Зомин адирларини яшнатаётган лойиҳалар

zomin

Жиззах вилояти

Жиззах вилоятининг Зомин ҳамда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманларида “Ўзбекистоннинг тоғли, ярим чўл ва чўл ландшафтларида суғорилмайдиган қурғоқчил ерларнинг рақобатли эксплуатация қилиниши натижасида табиий ресурслардан фойдаланиш босимини камайтириш” лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ушбу лойиҳа БМТнинг Тараққиёт дастури, Глобал экологик жамғарма ва Ўзбекистон Республикаси “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳамкорлиги маҳсулидир.

Унда кўкаламзорлаштириш, ер таназзулининг олдини олиш, ресурстежамкор технологияларни жорий этиш, ер ости ва усти бойликларидан самарали фойдаланиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳимоялаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим сифатини оширишга ҳисса қўшиш каби йўналишларда иш олиб борилмоқда.

“Тутак Карим даласи”да трейлер
Яқинда лойиҳа доирасида Зомин туманидаги “Тутак Карим даласи” чорвачилик фермер хўжалигига трейлер топширилди. Кўчма уйни топшириш маросими “Пшағор” қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди. Фермерлар ва фуқаролар йиғинлари фаоллари иштирокидаги тадбирда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида кечаётган ислоҳотлар, илғор агротехнологияларни қўллаш ҳамда тоғли, ярим чўл ва қурғоқчил ерлардан фойдаланишда табиат муҳофазасини таъминлаш, биотизимни асраш масалаларига тўхталиб ўтилди. Мазкур жараёнда халқаро ташкилотларнинг иштироки тўғрисида ҳам маълумот берилди.
– Хўжалигимиз ихтиёрида 160 та қўй ва 15 бош йирик шохли мол бор, –  дейди фермер Абдулла Жўраев. – 74 гектар майдонда лалми ғалла етиштиряпмиз. 200 гектарлик яйловнинг 30 гектарига бу йил баҳорда чогон, изен, терезкен каби 6 хил озуқабоп экинлар ҳамда минг туп саксовул экдик. Улар мазкур қўшма лойиҳа асосида молиялаштирилди. Бугун эса кўчма уйга эга бўлдик. Беғараз ажратилган мазкур трейлер қатор қулайликларни яратди.
– Ушбу трейлер ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда, – дейди енгил автомобиллар учун тиркамалар тайёрлашга ихтисослашган “Asia trailer” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мурод Бекмуратов. – 150 ватт электр ишлаб чиқарувчи қуёш батареялари билан таъминланган ушбу кўчма уйни енгил машинада тортиб юриш мумкин. Оғирлиги бир ярим тонна, бўйи 3,5, эни 2,2, баландлиги 2 метр бўлган мазкур кўчма уйда 3 киши яшай олади. Музлаткич, 50 литрли пропан газ баллони, ичимлик суви ҳамда ички ва ташқи ёритиш тизимларига эга. Ташқи чироқлари 50 метр масофани бемалол ёритади. Телевизор ўрнатиш, электр ускуналарини қувватлантириш имкониятлари мавжуд. Буюртмага кўра, муқобил энергия манбаи бўлмиш қуёш панеллари ҳажмини икки баробар оширишимиз мумкин. Нархи 60 миллион сўм турадиган кўчма уйимиздан чорвадорлар, деҳқонлар, овчилар, асаларичилар, балиқчилар фойдаланишлари мумкин.
15 турдаги тиркамалар ишлаб чиқариладиган  “Asia trailer” жамоаси кўчма уйни “Askar” деб номлашган. Айтганча, лойиҳа доирасида худди шундай “Askar”лардан бири  Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги чорвачилик фермер хўжалигига топширилган. Кўчма уйнинг қуёш батареяси ва газ баллони билан таъминланганлиги турли дарахт ва буталарнинг ўтин сифатида қирқилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Табиатга ҳам, бизга ҳам
“Ширин” сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудидаги “Рустамнома” чорвачилик фермер хўжалигида эса лойиҳа доирасида 2015 йилда 7 гектар майдонга изен, терескен, чогон, черкез, қандим, коврак каби озиқабоп экинлар ҳамда 7 мингта саксовул экилган. – Бу жойдан хашак олиш билан бирга ўт-ўларнинг уруғини сотишдан ҳам фойда кўрмоқчимиз – дейди фермер Рустам Абдусатторов.– Чунки туманимизда чорва сони ортиб бор­япти. Бу эса яйловларда айрим ўт турларининг йўқолиб кетишига сабаб бўлаётир. Шу маънода, бугун ҳар бир фермер яйловларни сақлаш чорасини кўриши керак. Қолаверса, яшил қатламлар ер эрозиясининг олдини олади, намни ушлайди. Бу эса бошқа экинларнинг ҳам унишига шароит яратади. Биз яратган яшил қатламларда фақат қишда чорвани ўтлата олмайсиз. Очиқ жойларда эса 25 июлга бориб яйлов яйдоқлашиб қолаётир.
“Ширин” сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудидаги “Ҳулкар пистаси” фермер хўжалиги раҳбари Низомиддин Аҳматов эса қир бағрида минг туп ҳосилдор олхўри етиштирмоқда. Лойиҳа доирасида ажратилган 55 миллион сўмга томчилатиб суғориш тизими, “Рedrollо” русумли сув чиқариш ускунаси ҳамда кўчатлар олиниб, эни 12, бўйи 18, чуқурлиги 8 метрлик бетон ҳавза юзага келтирилди.
– Фойдаланаётган технологиямиз самараси юқори, – дейди хўжалик иш бошқарувчиси Абдуманноп Карабошев. – 2,1 гектарли майдонимизни сувни тежаган ҳолда 4 соатда тўла суғориш имконига эгамиз. 2018 йилга келиб олхўриларимиз ялпи ҳосилга киради. Битта дарахтдан 50 килограммдан мева олишни мўлжаллаяпмиз, демак бир йилда 50 тонна мураббобоп олхўри узиш имконига эгамиз. Бу камида 100 миллион сўм даромад дегани. Қизиғи, боғимиз  ҳосилга кирмасдан туриб, сирдарёлик тадбиркорлар келишди ва харид шартномаси тузишди. Кўраётган бўлсангиз, қир бағри кўм-кўк. Экин ўсиши турли жонивор ва ҳашаротларнинг бу ерни макон тутишига сабаб бўлди. Қушлар ҳам шу ердан қўним топяпти. Сим панжаралар бўйлаб 180 туп наматак экмоқчимиз. Ҳудудимизда бир нечта фармацевтика корхонаси бор. Наматакнинг шифобахш мевасига улар харидор. Шунингдек, бу ерда 100 та курка боқмоқчиман. Боғ ичидаги ўт-ўланлар парранда учун озиқа вазифасини ўтайди. Суғориш ҳавзасига 500 та зоғорабалиқ ташлаганмиз. Эътиборлиси, 10 дан ошиқ ҳамқишлоқларимиз биздан ўрнак олишди. Бўш жойлар атрофини ўраб, мевали дарахтлар ва терак етиштиришга киришдилар.

Эзгу ташаббус қанот ёзмоқда
Лойиҳа доирасида туманда кичик фармацевтика корхонаси фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Зомин ўрмон хўжалиги қошида ташкил этилган ушбу муассаса доривор гиёҳларни қуритиш, майдалаш ва қадоқлашга ихтисослашган. Айни вақтда корхонада далачой, дўлана, кийик ўти, зирани қадоқлаш йўлга қўйилган. Бу йил 30 миллион сўмлик дориворлар ишлаб чиқаришни режалаштирган мазкур жамоа вакиллари маҳсулот  турини яна иккитага оширишни мўлжалалашяпти.
– Ресурстежамкор технологияларни ҳаётга татбиқ этишдан кўзлаган мақсадимиз одамларни даромад олиш билан бирга табиатни ҳимоя қилишга ундаш, илғор таж­рибаларни оммалаштиришдир, – дейди лойиҳанинг илмий техник координатори Умид Назарқулов. – Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Ғаллаорол тажриба участкаси ҳамда Зомин тумани қишлоқ хўжалиги ва маиший хизмат кўрсатиш коллежи билан ҳамкорликда лалми деҳқончиликда инновацион ва ресурстежамкор технологияларни жорий қилиш бўйича марказ ташкил этилди. Марказга ҳайдовсиз экиш сеялкаси, плуг, ўғит ва сус­пензия сепиш ускуналари харид қилинди. Бугунгача 3 та қўлланма тайёрладик, яна 3 таси устида иш олиб бораяпмиз. Давра суҳбатлари уюштирилмоқда, экология мавзуида ҳужжатли фильм ишланди. Зомин давлат ўрмон хўжалигида 1 гектарлик 5 турдаги чўл озиқа экинлари етиштиришга ихтисос­лашган уруғчилик участкаси ташкил этилди.
Лойиҳа Зомин давлат ўрмон хўжалиги билан ҳамкорлик ўрнатган. Жумладан, ўрмон хўжалиги ҳудудида 5 минг туп ёнғоқ, бодом, чилонжийда, 20 минг туп писта, 15 минг дона саксовул ҳамда 40 минг туп турк тераги экилишига бош-қош бўлинди. Шу ўринда, ёғочи мустаҳкам турк тераги етиштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаш жоиз. Эрта баҳорда 45 сантиметрлик қаламчадан экиладиган турк тераги йилига 4 метр ўсади. Ушбу дарахт тик ривожланади, ёнидан қарийб шохламайди, қаттиқлигидан унча-мунча зараркунандалар дахл қилмайди. Ўрмон хўжалиги жамоаси терак қаламчаларини аҳолига етказиб беришни асосий вазифаларидан бирига айлантирган.
Қисқаси, “Ўзбекистоннинг тоғли, ярим чўл ва чўл ландшафтларида суғорилмайдиган қурғоқчил ерларнинг рақобатли эксплуатация қилиниши натижасида табиий ресурслардан фойдаланиш босимини камайтириш” лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Зомин туманида ана шундай тадбирлар амалга оширилмоқда.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.