Бугун ғўза «ишлайдиган» кун

3_01

Сирдарё вилояти

Деҳқонлар “Асад – экинингни ясат”, дейишади. Бу ой ғўза парваришининг авж нуқтаси, ҳосилга ҳосил қўшадиган давр саналади. Олдинлари ғўза кун санаган бўлса, энди соат  санайди. Экин соат сайин ривожланиб, ҳосил тўплайди. Бу, ғўзани бир лаҳза ҳам эътиборсиз қолдирмаслик зарурлигини кўрсатади.

Айни кунларда ғўзасини “ишлатган” деҳқон ютади. Негаки, пахтанинг сифати ҳам, салмоғи ҳам шу паллада ҳал бўлади. Ғўза ривожи, ҳосил шаклланишида асадда  олиб бориладиган агротехник тадбирлар муҳим аҳамият касб этади. Суғориш, ишлов, ягана, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш мазкур давр­да амалга оширилади.
Бу йил хўжалигимиз аъзо­лари билан 29,7 гектар ерда ғўза парвариш қиляпмиз.
Бу ойда, айниқса, суғоришнинг аҳамияти беқиёс. Пахтакорларимиз бежизга “Асад суви – асал суви”, деб айтишмайди. Ғўзани бу ойда қондириб суғориш кўсаклар сонини ошириб, тола сифатини яхшилайди. Чанқатиб ёки кўллатиб суғориш мумкин эмас. Сабаби ғўза кўллатиб суғорилганида қатор ораларига ишлов кечикади, бегона ўтлар ва зараркунандаларнинг кўпайишига қулай шароит яратилади. Энг муҳими, экинни шамоллатиш – “варақлаш” тадбирига халақит беради.
Агротехникадаги муҳим жиҳатларни эътиборга олиб, иккинчи суғоришни сувчиларимиз Абдунаби Холматов ва Дилмурод Тугаловлар қулай муддатларда тугаллашди. Учинчи суғоришни август ойида “шарбат” усулида амалга оширишади. Маҳаллий ўғит ғўзага озуқа бериши билан бирга, буғланишни камайтириб, эгатларда намликни узоқ вақт сақлайди ва ҳосил ривожини тезлаштиради.
Мўл ҳосил тўплашда сувчи ва механизаторнинг ҳамфикрлиги, ҳамжиҳатлиги катта аҳамиятга эга. Оби-тобида ўтказилган культивация ҳосил сифати ва салмоғини оширади. Ишловда ғўза илдизи шикастланмаслиги, ҳосил нишоналари тўкилмаслигига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бунда культиваторнинг ишчи қисмлари “балиқ сирти” каби ўралиши, трактор бир маромда ҳаракатланишини механизаторимиз Ғулом Мир­заев доимий назорат қилиб бораётир. Ғўзани темир пиширади, деган нақлга амал қилиб, ишловни қуёш тафти кучайган пайтда ўтказяпти. Зеро, салқинда ғўза барги ва танаси таранг­лашиб, мўртлашиши оқибатида узилиш, синишга мойил бўлади. Иссиқ ҳароратда эса ғўзаларнинг эгилувчанлиги ортади. Мақбул муддатда  ўтказилаётган культивация самарасида ғўза илдизлари етарли миқдорда ҳаво ва ҳарорат оляпти. Ўсимлик ривожи тезлашиб, ҳосилга ҳосил қўшилмоқда.
Бугунги барча агротехник тадбирлар далада янада ҳамжиҳат бўлиб ишлашни тақозо этади. Ғўза орасига қанча кўп техника кириб, одам ораласа эгатларда ҳаво айланиши шунча яхшиланади, экин димиқиб қолмайди. Қатор ораларини “варақлаш” айни дамда ғўзанинг ҳолати қандайлигини пухта ўрганиш, кузатиш имконини ҳам беради. Ана шу муҳим жиҳатларга масъулият билан ёндашаётганлигимиз натижасида ҳар тупда ҳозиргача 5-6 тадан кўсак ҳосил бўлди. Ҳосил чўғи бугунги меҳнатимизга боғлиқлигини чуқур тушунган ҳолда парваришни август ойи охиригача сусайтирмаймиз ва ҳар тупда ўртача 15-16 та тўқ кўсак тўплашга эришамиз.

Шуҳрат ЯРЛАҚАБОВ,
Сайхунобод туманидаги “Шўрўзак-Ғаллакор ҳамкор” фермер хўжалиги раҳбари.