“Ал-Қомус”: АСЛ МАНБАЛАРГА ТАЯНИБ ТАЙЁРЛАНГАН ЛУҒАТ

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, бугун халқимиз жуда кўплаб хайрли тадбирлар, кенг кўламли ислоҳотлар, беқиёс ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқда. Бундай ўзгаришлар қаторида диний-маърифий, илмий-ижодий соҳадаги буюк, тарихий қадамларни алоҳида эътироф этиш жоиз. Бухорои шарифда Мир Араб олий мадрасасининг ташкил этилгани, Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг очилгани ва бошқалар сўзимизнинг ёрқин далилидир.

Маълумки, юртимизда Ислом илмлари асрлар мобайнида чуқур ўрганилиб, тадқиқ қилиниб, минглаб илмий асарлар таълиф этилиб, ривож­лантирилган ва бутун мусулмон оламининг эътирофию олқишига сазовор бўлган.
Аллома аждодларимиз қолдирган илмий асарлар, асосан, араб тилида ёзилган. Қолаверса, араб тили муқаддас Қуръони Карим, муборак Ҳадиси шарифлар тили бўлгани билан ҳам халқимиз томонидан алоҳида эъзозлаб келинган. Имом Абул-Қосим Замахшарий, аллома Юсуф ас-Саккокий каби улуғ аждодларимиз араб тили наҳв-сарфи, балоғату 4_kitobфасоҳати ривожига улкан ҳисса қўшганлар. Уларнинг асарлари ҳозирги қадар бутун дунёда дарслик сифатида қўлланиб келинаётгани биз, авлодларга катта фахр ва шараф бахш этади.
Имони бутун, ихлоси бенуқсон халқимизнинг араб тилига бўлган қизиқиши бирор даврда ҳам асло камайган эмас. Ҳазрат Навоий ўзларининг машҳур “Муҳокаматул-луғатайн” рисолаларида араб тилининг ўзга тиллардан мумтозлиги борасида шундай деганлар: “Барчасидин араб тили фасоҳатойини била мумтоз ва балоғат тазйини била мўъжизатироздурким, ҳеч такаллум аҳлининг мунда даъвоси йўқтур ва сўзи сидқу иши таслим-ўқтурким, Малики Аллом жалла ва алонинг каломи мўъжиз низоми ул тил била нозил ва Расул алайҳис-салавоту вас-саломнинг аҳодиси саодат анжуми ул лафз била ворид бўлубтур”.
Араб тилини ўрганиш ва ўргатишда арабчадан таржима луғатига эҳтиёж тушади. Юртимизда ўрта асрларда ҳам арабча-туркийча ёки араб­ча-форсча луғатлар бўлган бўлса-да, бу луғатлар, биринчидан, қўлёзма, кўпи билан тошбосма ҳолда бўлгани, иккинчидан, нусхаларининг ўта камлиги, борлари ҳам фақатгина махсус китоб фондларида сақлангани боис, кейинги даврларда толиби илмлар учун улардан фойдаланиш деярли имконсиз иш эди. Йигирманчи асрнинг ўрталаридан бошлаб араб тили ихлосмандлари рус шарқшуноси Х.Барановнинг “Арабско-русский словарь”идан фойдаланадиган бўлдилар. Мазкур луғатдан фойдаланиш икки ҳисса меҳнат талаб қилар, олдинига арабча сўзнинг русчаси топилиб, кейин русча-ўзбекча луғатдан ўша сўзнинг ўзбекчаси қидирилар эди. Кўпинча арабча сўзнинг бир нечта маъноси русча таржимасидан қайси бири кераклиги, ҳар бир русча сўзнинг қай бир ўзбекча маъноси ўрганилаётган матнга алоқадорлигини  аниқлагунча толиби илмлар толиқиб, араб тилини ўрганишдан умидсизликка тушар эдилар. 2001 йилга келиб ушбу луғатнинг ўзбек тилидаги таржимаси майдонга келди. Бироқ Баранов луғати совет даври илм-фани маҳсули бўлганлигидан, унда араб тилининг асоси ва таг-томири бўлган Қуръони Карим ҳамда аҳодиси набавиййа сўзлари, умуман, диний адабиёт истилоҳлари ҳамда классик давр адабиётига оид сўзлар эътибордан четда қолган. Бундан ташқари, Баранов луғати тузилгандан буён вужудга келган янги атама ва иборалар ҳам, табиийки, ундан ўрин олмаган. Шунинг учун диний соҳа вакиллари ҳам, бошқа араб тили шайдолари ҳам ҳар томонлама мукаммал, ҳам замонавий, ҳам классик давр, қолаверса, диний манбаларга оид сўзларни қамраб олган, асл арабча манбалар асосида тайёрланган луғатни орзиқиб кутар эдилар.
Ва, ниҳоят, ўзбек шарқшунослигининг атоқли намояндаси, Мисрдаги Қоҳира араб тили академияси аъзоси, кўплаб халқаро мукофотлар совриндори, филология фанлари доктори, профессор Нематуллоҳ Иброҳимов раҳбарлигида бир неча араб­шунос олимлар томонидан, кўп йиллик машаққатли меҳнат ҳосили ўлароқ, 100 000 дан ортиқ сўз ва иборани ўз ичига олувчи “Ал-Қомус: арабча-ўзбекча қомусий луғат” деб номланган 4 жилдли мукаммал луғат тузилди. Ушбу луғат биринчи жилдининг нашрдан чиқиши 2017 йил муборак Рамазон ҳайитига туҳфа бўлди.
“Ал-Қомус” луғатини тузишда муаллифлар, аввало, Халил ибн Аҳмаднинг “Ал-Айн”, Жавҳарийнинг “ас-Сиҳоҳ”, Ферузободийнинг “ал-Қомус ал-муҳит”, Ибн Манзурнинг “Лисон ал-араб” асарлари каби асл арабча манбаларга, “Ал-Муъжам ал-васит”, “Ал-Муъжам ал-кабир”, “Муъжам матн ал-луға”, “Муъжам ал-луғат ал-арабиййа-л-муосира” каби замонавий луғатлар ҳамда Лейн,  Илйас, Бело, Гиргас кабиларнинг инглиз, француз, рус ва бошқа тиллардаги таржима луғатларига таянганлар. Луғатнинг тузилиши ҳам бошқа луғатларга қараганда янгича, фойдаланишга ўта қулайлиги билан диққатга сазовор. Сўзларнинг маъноси янада равшан бўлиши учун берилган мисолларнинг соф арабча экани, мақол, матал, шеърий намуналарнинг кўплиги киши завқини оширади. Берилган мисол ва иқтибосларнинг ўзбекча таржимаси ҳам ғоят нафис ва аниқлиги тузувчиларнинг ишга қанчалар ихлос ва самимият ила ёндашганлари, ўз ишининг нақадар пухта билимдонлари эканига яна бир гувоҳи содиқдир. Масалан, бир ўринда бундай шеърий парча келтирилган: “Йигит ҳам учар юлдузу шуъласи мисол, ёритгач кулга айланур дарҳол”.
“Ал-Қомус” – қомусий луғат, унда тарихий шахслар, жўғрофий номлар, уларнинг аталиш сабаблари, кўплаб ўсимликлару ҳайвонларнинг ўзбекча номлари билан биргаликда илмий номлари ҳам берилганки, бу турли илм-фан соҳалари вакилларига катта қулайлик яратади.

Усмонхон АЛИМОВ,