ДЎСТЛИК ВА ИШБИЛАРМОНЛИК РУҲИДА

jiz

Жиззах вилояти

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга расмий ташрифидан сўнг икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар янги босқичга кўтарилди. 12-13 июнь кунлари Қозоғистон Республикасининг Жамбил вилояти ҳокимияти, бошқарув идоралари вакиллари ва ишбилармонлардан иборат делегация Жиззах вилоятига ташриф буюрди.

Уларни Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов ва вилоят фаоллари қарши олишди. Жамбил вилояти ҳокими Карим Кокрекбаев бошчилигидаги делегация дастлаб вилоят марказидаги Жиззах олимпия захиралари коллежида бўлишди.
Шундан сўнг меҳмонлар Жиззах шаҳридаги тадбиркорликка кўмаклашиш марказида ишбилармонларга хизмат кўрсатиш, маслаҳат бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишди.
– Гўшт етиштиришга ихтисослашган чорвачилик хўжалиги раҳбари сифатида Ўзбекистонда тадбиркорларга яратилган имкониятларни қизиқиш билан ўргандим, – дей­ди делегация аъзоси Мақсад Несенбоев. – Жиззахда 25 йил олдин бўлганман. Мустақилликдан сўнг шаҳар кескин ўзгарибди, кенгайибди, кўркамлашибди.
Ташриф доирасида меҳмонлар Жиззах политехника инс­титутининг илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини акс эттирувчи кўргазмани томоша қилдилар. Ўқув ва лаборатория хоналари, талабалар томонидан тайёрланган илмий ишланмалар, конструкторлик лойиҳаларини кўздан кечиришди.
Меҳмонлар Жиззах шаҳридаги Хотира хиёбонига ҳам ташриф буюрди. Улар томонидан Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди. Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари бир муддат хотирланди. Шу ерда меҳмонлар вилоятда яшаётган қозоқ диаспораси вакиллари билан учрашди. Концерт дастури уюштирилиб, ўзбекча ва қозоқча ўланлар, айтимлар ҳамда достонлардан парчалар янгради. Ташриф ҳудуддаги “Дўстлик уйи”да давом этди. Вилоятдаги миллий-маданий марказлар фаолияти учун яратилган шароитлар эътироф этилди.
Меҳмонлар вилоятнинг етакчи енгил саноат корхонаси “Жиззахпластекс”да бўлиб, фойдаланилаётган технология­лар, тайёрланаётган маҳсулотлар ҳамда ишлаб чиқариш жараёнини кузатишди. Делегация учун кейинги манзил Шароф Рашидов туманининг “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги икки қаватли уйлар ҳамда икки сотих майдонга эга турар-жойлар бўлди. Давлатимиз раҳбарининг “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича барпо этилган ушбу бинолар меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди.
Меҳмонлар “Жиззах” эркин иқтисодий зонасидаги бир қатор корхоналарга ҳам ташриф буюрди. Жумладан, улар енгил ва юк автомашиналари, микроавтобуслар ҳамда қиш­лоқ хўжалиги техникалари учун йилига 1 миллион дона аккумулятор ишлаб чиқариш имконига эга Жиззах аккумулятор заводида кечаётган технологик жараёнлар билан таништирилди. Делегация учун “Roison home good white” қўшма корхонасида саноат ярмаркаси уюштирилди. “Ecoclimat”, “Жиззахпластекс”, “Сангзорпарранда” каби қатор корхоналарда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар меҳмонларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди.
– 2016 йилда Ўзбекистон ҳудудлари ва Жамбил вилояти ўртасидаги товар айланмаси миқдори 34 миллион АҚШ долларини ташкил этган, – дейди Жамбил вилояти ҳокими Карим Кокрекбаев. –  Бу рақамни 2015 йил билан қиёсласак, 28 фоиз ўсиш кузатилганлигини сезамиз. Вилоя­тимиздан юртингизга сабзавотлар, буғдой, маккажўхори, кунгабоқар ёғи, фосфат, кальций, натрий, трифосфат каби маҳсулотлар экспорт қилинган. Ўзбекистондан эса ҳўл ва қуруқ мевалар, қандолатчилик маҳсулотлари, минерал сув, трикотаж ва бошқа матолар, травертин каби қурилиш маҳсулотлари олганмиз. Ҳамкорлигимиз кучайиб бораётгани икки давлат ўртасидаги товар айланмасининг янада ортишидан дарак. Айни вақтдаги сафаримиз жиззахлик ишлаб чиқарувчилар билан янги алоқалар ўрнатилишига омил бўлади.
Ташриф давомида томонлар ўртасида таълим, соғлиқни сақлаш, савдо соҳаларида бир қатор меморандумлар, шунингдек, ўзбек ва қозоқ корхоналари ўртасида ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб бериш бўйи­ча экспорт шартномалари, битимлар имзоланди. Лўнда қилиб айтганда, учрашувларда дўстлик ва ишбилармонлик руҳи ҳукмрон бўлди. Қозоғистонликларнинг юртимизга ташрифи кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат билан ниҳояланди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.