчи жойга етказиш учун ўзиюрар трайлерга эга. У қувват олиш валидан ҳаракатланади ва ташиш учун қўшимча транспорт воситаси талаб қилмайди. Бу трайлерга далада каркаслар ўрнатилиб, устига тентли материал ёпилса, боғбон, деҳқон ёки фермерлар учун мўъжазгина шийпончага айланади. Яъни тушлик пайтида тамадди қилиш, кун исиб кетган ёки ёғин-сочин пайтида бошпана учун жой қидириб юришга ҳожат қолмайди.
Шунингдек, ҳар нарсага қизиқувчан Ҳожиназар уйида узум кўчатларини тараш, хомток қилиш, сўритокларни, қолаверса, одам бўйи етмайдиган жойларни бўяш, суваш каби ишларни бажаришда қулай бўлиши учун қўл билан ҳаракатланадиган, электр токи орқали бошқариладиган нарвон-шоти ҳам яратган. Бу мосламани керакли баланд­ликкача кўтариб-тушириб, истаган юмушни бемалол бажариш мумкин.
– Тошкентдаги кўргазма мен учун ниҳоятда фойдали бўлди, – дейди Ҳожиназар Ходиназаров. – Энг аввало, бошқа вилоятлардаги мен сингари ихтирочилар билан мулоқот қилиб, ўзаро тажриба алмашдим. Қолаверса, ушбу техника мутахассислар назарига тушди. Албатта, буларнинг бари мени ниҳоятда руҳлантирди.
Тўрақўрғонлик ҳамюртимиз тиришқоқлиги, изланувчанлиги билан ўз мақсадига етди, янги техника ўйлаб топди. У тегишли мутахассислар томонидан атрофлича ўрганилиб, такомиллаштирилиб, ишлаб чиқаришга жорий этилса, ажаб эмас.

Мирзамаҳмуд ПЎЛАТОВ