«Буюк келажакни қуришда мард ва олижаноб халқимизга мустаҳкам таянч ва суянч бўламиз»

2_01

дейишмоқда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқидан руҳланган ёшларимиз

Ота гўдак фарзандини суйганда кўкка отади. Бу “мендан-да улуғ бўл, болам” дегани. Бу ҳақиқий ғамхўрлик ва фарзандни барча нарсадан, ҳатто, ўзидан-да азиз билиш ифодаси.
Ота фарзанди мактабга борганида уни қучоғига олар экан, пешонасидан ўпади. Бу “толенинг порлоқ бўлсин” дегани. Эртанинг умиди бор унда, фарзандининг иқболи учун ҳар нарсага тайёрлик мужассам бўлади ушбу меҳрда.
Ҳарбийга кузатаётганда ота ўғлининг белидан даст кўтаради. Бу “Ватан хизматига боғлаган белинг мустаҳкам бўлсин” дегани.
Ўқишни битириб, ўғли қўлидан иш олганида ота дуога қўл очади: йўлинг ёруғ бўлсин, болам… Ўшанда унинг кўзлари ёшланганини кўрмайсиз, қалбидаги ифтихорни тасаввур қила олмайсиз.
Фарзандининг улуғ ишларни қилганини кўрганида эса “отам” деб суяди, қизига эса “она қизим” деб мурожаат этади… Бунинг тагида шундай ҳикмат бор: бугун сени суйсам, эртага сенга суянаман!
Оила жамиятнинг бир бўлаги, негизи. Шу маънода бугун мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътиборда эртанги ёруғ истиқболга мустаҳкам пойдевор қўйилаётганини кўриш мумкин.
Президентимизнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқини ўқир эканмиз, унда билдирилган фикрлардан, ёшларга бўлган чексиз меҳрдан қалбимиз тўлқинланиб кетди. Айни чоғда унда давлатнинг ўз фарзандлари – навқирон авлодга бўлган ҳадсиз меҳрини, улкан эътиборини ҳис этдик.

 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи – ёшларнинг чинакам суянчи ва таянчи бўла олади

Ушбу тузилма, миллионлаб ёшларнинг тақдирини, келажагини ўйлаб, етти ўлчаб, бир кесиб қилинган ислоҳот, том маънода айтганда, тарихий аҳамиятга эга ислоҳот бўлди.

Барчамиз давлатимиз раҳбарининг нутқини матбуотда ўқидик, телевидение орқали кўрдик, албатта. Аммо яхши гапнинг мағзи ширин бўлади. Халқ таъбири билан айтганда, уни чайнаганингиз сари мазаси ортади, кўнглингиз ҳузурланади. Шу боис, бугун ёшларимиз, умуман, барчамиз ушбу ислоҳотнинг мазмун-моҳиятини яна бир бор ўрганяпмиз. Билганларимизни бир-биримизга улашаяпмиз.
Энг аввало, бўлғуси ташкилотнинг ҳуқуқий мақоми, асосий мақсад ва вазифалари, унинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи, обрў-эътиборини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қачон ёшларнинг ишончи ортади? Ушбу ташкилот уларнинг муаммосини ҳал этиб бера олса, уларни тўғри йўлга йўналтира олсагина. Янги ташкилотда бунинг учун барча имкониятлар яратилмоқда. Шу мақсадда, “Камолот”дан фарқли ўлароқ, Ўзбекис­тон ёшлар иттифоқининг раҳбарларига катта мақом ва ваколатлар бериляпти.
Эндиликда ушбу ташкилот билимли, ташаббускор ва ташкилотчи, фидойи ёш раҳбарларнинг кадрлар захирасини яратиб беради. Президентимиз таъкид­лаганидек, “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жа­мият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши, замонавий тилда айтадиган бўлсак, ёшлар учун “социал лифт” вазифасини бажариши керак”.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи энди ёшларнинг яна бир муҳим ҳаётий эҳтиёжи – уй-жойлар билан шуғулланадики, бу ҳам унинг нуфузини оширади, жамиятда адолатни ўрнатишда муҳим қадам бўлади. Қишлоқ ҳудудларида яшаётган, турар-жойга муҳтож ёш оилаларни имтиёзли кредитлар асосида арзон уй-жой билан таъминлаш бўйича ваколатни энди Ўзбекистон ёшлар иттифоқига бериш масаласи кўриб чиқилиши фикримизнинг ёрқин далилидир.
Ёшлар учун ҳаётда тўғри йўлни топиш, ўз  орзуларига эришиш учун, ўз ўрнини топиши, қисқа қилиб айтганда, ишли бўлиши лозим. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи айни шу масалада фаол шуғулланиши учун, ёшларнинг манфаатларини тўлақонли рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар, имтиёзлар яратилмоқдаки, булар ёшларнинг ишончини қозонишда муҳим омил бўлади.
Маънавият, маърифат, ҳаёт сабоқлари. Катта ҳаёт бўсағасида турган, турмушнинг аччиқ-чучугини энди тота бошлаган ёшлар учун нақадар керак. Айниқса, оқни қорадан ажратиш, ўз фикрини айтиш, тўғри йўлни танлаб олиши учун уларга нималар зарур? Албатта, китоб, матбуот, телевидение, кино, интернет каби воситалар. Аммо уларни танлай билиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, тоза ахборот манбаисиз кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Президентимиз айтганидек, “Нега деганда, биз фарзандларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида эмас, балки қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига бепарво қараб туролмаймиз”.
Биз болажон халқмиз. Ўзидан-да боласини яхши кўрган, болам соғ бўлсин, болам яхши кунларни кўрсин, деган миллатмиз. Эртасини ўйлаган эл боласининг тарбиясида мус­таҳкам бўлади. Президентимизнинг нутқида айни шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилдики, бу ҳам барчамизнинг кўнглимиздаги гап бўлди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “бугунги кунда юртимизда тобора кенг тарқалиб бораётган “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъват фақат қуруқ шиор бўлиб қолмасдан, ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бориши, амалий ҳаракатга айланиши зарур”, деган сўзлари бугунги дунёдаги мураккаб вазиятлар даврида ниҳоятда аҳамиятлидир.
Бу жиҳатдан ҳам Ўзбекистон ёшлар иттифоқи олдига муҳим вазифалар қўйилмоқда. Яъни тенгдош­лар назорати юзага келмоқдаки, бу энг тўғри ва оқил ечимдир. Тўғри-да, ёшларнинг муаммосини, уларнинг ўй-фикрларини, кимнинг қандай йўлда эканлигини уларнинг тенгдош­ларидан кўра ким яхшироқ билади. Айниқса, тўғри йўлдан адашган ёки қоқилган ёшларни ўз тенгдош­лари эзгу йўлларга даъват этишини бошқалари билан солиштириб бўлмайди. Шу маънода, янги ташкилот олдида ана шундай муҳим ва масъулиятли вазифа ҳам турибдики, буларнинг барчаси Ватанимизнинг буюк келажагини қуриш йўлида ёшларнинг ҳиссаси нақадар улуғ бўлишини намоён этади.

 

Ёшлар тадбиркорлик кластерлари – тараққиётнинг муҳим ҳалқаси

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқида ёшларни иш билан таъминлашда тадбиркорликни кенг ривожлантириш, бу борада янги имкониятлар яратиш ҳақида сўз юритиб, Ёшлар тадбиркорлик кластерларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Хусусан, Иқтисодиёт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига ҳар бир туман (шаҳар) марказида Ёшлар тадбиркорлик кластерларини ташкил этиш вазифаси топширилди.
Давлатимиз раҳбарининг айни шу йўналишдан кўзлаган мақсади қандай? Клас­терлар билан биз иқтисодиётнинг қанчалик тараққий этишига эришамиз?
Келинг, аввало, ушбу сўз моҳияти ҳақида фикр юритсак. “Кластер” атамаси французча сўз бўлиб, ўзбекчада “панжа”, “бош”, “боғлам”, “гуруҳ”, “занжир”, “тўпланиш” маъноларини беради. Мамлакатимиз раҳбари томонидан танқид остига олиниб, иқтисодий йўналишнинг анъана­вий усуллари самараси етарлича эмас, деб баҳоланаётган ҳозирги даврда, инновацион технологиялар асосида бизнесни ташкил этишда “Кластер” назариясини амалиётга татбиқ этиш энг мақбул йўл, дея эътироф этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари хом­ашёни сотиб эмас, хомашёни тайёр маҳсулотга айлантириб, моддий манфаатдор бўлиш зарурлиги ҳақида кўп бора гапириб, бунга эришишнинг йўлларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқдалар. Зотан, бу йўл билан юртимиз ва унинг меҳнат аҳли ҳозиргидан кўра ўн мартагача кўпроқ моддий бойликка эга бўлади.
Бу борада таълим ва ишлаб чиқариш интеграция­лашувини чуқурлаштиришнинг аҳамияти, янги технологияларни жорий этишнинг ўта муҳимлиги ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.
Президентимиз Бухоро вилоятига қилган ташрифи давомида Бухоро шаҳрида ишга туширишга мўлжалланаётган  “Бухоро коттон текстиль” қўшма корхонаси ва кластер лойиҳаси билан танишиб,  бу борада ўзининг қимматли маслаҳатларини берган эди. Ушбу лойи­ҳа,  яъни қўшма корхона ўз мо­ҳиятига кўра, юқоридаги жараённи ўз ичига олгани билан аҳамиятлидир. Яъни бу ерда инвесторлар – “Paraglide Ltd” (Буюк Британия) ва “Компания Петромаруз” (Россия) компаниялари мазкур лойиҳа доирасида пахта етиштиришдан то тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи қамраб оладиган пахта-тўқимачилик кластери ташкил этиш юзасидан амалий тадбирларга киришишган. Шунингдек, бугунги кунда Бухоро вилоятида пиллачилик соҳасида ҳам шундай лойиҳа амалга оширилмоқда. “Бухоро бриллиант силк” қўшма корхонаси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳозирда муваффақият қозонишига ишонч катта. Энг муҳими, кластер – “қалдирғоч лойиҳа” қанот ёзмоқда. Эндиликда Сирдарё вилоятида ҳам кластер лойи­ҳаси асосида янги корхона ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда.
– Кластер –  яъни, ягона технологик занжирга бирлаштирилган корхоналар мажмуи илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интег­рациясини чуқурлаштириш, янги технологияларни амалиётга жадал жорий этиш заруриятини юзага келтиради ва бунинг имконини беради, – дейди академик, биология фанлари доктори, профессор Бакриддин Зарипов. – Клас­терни яратиш олим ва  иқтисодчилар, қишлоқ хўжалиги ҳамда саноат ходимлари салоҳияти, илғор тажрибасини ягона мақсад йўлида бирлаштиради. Яъни кластерни “ягона занжирда айланадиган тараққиёт” деб таърифлаш мумкин.
Ёшлар тадбиркорлик клас­терларининг йўлга қўйилиши эса иқтисодиётимизга янги нафас олиб киришига, дунёнинг илғор тажрибалари ёшлар томонидан мукаммал ўрганилиб, амалиётга татбиқ этилиши, энг муҳими, тараққиётимизнинг янги босқичида ёшларнинг ўрни ошишига хизмат қилади.
Хомашёни етиштиришдан то уни тайёр маҳсулотлар шаклида бозорга чиқаришгача бўлган занжирни ўзида жам этган кластерлар минглаб ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг орзу ниятларини рўёбга чиқариш имконини беради.
– Энг муҳими, ёшларга тадбиркорлик кластерлари учун кенг имтиёзлар берилмоқда, – дейди Тошкент давлат аграр университети магистранти Бобур Сангиров. – Яъни клас­терлар фаолиятини йўлга қўйиш учун электр энергияси, табиий газ, сув ва транспорт коммуникацияси, алоқа воситалари ва Интернетга уланиш имконияти мавжуд бўлган ҳудудларда фойдаланилмай ётган давлат объектлари ёш тадбиркорларга “ноль” қиймати билан ижарага берилади.
Ҳамма ҳудудларда ташкил этилаётган иқтисодий зоналарда, шаҳарларда эса кичик саноат зоналарида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг аъзоси бўлган ёш тадбиркорлардан ижара ҳақи олинмайдиган тартиб жорий этилади.
Бундан ташқари, ўз бизнесини бошлаётган ёш тадбиркорларга имтиёзли нархларда юридик, техник ва бошқа маслаҳат ёрдамларини кўрсатиш йўлга қўйилади.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда кенг кўламдаги ўзгаришлар амалга оширилаётганининг ёрқин далилидир. Энг муҳими, ушбу ислоҳотлар жаҳон стандартлари даражасидаги инновация билан бойитилмоқда. Уларда ёшларнинг иштироки эса бошланган ишларнинг изчил давом этишидан далолатдир.

 

Пўлат ўтда тобланади

Ҳа, шундай! Ҳаётнинг ўзи бизни тарбиялайди, пишитади, тўғри йўлни кўрсатади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқида “Иқтидорли, тарбияли болалар билан ишлаш осон, лекин ҳаётда қоқилган ёки ёмон муҳитга тушиб қолган ёшларни тўғри йўлга, эзгу мақсадга даъват қилиш, ишонтириш қийин. Янги ташкилот мана шу оғир, лекин ўта зарур вазифани ўз зиммасига олиши айни муддао бўлур эди” деган фикрлари замирида ана шундай улуғ ҳикмат мужассам.

Ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида ёзади: “Йигитлик умр гулшанининг баҳоридур ва ҳаёт шабистонининг наҳори”. Дарҳақиқат, умрнинг қандай ўтмоқлиги, ҳаёт йўлини белгилаб олиш айни ёшлик палласида кечади. Бу даврда тўғри йўлдан адашган инсоннинг умр йўллари ҳам чалкашиб кетади. Озгина фикрга, дўст меҳрига муҳтож бўлиб турган кишига ўз тенгдоши йўл кўрсатса, йўли равон бўлиб кетади.
Ҳаммамиз яхши биламиз, бугун дунё­да мафкура асосий қуролга айланмоқда. Юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан асраш масаласи барчамиз учун энг асосий вазифа бўлиб турибди. Бу жараёнда ёшларнинг ўзлари тенгдошларини маърифатга чорлаши, огоҳликни оширишлари нақадар тўғри йўл эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз.
Яъниким, хулосани яна Ҳазрат Навоийдан оламиз: Хирадмандга эл хатосидин панд етар ва савоб йўқлиға азм этар, андин бурунким, андин хатосидин панд олғайлар ва айбин анинг юзиға солғайлар.
Давлатимиз томонидан ёшларга кенг имкониятлар берилаётгани эса айни муддоадир. Хусусан, ёшлар ўртасида китобхонлик савиясини ошириш мақсадида Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳар йили “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила” каби йўналишларда танловлар ўтказилиши, юртимизда ёшларга ҳарбий таълим-тарбия берадиган курсантлар мактабларига “Темурбеклар мактаби” деб ном берилиши, турли соҳа ва тармоқларда катта натижаларга эришиб келаётган йигитлар учун “Мард ўғлонлар” деган ном билан Давлат мукофоти, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда, ўқишда, меҳнатда, жамоат ишларида ҳар томонлама фаол бўлган йигит-қизларимизни тақдирлаш мақсадида “Келажак бунёдкори” медалининг таъсис этилиши ёшларнинг меҳнатлари ва ғайрату шижоатлари учун муносиб рағбат бўлади.
Энг муҳими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун – 30 июнь санасининг мамлакатимизда Ёшлар куни деб эълон қилиниши ёш авлод учун кўрсатилаётган эътиборнинг нақадар ёрқин эканлигини кўрсатади.
Бугун ёшларимиз ҳам ана шу эътиборга муносиб жавоб бериш мақсадида шижоат кўрсатишмоқда. Умр гулшанининг баҳорида оламни сарафроз этиш, эзгулик улашиш мақсадида яшамоқда.
Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг “Тузуклар”ида шундай сатрлар битилган: “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир. Чунки тажрибали бир киши минг кишига бош бўлади”. Улуғ аждодимизнинг бу боқий ҳикмати бугун ёшларимизнинг фаолият тамойилига айланиб бормоқда.

Ўзбекистонимизнинг ёруғ ва фаровон истиқболини бунёд этишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олишга қодир, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган ёшларимиз майдонга дадил чиқмоқда. Уларни эса мамлакатимизда кенг тарқалиб, барчанинг қалбидан жой олиб бораётган “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган шиор бирлаштириб туради.

Анвар ҚУЛМУРОДОВ