Ҳар бир зарбда Ватан шаъни туради

4_02

 Жиззах вилояти

Ғаллаорол тумани марказида яшовчи, ҳудуддаги коллежнинг болалар спорти йўналишида таҳсил олаётган Самандар Холмуродов спортга эрта кириб келган. Айниқса, бокснинг сир-синоатини яхши ўзлаштирган Самандар тезда кўзга кўринди. Устози Тўлқин Тугаловдан ўзига хос услубни, техникани ўрганди, ўз вазн тоифасидагилар учун кучли рақибга айланди. У кескин зарбалари билан тенгдошларини эсанкиратиб қўярди.

У тезда вилоят ва респуб­лика чемпионатларининг доимий иштирокчисига айланди. 2012 йилда Жиззах (ҳозирги Шароф Рашидов) тумани марказида уюштирилган вилоят мусобақасида 30 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди.
Бу ғалаба қалбидаги ишончни мустаҳкамлади. Бирин-кетин шоҳсупанинг юқори поғоналарини забт эта бошлади. Айни вақтгача вилоят миқёсида 15 та ғалабани қўлга киритган. Ушбу беллашувларда олинган медалларнинг 10 таси олтин. Республика бўйича ўтказилган баҳсларда унга уч марта омад кулиб боқди. Жумладан, бу йил Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган “Баркамол авлод  – 2017” спорт ўйинларида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Самандар 5 та халқаро чемпионатнинг ғолиби саналади. Халқаро майдондаги илк ғалабасини 2015 йилда Қозоғистонда қўлга киритган. Россия, Мўғулистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон боксчилари ва ҳамюртларимиз иштирокида бўлиб ўтган баҳсларда 44 килограмм вазн тоифасида олтин медаль соҳиби бўлди. Кейинги йили яна Қозоғис­тон, Грузия, Озарбайжонда ўтказилган мусобақаларда қатнашди. Бу йил Россияда 5 та давлат вакиллари қатнашган чемпионатда ҳам унга тенг келадиган топилмади.
Жорий йилнинг 1-7 июль кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида ёшлар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионати учун тайёргарликни тажрибали ва талабчан мураббий Шерзод Эшқувватов билан олиб борди.
Бангкокда ёшлар ўртасида ўтган мусобақага тўхталсак, у барча рақиблари устидан ғалаба қозонди. Самандар ироқлик ва индонезиялик боксчиларни иккинчи раунддаёқ нокаутга учратди. Хитойлик чарм қўлқоп устаси билан кечган баҳсда ҳам устунликка эришди. Финалда ҳиндистонлик жаҳон чемпиони Сачинни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратиш орқали Ўзбекистонда яна бир иқтидорли спортчи пайдо бўлганлигини Осиёга намоён қилди.
Самандар шоҳсупага кўтарилар экан, кўз олдида дуога қўл очиб турган ота-­онаси, яқинлари, уйи, юрти гавдаланди. Унга тикилиб турган устозлари, қўллаётган жамоадошларини кўриб, беихтиёр кўнгли тўлиб кетди. Мусобақа якунлангач, қувонч, ҳаяжон сабаб томоғидан бир қултум сув ҳам ўтмади.
Самандарнинг ғалабадан руҳлангани бор гап. Аммо машғулотларни ташлаб қўйгани йўқ. Қатъий тартибда ҳар куни севимли спорт тури билан шуғулланяпти. Ахир уни энди 2018 йил Аргентинада ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган Жаҳон олимпиадаси кутмоқда. 2020 йилда Японияда ўтказилажак Жаҳон олимпиадасида ҳам юртимиз байроғини кўтариш нияти бор.
Дарвоқе, айни дамларда 49 килограмм вазн тоифасида рингга кўтарилаётган Самандарни кўпчилик Ҳасанбой Дўстматовга ўхшатади. Нафақат услуб, оғирлик, ҳатто қиёфаси ҳам эш келади машҳур спортчимизга.
Самандар Холмуродовнинг Бангкокдаги ғалабаси унга мамлакатимиздаги олий ўқув юртларидан бирида таълим олиш имкониятини берди. Отаси Акмал Эшмонов ўғлининг ютуқларини республикамизда ёшлар учун барча соҳаларда яратилаётган имкониятлар билан боғлайди ва бу ишларга бош-қош бўлаётган Президентимизни миннатдорлик билан дуо қилади.
Элимизнинг шундай шижоатли фарзандлари бор экан, жаҳон ареналари узра Ўзбекистон, ўзбек номи баралла янграйверади. Айтганча, туманда Самандар каби 200 нафардан ошиқ ёшлар бокс сирларини ўзлаштиряпти. Улардан беш нафари республика терма жамоаси таркибида. Бундан хулоса қиладиган бўлсак, Самандар халқаро мусобақалар, хусусан, жаҳон олимпиадаларида юртимиз шаънини ҳимоя қиладиган ягона ғаллаороллик спортчи эмас.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.