Зоминда завқ олган ёшлик илҳомлари

1_02

Зомин тумани Ўриклисой оромгоҳида ёш ижодкорларнинг анжумани бўлиб ўтди.

Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида халқимиз қалбида китобхонликни кучайтириш, адабиёт ва санъат вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларнинг аҳамияти тўғрисида сўз юритилди. Ўтаётган анжуманда ҳам кўплаб ёш истеъдод соҳибларининг кашф этилишига умид ва ишонч билдирилди. Қисқаси, юракдан чиқиб, тўғри юракка қуйиладиган эзгу сўзлар айтилди, ора-сира заковат ва ҳислардан тўйинган шеърий сатрлар тилларга кўчди. Республикамиз Мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон”  шиори остида ўтган анжуман мушоираларга бой бўлди. Юртимизнинг барча ҳудудларидан келган 60 нафардан ошиқ ёш ижодкорлар ва адабиётимизнинг улуғлари бир муддат бадииятнинг сеҳрли олами мафтунига айландилар.
Табиатнинг сеҳрли қучоғида ёш ижодкорларнинг адабий беллашуви, сабоғи қизғин кечди. Назм ихлосмандлари Иқбол Мирзо, Маҳмуд Тоир каби  Ўзбекистон халқ шоирларидан шеърият сирларини ўзлаштириб, ижодларига баҳо олдилар.  Тўлқин Ҳайит, Исажон Султон каби ёзувчилар ёшларни насрнинг нафис жиҳатларидан хабардор этдилар. Тайёр ишлари баҳоланиши билан бирга ижодкорлар шу жойда янги асар битиш имконига эга бўлдилар. Ёш драматурглар “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаевдан соҳанинг ўзига хосликларини ўргандилар. Худди шундай адабий танқид, бадиий таржима, болалар адабиёти, бадиий публицистика йўналишларида ҳам юртимизнинг таниқли адабиётшунослари, ёзувчи, шоир ва журналистларидан ўрганиш имконияти яратилди.
Йўналиш ва мавзудан келиб чиқиб, турли жанрлардаги ижод намуналари ўқилди. Соҳаларда эришилаётган натижалар, кузатилаётган камчиликлар, эътибордан четда қолаётган масала ва мавзулар, қисқаси, сабаблар, оқибатлар ижод нуқтаи назаридан таҳлил этилди.
– Зомин семинари том маънода ижодкор ёшларнинг илк парвозига қанот ва қувват вазифасини ўтамоқда, – дейди анжуман иштирокчиси Сайфиддин Оканов. – Бу ердаги ижодий муҳит шу юрт учун, шу миллат учун ёниб ёзиш иштиёқида бўлганларни янги марралар сари руҳлантирди, ундади. Анжуманда “Биринчи китобим” рукнида чоп этилган шеърлар тўпламимнинг тақдимоти уюштирилди. Бундан чексиз бахтиёрман. Президентимиз томонидан ёшларга яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлар учун миннатдормиз ва юрт тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишга ҳамиша тайёрмиз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” жамоат фонди ҳамкорлигида “Биринчи китобим” рукни остида ёш иқтидор эгаларининг асарларини чоп этиш анъанага айланган. Зоминда ана шу рукн билан нашр қилинган 19 та китобнинг тақдимоти уюштирилди. Иштирокчилар ташкилотчиларнинг совғаларига эга бўлишди. Дарвоқе, ёш таржимонлар инглиз тилида анжуман мадҳини тайёрладилар. Унда “Зомин сенинг илҳомларингни, Ўриклисойдан кетмасдан туриб соғина бошладик” деган жумлалар бор эди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими У.Узоқов сўзга чиқди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.